21:20 / 20.05.2023
14313

Таланган мактаблар: 467 та ҳолатда уларга тегишли ҳудудлар ноқонуний олиб қўйилган

Kun.uz сотилиб кетган мактаб ерларини қайтариш бўйича топшириқ ижроси билан қизиқди. Мактаб вазирлиги бу борадаги ўрганишлар натижаларини маълум қилди: мактабларга тегишли 100 гектарга яқин ер ноқонуний олиб қўйилган, 246 та ҳолатда ерларни қайтариш бўйича судларга аризалар киритилган.

Қува туманидаги тадбиркорга сотиб юборилган мактаб стадиони Фото: Kun.uz

Президент администрацияси раҳбари Сардор Умрзоқов ўтган йили 1 ноябрда ўтказган селекторда мактабларнинг сотилиб кетган мулклари ҳақида гапирган эди.

Умрзоқов 198 та ҳолатда мактабларнинг ерлари ё бинолари ёки ҳокимлар томонидан олиб қўйилган, ёки ўзбошимчалик билан эгаллаб олинганини айтганди. Администрация раҳбари ўшанда прокуратурага ерларни қайтариш бўйича судга аризалар киритиш вазифасини топширганди.

“Айниқса Андижон вилоятида 25, Самарқандда 7,6, Қашқадарёда 7 гектардан ортиқ майдон халқ таълими вазири билан келишилмасдан, ҳокимликлар қарори билан ўзгалар тасарруфига ўтиб кетган. Марказларда, кўпчиликка қулай жойда жойлашган ер майдонлари қандай қилиб берилганини билиш учун катта ақл шарт эмас”, – деганди Сардор Умрзоқов.

Орадан ярим йил ўтиб, Kun.uz бу топшириқ ижроси қанақа бўлгани юзасидан Бош прокуратура ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига мурожаат қилди.

Бош прокуратура матбуот хизматидан ҳозирча сўровимиз жавоб бўлмади. Вазирлик матбуот хизматига кўра эса, топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида Ҳисоб палатаси, Бош прокуратура, Кадастр агентлиги ва ўша вақтдаги Халқ таълими вазирлигининг масъуллари томонидан жойига чиққан ҳолда ўрганиш ишлари олиб борилган.

Хатлов натижаларига кўра, 2018-2021 йиллар давомида 467 та ҳолатда умумтаълим муассасаларига тегишли ҳудудлар ноқонуний равишда олиб қўйилгани аниқланган. Шундан 423 та ҳолатда 78,1 гектар ер майдони жисмоний ва юридик шахслар томонидан эгалланган, 44 та ҳолатда 14,8 гектар ер майдони ҳокимлик захирасига олинган.

Маълум қилинишича, республика бўйича 277 та умумтаълим ва мактабдан ташқари таълим муассасаларида 93,6 гектар ер майдони фуқаролар томонидан эгаллаб олинган ёки  маҳаллий ҳокимлик қарорлари асосида олиб қўйилган.

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига кўра, мулкларни мактаблар балансига қайтариш бўйича 246 та ҳолат юзасидан фуқаролик ва маъмурий судларга даво аризалари киритилган ва бугунги кунда суд жараёнлари давом этмоқда.

27 та объект мактаблар балансига тўлиқ қайтарилган. Давлат ташкилотлари жойлашган 67 та (27 та МФЙ бинолари ва 40 та давлат мактабгача таълим муассасалари) объектлардан нол қийматли ижара шартлари асосида фойдаланиш учун ишлар бошланган.

12 та ҳолат бўйича судларга даъво аризалари киритиш учун ҳужжатлар тайёрланмоқда, 3 та ҳолатда ноқонуний ишни аниқлаш учун тергов жараёни кетмоқда.

Ер майдонларини ҳокимлик захирасига бериш учун розилик берган 12 та мактаб директори ва 14 та туман халқ таълими бўлими мудирларига ўрнатилган тартибда интизомий жазо чора қўлланган.

Ҳозирги кунда 110 та ҳолатни бартараф этиш бўйича туман (шаҳар) мактабгача ва мактаб таълими бўлимлари томонидан судларга даъво аризаси киритиш ишлари олиб борилмоқда.

“Аниқланган ноқонуний ҳолатларда мулкларни мактаблар балансига қайтариш ишлари давом эттирилмоқда”, – дейилади Kun.uzʼга берилган маълумотда.

Маълумот учун, 2018 йил сентябрдаги президент қарорига асосан, умумтаълим ва мактабдан ташқари муассасаларнинг ер участкалари ва кўчмас мулкини халқ таълими вазири билан келишмасдан бегоналаштириш тақиқланган.

Эслатиб ўтамиз, собиқ халқ таълими вазири Бахтиёр Саидов республика миқёсида жами 6,4 млн ўқувчи бўлса-да, мактабларда фақат 5,2 млн ўқувчи учун жой борлигини, яна ҳар йили ўртача 200 минг ўрин яратиш зарурлигини айтганди.

Top