Жаҳон | 22:37 / 21.05.2023
26675
2 дақиқада ўқилади

Россия Бахмутда 100 минг одамидан айрилди — Жо Байден

АҚШ президенти бу даражада йўқотишга учраган шахсий таркибнинг ўрнини тўлдириш қийинлигини таъкидлади.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Россия Донецк областининг Бахмут шаҳри учун жангларда 100 мингга яқин ҳарбий йўқотган. Бу ҳақда Япониядаги G7 саммитида АҚШ президенти Жо Байден айтиб ўтди.

Украинанинг бўлажак қарши ҳужумини муҳокама қиларкан, Байден 2022 йил ёзидан буён жанглар кечаётган Бахмут ҳақида эслаб ўтди. Шу кунларда Россия томони шаҳар тўлиқ назорат остига олингани ҳақида эълон қилганди.

«Бахмут атрофида муҳокамалар кетмоқда — шаҳар бой берилганми ёки йўқ. Ҳақиқат шундаки, Россия Бахмутда юз мингга яқин одамидан айрилди. Буни тўлдириш қийин. У босиб олинганми ёки йўқми, бу муҳим эмас, у барибир вайрон қилинган шаҳар», — деган АҚШ президенти. У Украинанинг йўқотишларига тўхталмаган.

Бунгача АҚШ ва НАТО Россия ва Украина томонларининг Бахмутдаги йўқотишлари тўғрисида аниқ маълумот бермаганди. Март ойида CNN’нинг Шимолий Атлантика алянсидаги манбаси Россия қўшинларининг Донецк областининг Бахмут шаҳри учун жанглардаги ҳарбий йўқотишлари Украинаникидан беш баравар юқори эканини айтганди.

  • Украина ҚК бош штабига кўра, РФнинг Украинага кенг кўламли босқини бошидан буён 203 мингдан ортиқ россиялик ҳарбий хизматчилар ҳалок бўлган. РФ мудофаа вазирлиги сўнгги бор Украинадаги йўқотишлар тўғрисида 2022 йил 21 сентябрида расмий маълумот берганди. Ўшанда вазирлик 5937 нафар россиялик ҳарбий ҳалок бўлганини тасдиқлаганди.
  • BBC рус хизмати ва «Медиазона» журналистлари кўнгиллилар билан очиқ маълумотлар асосида аниқлашича, кенг кўламли босқин бошланганидан буён Украинада 22,6 мингдан ортиқ россиялик ҳарбий ҳалок бўлган. Лекин қурбонларнинг ҳақиқий сони бундан бир неча баравар юқори бўлиши мумкин - жамоа фақат расмийлар тан олган ўлим ҳолатларини ҳисоблаган.

Мавзуга оид