Жаҳон | 20:15 / 16.05.2023
33327
7 дақиқада ўқилади

Миллионлаб инсонларни қириб юборган бало: СССРдаги даҳшатли очарчилик

Cоветлар доҳийси Иосиф Сталин даврини кўпчилик қатағонлар даври сифатида эслайди. Аммо тарихнинг бу аянчли кезларида яна бир умумфожиа юз берганди. «Голодомор» – 1932-33-йилларда кенг миқёсдаги очарчилик умумий ҳисобда 9 миллионгача бўлган кишининг ёстиғини қуритгани айтилади. Бу Сталин репрессиялари, миллатларнинг қувғин қилиниши ва ГУЛАГларда ҳалок бўлганлар сонидан икки баробар кўпроқ рақамлар эди.

Украина ССР пойтахти Харков кўчаларида ётган очарчилик қурбонлари. 1933 йил / Фото: Украина давлат архиви

Парадокс: буғдой энг кўп етиштириладиган ўлкаларда очарчилик

Бу аянчли жараён Украина, Жанубий Россия, Қозоғистон ва Қирғизистон ҳудудларига энг кўп зарар етказган. Бошқа ҳудудларда ҳам унинг таъсири сезилган. Бундан ташқари, 30-йиллардаги очарчилик СССР тарихидаги энг серталафотли бўлгани учун ҳам кўп эсланади. Шунингдек, 1921-22 йилларда, Иккинчи жаҳон уруши тугагач ҳам, иттифоқдош республикаларда очарчилик рўй берган.

«Голодомор» шуниси билан характерли эдики, у мамлакатнинг энг кўп дон етиштириладиган ўлкаларида содир бўлганди.

Одатда катта очарчиликка иккита асосий сабаб келтирилади: Сталиннинг коллективлаштириш сиёсати ва қурғоқчилик. Бунда болшевикларнинг эпсиз «буғдой сиёсати» асосий айбдор сифатида кўрилади. Қулоқлаштириш натижасида дон етиштирувчи бой деҳқонлар тоифаси деярли йўқ қилинганди.

Тарихчилар орасида очарчилик Сталин томонидан бой ва ўзига тўқ деҳқонларга қарши уюштирилган уруш сифатида ҳам кўрилади. Россиялик тарихчилар Данилов ва Зеленинга кўра, «Сталинни нақадар оқлашга уринмайлик, у голодоморнинг бош айбдори бўлиб қолади, чунки унинг сиёсати остида аҳвол шу даражага келиб қолди...».

Мазкур тарихий фожиадан энг кўп жабрни Украина тортган. Расмий рақамларга кўра, қурбонлар сони 3 млн 917 минг кишидан ошади, РСФСРда бу рақамлар 3 млн 264 минг, Қозоғистонда 1 млн 258 мингдан ошиқ кишини ташкил этади.

Украина: очарчилик ва сиёсат

Очарчиликдан вафот этган украиналик аёлнинг жасади, Полтава вилояти, 1934 йил.
 Фото: Daily Express / Hulton Archive / Getty Images

Украинада «голодомор» украин халқига нисбатан геноцид дея 2006 йилдаёқ тан олинган. Ғарбга мойил кўриладиган Виктор Юшенко даврида ушбу очарчилик масаласи катта сиёсат даражасига чиқади.

Юшенко даврида Украина хавфсизлик хизмати очарчиликка оид 5 мингдан ошиқ ҳужжатларни архивдан чиқарган. Киевда махсус хотира комплекси ва ёдгорлик барпо этилиб, у ер хорижий делегациялар ташриф буюрадиган жойга айланади.

Ҳатто 2008 йилда ўша пайтда Россия президенти бўлган Дмитрий Медведев Юшенкога мурожаатнома эълон қилиб, «голодомор» нафақат Украинада, балки бошқа собиқ иттифоқ республикаларида ҳам жиддий талафотлар келтирганини таъкидлаган. 2010 йилда Украина бошқарувига келган кремлпараст раҳбар Виктор Янукович эса уни СССР халқлари учун умумий фожиа деб атайди.

Очарчилик оқибатида украинлар сони 1931 йилдаги 31 млн кишидан 1937 йилда 26 млн кишигача камайиб кетади.

«Одамлар одамларни ейишга мажбур бўлишган...»

«Голодомор» жуда оғир оқибатларга олиб келади, жумладан каннибализм – одамхўрликка ҳам. Очарчилик гувоҳлари одамлар ўз фарзандлари ёки қўшниларининг болаларини ейишга мажбур бўлгани ҳақида гапириб беришган. Чунки очарчиликдан, дастлаб, организми заиф бўлган болалар жон беришар эди...

Маълумотларга кўра, ўша пайтда 2500дан ошиқ киши каннибализмда айбланиб жавобгарликка тортилади. Украиналик олим Василий Марочкога кўра, мазкур даҳшатли жараён 1933 йилнинг иккинчи ярмида айниқса кучайиб кетган.

«Аҳвол шу даражага борганки, катта фарзанд яшаб қолиши учун кичиги қурбон қилинган... Бошқалар очдан ўлмаслиги учун каннибализмга кўнишган. Бу кўпроқ баҳор ойларида кузатилган», – дея ҳикоя қилади Марочко.

Шунингдек, миллионлаб ит ва мушуклар ҳам «еб юборилади».

Қозоғистон демографиясига қақшатқич зарба

Фото: camonitor.kz

Гарчи қурбонлар сони Украина ва Россиядагидан кам бўлса-да, аҳоли фоизига олганда Қозоғистон кўпроқ жабр кўради. Аҳвол шу даражага борадики, қозоқлар улуши кескин камайиб, рус миллати ҳудудда доминантга айланади. Аҳоли сонида вужудга келган бўшлиқ шимолдан келганлар ва лагерлардаги маҳбуслар, шунингдек, депортация қилинган халқлар ҳисобига қопланади.

Рақамларга юзланамиз: 1926 йилда қозоқлар улуши қарийб 4 млнни ташкил этса, бу 1939 йилда 2,9 млнга тушиб қолади. Шарқий ва шимолий Қозоғистонда қозоқлар 60 фоизгача камайиб кетади. Қозоқ миллати сони 1970 йилдагина (!) очарчиликдан аввалги миқдорга етади.

Фақатгина, XX аср охиридагина қозоқ миллати яна доминант миллатга айланади.

Очарчилик бўлаётган ҳудудларнинг маҳаллий ҳукуматлари Сталинга бир неча марта ғалла тайёрлаш плани миқдорини камайтиришни сўраб, мактуб юборган. Аммо қаҳри қаттиқ ҳукмдор бунга рози бўлган эмас. Жумладан, қозоғистонлик коммунистлар 1931 йилда буғдой тайёрлаш режасини 75 миллион пуддан 50 миллионгача туширишни сўрайди, аммо Сталиндан «мунозара қилмаслик ва ишлаш керак»лиги бўйича жавоб оладилар.

1932 йилда Украина коммунистик партияси раҳбарияти ҳам шундай илтимос билан чиқади. Сталин бунга рози бўлмайди, қайтанга давлат мулкига зарар етказиш ва бошқа ишларга бефарқ қарашни аёвсиз жазолаш бўйича қарор қабул қилинади.

Жумладан, «колхоз мулкини талон-тарож қилиш»да айбланиб, 2110 киши ўлим жазосига ҳукм қилинган.

Ўзбекистон

Очарчилик муаммоси табиийки Ўзбекистонни ҳам четлаб ўтмаган. Собиқ совет давлатининг таниқли арбобларидан бўлган Турор Рисқулов шундай ёзган эди: «Туркистондаги очарчилик чоризм эксплуататорлик фаолияти қолдирган мерос ва маҳаллий хўжалик юритиш шаклларининг қолоқлиги туфайлидир».

Октябрь инқилобига қадар ҳам пахтага кенг ер ажратилиб, ғаллани Россиядан ташиб келтиришга асосланган иқтисод инқилобдан кейин жиддий етишмовчиликка учрайди. Пахтанинг харид нархлари камаяди, ғалланинг баҳоси эса кескин ошиб кетади.

Вазият ўта қалтислиги туфайли 1933 йил мартида Ўзбекистон компарияси бош котиби Акмал Икромов Сталинга телеграмма йўллашга мажбур бўлади. Унда ғалла муаммоси ҳал қилинмас экан, пахта етиштиришга ҳам путур етиши ҳақида гап боради.

Бу даврнинг ўзига хос хусусияти шундаки, ҳудуд аҳолиси шу пайтгача истеъмол қилишга ўрганмаган картошка, помидор каби сабзавотларни ҳам ея бошлайди ва энди улар овқат рационига қатъий кириб боради.

Шу билан аҳвол ўн йиллар давомида ўнгланмайди ва оғир вазият иккинчи жаҳон урушига уланиб кетади. Қатор ҳудудларда очарчилик ҳатто иккинчи жаҳон урушидан кейин ҳам бир неча йил давом этган.

Аброр Зоҳидов

Мавзуга оид