Жаҳон | 10:29 / 11.05.2023
11415
2 дақиқада ўқилади

Украина: Қора денгизда Россиянинг 17 та ҳарбий кемаси бор

Россиянинг 17 та ҳарбий кемаси Қора денгизда жанговар навбатчилик қилмоқда. Бу ҳақда Украина ҳарбий-денгиз кучлари хабар берди.

Фото: 5ua

Қайд этилишича, Қора денгиздаги кемалар орасида, жумладан 3 та “Калибр” қанотли ракета ташувчиси ҳам мавжуд. 

Шу билан бирга, Азов денгизида Россия ҳарбий-денгиз кучларининг 2 та кемаси, Ўрта Ер денгизида эса 5 тагача кемаси, шу жумладан, битта "Калибр"ларга эга ракета ташувчи бор, дея қўшимча қилди Украина томони.

Аввалроқ Россия Қора денгиз флоти кемалари Миколайивга ракета зарбалари берганди.

27 апрелга ўтар кечаси Россия қўшинлари Миколайивни ўққа тутди, шаҳарга 4 та "Калибр" ракеталари отилди, деб хабар берди шаҳар раҳбари Александр Сенкевич. Декабрь охиридан бери Миколайивда бундай ҳужумлар бўлмаган, деди у ОАВ эфирида. 

Сенкевичнинг сўзларига кўра, ракеталар турар жой биноларига тушган, зарба берилган жой яқинида ҳарбий объектлар йўқ, ҳозирда шаҳарда ҳам ҳарбийлар деярли қолмаган. 

Украина Фавқулодда вазиятлар давлат хизмати маълумотларига кўра, ракета ҳужуми натижасида бир киши ҳалок бўлган, 23 киши, жумладан бир бола жароҳатланган.

Украина президенти Володимир Зеленский "Калибр" ракеталари Қора денгиздан учирилганини, "юқори аниқликдаги қуроллар хусусий уйлар, тарихий бино ва кўп қаватли бинога қаратилган"ини айтди. 

Мавзуга оид