17:49 / 05.05.2023
16839

Ғофур Раҳимовнинг турмуш ўртоғини чув туширганликда айбланаётган ака-ука узоқ муддатга қамалди

Ўзганинг жуда кўп миқдордаги мулкини фирибгарлик йўли билан ўзлаштирганликда айбланаётган судланувчилар суд ҳукмидан норози. Иш апелляция инстанциясида кўрилмоқда.

Фото: KUN.UZ

Жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман судида Ғофур Раҳимовнинг турмуш ўртоғи Лола Раҳимова билан боғлиқ иш кўриб чиқилди: Тошкент шаҳрида яшовчи 43 ёшли Сардор Миралиев акаси Ойбек Миралиев ва бошқалар билан жиноий тил бириктириб, ўзганинг кўп миқдордаги мол-мулкини қўлга киритиш, ҳужжатларни қалбакилаштириш каби жиноятларни содир қилганликда айбланган.

Суд ҳукмида кўринишича, Сардор Миралиев акаси ва бошқалар билан бир гуруҳ бўлиб, Лола Раҳимовани унинг таъсисчилигидаги “Sanoatqurilishindustriya” МЧЖга қарашли, Яккасарой туманида жойлашган бино-иншоотларни танишлари орқали 2,5 млн АҚШ долларига сотиб беришга ишонтирган. Шу тариқа у акаси Ойбек Миралиевнинг ёрдами билан Лола Раҳимованинг Ўзбекистондаги мол-мулкларини бошқариш ва тасарруф қилиш ҳуқуқини берувчи ишончномани қўлга киритган.

Шундан сўнг ака-ука 2018 йилнинг апрель ойида юқоридаги мол-мулкларни 2018 йил охиригача тўлаб бериш шарти билан 2,8 млн АҚШ долларига фуқаро Р.Гафаровга сотиб, олдиндан 200 минг доллар олишган. Аммо Ойбек ва Сардор Миралиевлар 2018 йил октябрь ойига келиб, Р.Гафаров келишилган пулни ўз вақтида тўлаб бермаганлиги важи билан бино ва иншоотларни А.Ходжаевга 2,8 млн долларга сотиб юборади. Биринчи харидордан олинган 200 минг доллар эса эгасига қайтарилмаган.

2,8 млн доллар пул ака-ука томонидан А.Ходжаевдан 2019 йил сентябрь ойигача кредит маблағлари, нақд пул ва кўчмас мулк каби кўринишларда қабул қилиб олинган. Бироқ ушбу маблағ ҳам ҳақиқий эгаси бўлган Лола Раҳимовага берилмасдан, шахсий эҳтиёжларга сарфлаб юборилган.

Бундан ташқари, Сардор Миралиев акаси бошчилигида Швейцария давлатида рўйхатдан ўтган “Frewar Investments LTD” компаниясининг ягона таъсисчиси К.Ғуломовнинг узоқ муддатли озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўтаётганлигидан фойдаланиб, унга тегишли мол-мулкларни ҳам қўлга киритишни мақсад қилган. Хусусан, Миралиевлар томонидан ҳужжатларни сохталаштириш ҳисобига К.Ғуломовга тегишли 5 қаватли кўчмас мулк ўзлаштирилади ҳамда 2,7 млн АҚШ долларига сотиб юборилади. Аммо бу пуллар К.Ғуломовга берилмасдан, шахсий эҳтиёжлар учун ишлатилиб юборилган.

Суд ҳукми билан Сардор Миралиевга 9 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Ойбек Миралиев эса жиноят ишлари бўйича Сирғали туман судининг 2020 йил 9 июлдаги ҳукмига кўра Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айбли деб топилиб, унга 11 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Тошкент шаҳар суди жиноят ишлари бўйича апелляция судлов ҳайъатининг 2021 йил 27 декабрдаги ажримига кўра, суд ҳукми ўзгартирилиб, жазо муддати 11 йил этиб белгиланган.

Ҳукм қонуний кучга киргандан сўнг ака-ука Миралиевлардан солидар тартибда жабрланувчи Лола Раҳимова фойдасига 2,8 млн АҚШ доллари ҳисобидан 31 млрд 836 млн сўм, жабрланувчилар К.Ғуломов ва К.Мирхўжаев фойдасига 2.7 млн АҚШ доллари ҳисобидан 30 млрд 699 млн сўм, жабрланувчи Р.Гафаров фойдасига 200 минг АҚШ доллари ҳисобидан 2 млрд 274 млн сўм миқдордаги моддий зарар ундирилиши белгиланган.

Kun.uz билан боғланган маҳкумларнинг яқинлари суд ҳукми билан қўлланилган жазони адолатсиз, дея ҳисобламоқда. Ҳозирда иш юзасидан апелляция шикояти киритилган.    

Маълумот ўрнида, Лола Раҳимова тадбиркор Ғофур Раҳимовнинг турмуш ўртоғи ҳисобланади. Ғофур Раҳимов 1993 йилдан Осиё ва Европада кўчмас мулк, телекоммуникациялар, нефть ва табиий газ қазиб олиш ва қайта ишлаш, кончилик ва хомашё савдоси билан шуғулланувчи қатор хусусий компанияларга асос солган, ҳозирда уларнинг акционери ҳисобланади. У 2018 йил ноябрда AIBA раҳбари этиб сайланганди. 2019 йилнинг мартида Раҳимов AIBA раҳбарлигидан кетган. 2022 йилнинг апрел ойида эса у Ўзбекистон Бокс федерацияси биринчи вице-президенти этиб сайланган.

Top