Ўзбекистон | 10:02 / 23.05.2023
21026
6 дақиқада ўқилади

«Фарзандингиз бола эканини унутиб қўйманг» — бақирмайдиган оналар ҳақида китоб

“Онам ёпган нонлари оқиб тушса ҳам, нимадир ишлари ўхшамаса ҳам бизга бақириб, уришиб кетардилар. Аммо бизни уришга уриб, онам ўзи туни билан йиғлаб чиқарди. Китобни ўқиганимдан сўнг агар отам рўзғор юкларини онамнинг елкасига ташлаб қўймаганида, ичкиликка берилмаганида, онам бу қадар асабий бўлиб қолмаган бўлармиди, деб ўйлай бошладим”, дейди ўқувчилардан бири.

Эсингизни таниганингиздан то шу ёшга етгунингизча онангиз сизга бирор марта ҳам овозини кўтариб гапирмаганми? Қулоқсизлик қилганингизда таёқ емаганмисиз? Қилган хатоингизни онангиз койимасдан, босиқлик билан тушунтирган лаҳзалар қанчалик хотирангизда қолган?

Ёки ўртоқларингизнинг, қўшни болаларнинг оналари ҳақида қўрқитмасдан, уришмасдан фарзандини катта қилганди, деб айта оласизми?

Хадича Кубро Тонгарнинг “Бақирмайдиган оналар” китоби айни шундай аёллар учун. Муаллиф болаларга “бизники” деб қараш нотўғри эканини тушунтиради, фарзанд тарбияси борасидаги фикрларимизни мутлақо ўзгартиради, хатоларимизга кўзгу тутади.

Китобда фарзандларни нафақат яхши кўриш, балки ҳурмат қилиш, уларнинг алоҳида шахс эканлигини ҳис қилиш, англаш, тан олиш ҳақида гап кетади.

Хадича Кубро Тонгар болалар психологи, оилавий масалалар бўйича маслаҳатчи, уч фарзанднинг онаси. Унинг бу китобидаги воқеалар реал ҳаётдан олинган. Ундан турли тақдирга эга бўлган аёлларнинг ҳикоялари, тажрибалари ўрин олган. Улар орқали муаллиф оналарнинг хато ва камчиликларини ўқувчига кўрсатиб беради:

Қайнонам доим болаларимни эркалатишимни, уларни урмаслигимни айтиб мени койирди. Нимадир хато қилиб қўйишса, жазолашимни талаб қиларди. Қайнонамнинг сўзига кириб, болаларимни урардим. Шундай кунларнинг бирида фарзандимга қўл кўтарар эканман, қайнонамнинг бу ҳаракатларимни кулиб кузатиб турганига кўзим тушди. Ўша лаҳзада вужудим музлаб кетди. Мен нега бир ёшга бориб қолган, ақли жойида бўлмаган аёлнинг сўзларига кириб, фарзандларимнинг руҳиятини шикастлаяпман, деб сўрадим ўзимдан. Ўша лаҳзада болаларимни қайтиб урмасликка, хатоларини босиқлик билан тушунтиришга ўз-ўзимга сўз бердим”, дейилади ҳикоялардан бирида.

Атрофдагиларнинг гап-сўзларига кириб болаларни жазолаш, уларнинг хатосини англатиш учун эмас, балки ўша одамга болаларни уриш қўлимиздан келишини кўрсатиб қўйиш учун қилинган ишдир. Бу орқали фақат фарзандларимизнинг руҳиятини синдиришга эришишимиз мумкин холос.

Бегоналарнинг ичида уялтирадиган иш қилганида ёки гапимизга кирмаганида ҳам болаларимизни жазолаймиз. Бу иш ҳам болага тарбия бериш учун эмас, балки боламиз қилган ҳаракатни оқламаслигимизни атрофдагиларга кўрсатиб қўйиш учун қилинади.

Ўзимизни оқлаш учун қилинадиган бундай ҳаракатларни муаллиф бир неча мисоллар билан етказиб беришга уринади. Улардан бири шундай: “Болангиз билан боғга, айлангани чиқдингиз. Сиз югурмаслигини айтдингиз. Лекин у айтганингизни қилмади ва йиқилди. Атрофда ҳамманинг нигоҳлари сизга қадалганини ҳис қиласиз ва йиқилган фарзандинизни турғизиб, ҳол сўраш ўрнига, мен сенга нима дегандим, деб бақира бошлайсиз...

Бир қарашда асар оналар ва оналик остонасида турган келинлар учундек. Аслида эса, бу асар эркаклар, оталар учун. Муаллиф илгари сурган ғоя ҳам айнан шундан иборат бўлиб, юқорида келтирилган сабаблар, ушбу ғоянинг атрофидаги кичик қисмлар холос.

“Отанинг фарзандга қилиши мумкин бўлган энг катта яхшилиги, унинг онасини бахтли қилишдир”, дейди муаллиф. Бу орқали оилада бахт топган, севилган, тушунилган, ғамларига турмуш ўртоғи елка тутолган аёллар фарзандига зуғум қилмаслиги, улар ҳам боласининг хатоларини қабул қила олиши, тўғри тушунтиришини айтади.

“Китобни ўқирканман, болалигим кўз олдимга келди. Онам ёпган нонлари оқиб тушса ҳам, нимадир ишлари ўхшамаса ҳам бизга бақириб, уришиб кетардилар. Ўзимиз хато қилганда еган калтакларимизни айтмай қўя қолай. Калтак чўплар синиб кетарди.

Аммо бизни уришга уриб, онам ўзи туни билан йиғлаб чиқарди. Китобни ўқиганимдан сўнг агар отам рўзғор юкларини онамнинг елкасига ташлаб қўймаганида, ичкиликка берилмаганида, онам бу қадар асабий бўлиб қолмаган бўлармиди, деб ўйлай бошладим”, дейди китобхонлардан бири.

Кўпинча бизни болалигимиздан қолган руҳий жароҳатларимиз, оилавий муаммоларимиз ёки атрофимиздаги тушунмовчиликлар безовта қилади. Кўнглимиз сокин ва хотиржам бўлмаганлиги учун болаларимиз болалигини қилганида тезда асабийлашиб, жаҳл отига минамиз.

“Мен жаҳлдор инсонман деган сўз баҳона, аслида тўғри таъриф ҳам, соф фитрат ҳам эмас”, дейди муаллиф. Инсоннинг ўзини ўзи ҳимоя қилиш туйғуси бошқа туйғулардан устунроқдир, лекин бу туйғу фақат душманга нисбатан ишлатилади. Ахир фарзандингиз сизнинг душманингиз эмас-ку?!

Хўш, сиз фарзандингизга худди душманингизга қилганингиз каби муомала қилдингиз. Агар бу тўғри бўлса, нега виждонингиз қийналяпти? Нега безовта бўляпсиз? Демак, бу тўғри эмас.

Бундай вазиятда она, авваламбор ўтирсин-да, ўйлаб олсин. Болам қилган иш уни уришим учун арзийдими? Арзимайди, демак мен боламни бунинг учун эмас, бошқа нарса учун жазолаётган эканман-да”.

Ўз қалбини тафтиш қилиб кўрганидан сўнг, аслида жаҳлини чиқараётган бошқа нарсалиги, боласининг хатоси бир баҳона бўлганини англаб етади. Афсуски, барча ҳам ўз қалбини таҳлил қилолмайди. Бу ҳақида ўйлаб ҳам кўрмайдиганлар, фарзандига бақириш оддий ҳолга айланганлар ҳам бор.

“Бақирмайдиган оналар” хотин-қизларга айнан шуни эслатади. Ўз туйғуларини жиловлашга, қалбини таҳлил қилишга чақиради. Эркакларга эса аёлига эътиборли ва шафқатли бўлиш орқали, ўз фарзандининг келажаги учун катта яхшилик қилишини англатади.

Демак, бу китоб ҳар бир оиланинг китоб жавонида бўлиши, ўқилиши ва уқилиши лозим.

Чарос Маннонова

Мавзуга оид