15:53 / 05.05.2023
5856

Шавкат Мирзиёев Имомали Раҳмон билан телефон орқали мулоқот қилди 

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 5 май куни Тожикистон президенти Имомали Раҳмон билан телефон орқали мулоқот қилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Тожикистон етакчиси давлат раҳбарини Ўзбекистон Конституциясига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича умумхалқ референдуми муваффақиятли ўтказилгани билан табриклади.

Суҳбатда олий даражада эришилган келишувларни амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Ўзбекистон-Тожикистон стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари изчил мустаҳкамланиб, савдо-иқтисодий ҳамкорлик суръати ошиб бораётгани алоҳида қайд этилди.

Ўзбекистон ва Тожикистон президентлари жорий кооперация лойиҳаларини жадаллаштириш ва амалий ҳамкорликнинг янги йўналишларини ишлаб чиқиш учун Ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилиши ва иккинчи Ҳудудлар форуми кун тартибини пухта тайёрлаш муҳим эканини таъкидладилар.

Минтақавий ҳамкорлик, шу жумладан Марказий Осиё давлат раҳбарларининг бешинчи Маслаҳат учрашувига тайёргарлик кўриш масалалари юзасидан фикр алмашилди. Бўлажак тадбирлар режаси ҳам кўриб чиқилди.

Top