18:42 / 05.05.2023
23026

Ўзбекистон президенти муддатидан илгари президент сайловини тайинлаш ваколатига эга бўлди

Янги конституцияга биноан, Ўзбекистон президенти муддатидан илгари президент сайловини тайинлашга ҳақли экани белгиланди. Шунингдек, бош вазир номзодини энг кўп депутатлик ўрнини олган партия эмас, президент тақдим этадиган бўлди. Парламент палаталарига ўзини ўзи тарқатиб юбориш ҳуқуқи берилди.

МСК томонидан Шавкат Мирзиёевга берилган президентлик гувоҳномаси

1 майдан Ўзбекистон конституциясининг янги таҳрири кучга кирди. Унда давлат бошқарувининг олий органларига доир бир қатор ўзгаришлар жой олган.

Хусусан, президентнинг ваколат муддати 5 йилдан 7 йилга узайтирилди. Маълумот учун, бу муддат 2003 йилда ҳам 5 йилдан 7 йилга узайтирилган, 2011 йилда эса қайтиб 7 йилдан 5 йилга туширилган эди.

Шунингдек, президент муддатидан илгари президент сайловини тайинлашга ҳақли экани белгиланди.

Бундан ташқари, бош вазир номзодини энди президент тақдим этади. Давлат раҳбари бош вазир номзодини тақдим этишдан олдин парламентга кирган барча партияларнинг фракциялари билан маслаҳатлашувлар ўтказиши белгиланди. Қонунчилик палатаси президент тақдим этган номзодни кўриб чиқади, агар депутатларнинг ярмидан кўпи маъқулласа, бош вазир лавозимга тасдиқланади. Агар депутатлар номзодни уч марта рад этса, президент бош вазирни тайинлаб, Қонунчилик палатасини тарқатиб юборишга ҳақли.

Аввалги тартибга кўра, бош вазир номзодини Қонунчилик палатасида энг кўп ўринни эгаллаган партия таклиф қилар, президент маъқуллагач, номзод икки палата томонидан тасдиқланиши талаб этиларди.

Бош вазирни тайинлаш ва унга ишончсизлик вотуми билдиришда Сенатнинг иштироки бекор қилинди. Эндиликда бунинг учун депутатлар умумий сонининг учдан икки қисми овоз бериши етарли (аввал ҳар икки палата аъзоларининг учдан икки қисми овоз бериши зарур эди; эслатиб ўтамиз, ишончсизлик вотуми эълон қилинса, президент бош вазирни лавозимидан озод этади).

Бош вазир ва ҳукумат аъзоларининг ҳисоботларини эшитиш ҳам қуйи палатанинг ваколатига ўтказилди.

Қонунчилик палатаси ҳукумат аъзоларини истеъфога чиқариш тўғрисида президентга таклиф киритиш ваколатига эга бўлди.

Қонунчилик палатаси олган асосий ваколатлардан яна бири қонунларга тааллуқлиУнга кўра, эндиликда Сенат қонунни маъқуллаш ёки рад этиш тўғрисида 60 кун ичида қарор қабул қилмаса, Қонунчилик палатаси қонунни президентга юборади.

Қонунларнинг президент томонидан имзоланиши ва эълон қилиниши учун белгиланган муддат 30 кундан 60 кунга узайтирилди. Президент томонидан қайтарилган қонун парламент палаталари томонидан яна қабул қилинган тақдирда, президентнинг бу қонунни имзолаш ва эълон қилиш муддати ўзгаришсиз (14 кун) қолдирилди.

Сенаторлар сони 100 нафардан 65 нафарга туширилади. 14 та ҳудуддан 6 нафардан эмас, 4 нафардан сенатор сайланади, президент томонидан тайинланадиган сенаторлар сони 16 нафардан 9 нафарга қисқаради. Бу ўзгариш 2024 йилда бўладиган парламент сайлови вақтида кучга киради. Қонунчилик палатаси депутатлари сонини (150 нафар) оширмасликка, ўзгаришсиз қолдиришга қарор қилинди.

Янги конституцияга кўра, эндиликда юқори палата маҳаллий кенгашларнинг қонунга зид қарорларини бекор қилиши мумкин.

Ҳужжат билан, Қонунчилик палатаси ва Сенатга ўзини ўзи тарқатиб юбориш ваколати берилди. Бунинг учун палата аъзоларининг камида учдан икки қисмининг овози талаб этилади.

Жиддий воқеалар рўй берганида, икки палата қўшма қарор қабул қилган ҳолда парламент текшируви ўтказиши мумкинлиги белгиланди.

Судлар борасида эса, конституцияга: “Судялар муайян ишлар бўйича ҳисобдор бўлмайди” деб ёзиб қўйилди. Қайд этиш лозим, “Судлар тўғрисида”ги қонунда “ҳисобдор” тушунчаси учрамайди. Судяларнинг ўзлари чиқарган қарорлари бўйича ҳисобдор бўлмаслиги одил судловни таъминлашга қандай таъсир қилиши борасида ҳозирча ҳуқуқий изоҳлар бўлмади.

Эндиликда Конституциявий суд судялари 10 йил муддатга сайланади ва қайта сайланиши мумкин бўлмайди. Аввалги тартибга кўра, бу муддат биринчи марта сайланганида 5 йил, кейингисида 10 йил эди.

Айни бир шахс сурункасига икки мартадан ортиқ битта лавозимни эгаллаши мумкин эмаслиги ҳақидаги қоида, президентдан ташқари, Сенат раиси, Қонунчилик палатаси спикери, Олий суд раиси ва ўринбосари, Судьялар олий кенгашининг раиси ва ўринбосари, Марказий сайлов комиссияси раиси, бош прокурор, ҳокимлар ва кенгашлар раисларига нисбатан ҳам татбиқ этиладиган бўлди.

Шу билан бирга, референдумда қабул қилинган қонуннинг 7-моддаси билан, барча даражадаги давлат мансабдорларининг айни пайтга қадар эгаллаб келган муддатлари ноллаштирилди. Улар лавозимларини эгаллаб келаётганининг сурункали муддатлари сонидан қатъи назар, бошқа фуқаролар билан тенг равишда худди шу лавозимларга сайланиш ва тайинланишга ҳақли, деб белгиланди.

Конституциядаги бошқа муҳим ўзгаришлар билан Kun.uz'нинг батафсил шарҳида танишинг.

Мавзу
Президентлик сайлови-2023
Ўзбекистонда 2023 йил 9 июл куни муддатидан илгари президенти сайлови бўлиб ўтади. Янгиланган Конституцияга кўра, президент ваколат муддати ҳозирги 5 йилдан 7 йилга оширилган.
Барчаси
Top