22:54 / 12.05.2023
21527

ССВ Star Med клиникасининг лицензиясини бекор қилишни сўраб судга мурожаат қилди

Илк суд мажлиси 15 май куни бўлиб ўтади.

Mittivine юмористик лойиҳаси асосчиси Фарҳод Маннопов вафот этган хусусий клиника лицензиясидан маҳрум бўлиши мумкин. Боиси ССВ томонидан айни шу масалада судга даъво аризаси киритилган.

15 май куни Зангиота туманлараро иқтисодий судида мазкур иш юзасидан суд жараёни бошланади. Илк суд мажлиси соат 10:50 да белгиланган.

Kun.uz манбасининг маълум қилишича, Star Med клиникаси фаолиятини ўрганиш мақсадида ССВ томонидан ўтказилган текширувлар якунига етган. Аниқланган ҳолатлар юзасидан вазирлик мутахассислари томонидан ҳужжатлаштирилиб, иш судга оширилган.

Эслатиб ўтамиз, Mittivine юмористик лойиҳаси асосчиси, таниқли блогер Фарҳод Маннопов 2023 йил 5 мартга ўтар кечаси 27 ёшида Star Med клиникасида вафот этганди. Ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 116-моддаси билан иш очилган ҳамда у операция қилинган Star Med клиникаси фаолияти вақтинча тўхтатилганди.

Аввалроқ ССВ Фарҳод Манноповнинг ўлими юзасидан Star Med Center клиникасида ўтказилган текширув натижаларини очиқлаган, беморга тиббий хизмат кўрсатган анестезиолог ва реаниматолог, пластик жарроҳ, лаборант шифокор ҳамда ультратовуш текширувлари шифокорида малакавий тоифа бўлмагани айтилганди.

Таъкидланишича, бемор Фарҳод Манноповга тиббий хизмат кўрсатишда Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги 80-сон қарори билан тасдиқланган ягона Низомда белгилаб берилган бир қатор лицензия талаб ва шартлари бузилган. Хусусан, Фарҳод Маннопов операция қилинган Star Med Center клиникасида беморга анестезиолог ва реаниматолог сифатида хизмат кўрсатган шифокор Ж.Қ.да малакавий тоифа бўлмаган. Анестезиолог ва реаниматолог шифокорнинг малакавий тоифасини тасдиқловчи амалдаги ҳужжат тақдим этилмаган.

Блогерни операция қилган пластик жарроҳ шифокори ҳам етарли тажрибага эга эмас бўлиб чиққан. Унга операция вақтида пластик жарроҳ шифокори сифатида хизмат кўрсатган шифокор Э.А. Андижон давлат медицина институтининг даволаш иши, умумий амалиёт шифокори йўналишини 2019 йил 17 июнда тугатган.

Мазкур мутахассиснинг иш стажи беш йил бўлмаганлиги учун ундан даволаш иши, умумий амалиёт шифокори йўналишида тиббий фаолият юритиши, шунингдек, пластик жарроҳлик бўйича амбулатор шароитда беморларга тиббий хизмат кўрсатиши учун малака тоифасига эга бўлиши талаб этилмаган. Бироқ у бемор Манноповга тиббий хизмат кўрсатиши учун камида биринчи малакавий тоифага эга бўлиши керак бўлган. Лекин “OMAD PLYUS” МЧЖ томонидан пластик жарроҳ шифокори Э.A.да малакавий тоифаси бўлмаган бир вазиятда беморга тиббий хизмат кўрсатишига йўл қўйилган.

Бундан ташқари, бош ва бурун соҳасидан жиддий жароҳат олган блогерга тиббий хизмат кўрсатган лаборант шифокор Ж.Ш. ҳамда ультратовуш текширувлари шифокори Р.С.нинг ўзлари фаолият юритаётган тиббий ихтисосликлар бўйича малакавий тоифаларини тасдиқловчи амалдаги ҳужжатлар текширувда тақдим этилмаган.

Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсуддиновга кўра, Манноповнинг ўлими юзасидан қўзғатилган жиноят иши доирасида тергов давом этмоқда. Ушбу иш бўйича суд жараёни алоҳида ўтказилади.

Top