Жамият | 15:57 / 19.05.2023
18523
4 дақиқада ўқилади
Реклама

Қандли диабет ҳақида: ҳақиқий ҳикоялар

Сурункали касалликка чалинган одамнинг ҳаётида кўплаб қийинчиликлар учрайди: доимий интизом, мотивация ва терапияни англаш, ташхисни қабул қилиш ва янги турмуш тарзига мослашиш. Республика эндокринология илмий-амалий марказининг статистик маълумотларига кўра, юртимизда бугунги кунда 350 мингдан ортиқ қандли диабет билан касалланганлар бор.

Фото: AP

Улар орасида материалимиз қаҳрамони, 17 йилдан буён 1-тоифа қандли диабет билан касалланган тошкентлик Александра ўз фикрлари билан ўртоқлашди:

Ташхис ва уни қабул қилиш ҳақида

«Менга дарҳол қандли диабет ташхиси қўйилмаган. 9 ёшда эдим, яхши эслайман, Янги йил байрами эди, мен тез озишни бошладим. Икки ой давомида биз буни ўтиш даврига, тананинг ўсиб бораётганига боғлиқ деб ўйладик. Умуман олганда менда ҳаммаси яхши эди. Туғилган кунимда содир бўлган бир воқеа тўғри ташхис қўйишга ёрдам берди: таклиф қилинган дўстлардан бири қизамиқ билан оғриб қолди ва ҳаммамизни таҳлилий тестларга юборишди, шундай таҳлиллардан бири қонимдаги қанд миқдори литрига 30 миллимолдан ошганини кўрсатди, бу нормадан сезиларли даражада юқори эди. Кейин мени шошилинч равишда касалхонага ётқизишди, текширувлар, рўйхатга олиш ишлари бўлди. Ёшим сабабли, касаллигимнинг оғирлиги даражасини тушунмаганман, энг қийналган одам онам бўлган. Эндигина мен ўз аҳволимни тўлиқ англаб етдим, қандли диабетнинг асоратланиши ҳолатларини ўз кўзим билан кўрдим, ёшлигида диабет асоратларига дуч келган одамларни биламан... Шуни англадимки, тўғри терапия, тўғри назорат билан мен тўлиқ ҳаёт кечира оламан ва режалар тузиб, карьерада ютуқларга эришиб яшай оламан. Мен ўз намунам билан одамларни илҳомлантирмоқчиман ва бошқаларни қўллаб-қувватламоқчиман».

Онглилик ва ўз-ўзини назорат қилиш ҳақида

 «Қандли диабет билан касалланган одам дуч келадиган энг долзарб муаммолардан бири бу касаллик ҳақида тўғри маълумотларга эга ишончли манбаларни, айниқса, ўзбек тилида топишдир. Бу йўл бошида менинг даволовчи шифокорим онам учун дарс ўтган, рус ва ўзбек тилларида ҳеч қандай манба йўқ эди. Бугунги кунда бизда интернет мавжуд ва интернетдаги маслаҳатларга мустақил равишда мурожаат қилиш одатга айланди, аммо диабет билан оғриган тажрибали одам сифатида мен уларнинг аксарияти «янгиларни» ҳайратда қолдирадиган нотўғри маълумот беришини, баъзида ҳатто бемаъни эканлигини тушунаман. Билишимча, мамлакатимизда беморлар ва уларнинг ота-оналари учун қандли диабет ҳақида фойдали маълумотларга эга бўлган ягона ўқув манбаси йўқ. Тажрибаларимиз билан ўртоқлаша оладиган, бир-биримизга ёрдам берадиган ва доимо алоқада бўладиган платформага эга бўлсак яхши бўларди».

Шунингдек, 77 ёшни қаршилаган, 70 йилдан ортиқ вақт давомида қандли диабет билан яшаётган Александр Иванович ўз жасорати ҳақида гапириб берди. Александр Иванович «Қандли диабет билан 50 жасоратли йил учун» Джослин медали соҳиби. Ушбу медаль худди шу номдаги Америка диабетга қарши таълим ва тадқиқот маркази томонидан диабетга қарши курашдаги ютуқларни эътироф этиш учун тақдим этилади.

«Джослин медали менга қандли диабетга қарши курашиш услубларимнинг тўғри эканлигини исботлади: фаол бўлиш, парҳез тутиш, терапияда интизомли бўлиш - бу диабет билан сифатли ҳаётнинг муҳим элементлари. Бугунги кунда беморлар кўп ҳолларда барча масъулиятни шифокорлар зиммасига юклайди, бу менимча, ўта нотўғри. Қандли диабетли ҳаёт - бу аччиқ ҳукм эмас, балки тўғри турмуш тарзи, ҳар бир ҳаракатда онглилик, ўзини назорат қила билиш ва соғлом одатларни танлашдир».

Бизнинг материалимиз қаҳрамонлари ҳар куни ўз касаллигига онгли ёндашувни намойиш этадилар, аммо улар бунга йиллар давомида синов ва хатолар орқали келишган. Айни пайтда Ўзбекистонда академик Ё.Х. Тўрақулов номидаги Республика ихтисослаштирилган Эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази ва Ўзбекистон Миллий Эндокринологлар ассоциацияси томонидан Ново Нордиск компанияси кўмагида қандли диабет виртуал мактабини ташкил этиш лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда.

Novo Nordisk кўмагида нашр этилди.

 

Мавзуга оид