Жаҳон | 17:06 / 24.05.2023
15896
5 дақиқада ўқилади

Пригожин: Биз Украинани бутун дунёга машҳур миллатга айлантирдик

«Вагнер» ХҲК эгаси Путин, Шойгу, Украинага бўлган муносабат ва «элита болалари» ҳақида катта интервью берди.

Фото: AP

«Биз нацистларни қидириб, Украинанинг бутун ҳудудига этиклар билан кириб келдик. Нацистларни қидирар эканмиз, қўлимиздан келганини қилдик», - деди «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси асосчиси ва эгаси Евгений Пригожин кремлпараст сиёсий технолог Константин Долговга берган интервьюсида. Уларнинг суҳбати тўлиқ версияси 23 май, сешанба куни Пригожиннинг Telegram’ида эълон қилинди. Ҳаммаси «денацификация» учун қилинган, «биз Украинани бутун дунёга машҳур миллатга айлантирдик», деди ХҲК асосчиси.

Айни пайтда, 2022 йилнинг 27 февралида, Россиянинг Украинага ҳарбий бостириб киришидан кўп ўтмай, Пригожин ўзининг Telegram-каналида РФ қўшинлари ҳаракатларини юқори баҳолаганди. «Россия Федерацияси Мудофаа вазирлигининг махсус операцияси... - РФ қўшинлари нацистлар ҳалок бўлаётган кескинлик ўчоқларини нуқтама-нуқта йўқ қиладиган ажойиб микрожарроҳлик амалиётидир, тинч аҳоли эса бутунлай хавфсиз ҳолатда қоляпти», деб ёзган эди у. 

Евгений Пригожин жорий интервьюсида «Путинга бўйсунишини» айтди. Шу билан бирга, 9 май куни видео эълон қилинди, унда у камерага қараб: «Бахтли бобо ҳаммасини яхши деб ўйлаяпти... Лекин мамлакат нима қилиши керак, бизнинг болаларимиз, невараларимиз, Россиянинг келажаги нима қилиши керак? Агар тўсатдан, мен шунчаки тахмин қиляпман, бу бобо нотўғри ўйлагани маълум бўлса, урушда қандай ғалаба қозониш керак?» Кейинчалик ХҲК асосчиси «бобо» деганда у қуйидаги вариантлардан бирини назарда тутганини таъкидлади - илгари Россия мудофаа вазирининг моддий-техник таъминот бўйича ўринбосари бўлган генерал-полковник Михаил Мизинцев, Бош штаб бошлиғи Валерий Герасимов ёки ҳатто, Пригожин тушунтирганидек, «ижтимоий тармоқларда снарядлар қутиларини таклиф қилган ҳолда пайдо бўлган» Наталя Химни.

Жорий интервьюда Пригожин Сергей Шойгу ўрнига Мизинцевни Россия мудофаа вазири лавозимига тайинлашни таклиф қилди. Шу билан бирга, Бош штаб бошлиғи Валерий Герасимов, Пригожиннинг сўзларига кўра, аввалроқ «Херсонни бериб юборишни» таклиф қилган Украинадаги кучлар бирлашган гуруҳи собиқ қўмондони Сергей Суровикин билан алмаштирилиши керак.

Бундан ташқари, Пригожин Украина энг кучли армиялардан бирига эга эканлигини айтди. «Уларда юқори даражадаги ташкилотчилик, тайёргарлик, разведка, турли қуроллар бор», — деди у Долгов билан суҳбатда. Белгород вилоятидаги сўнгги жанглар ҳақида гапирар экан, ХҲК асосчиси Россия мудофааси бундай ҳужумларга қарши туришга тайёр эмаслигини тан олди: «Уларнинг эртага Москвага келмаслигига кафолат борми?»

Евгений Пригожин, шунингдек, Россия элитасининг болалари учун «Варфоломей туни» юз бериши мумкинлигини истисно қилмади, чунки улар «ўзига кремлар суртиб, Инстаграмда буни кўрсатишяпти, оддий одамларнинг болалари эса рухдан ясалган тобутларда олиб келиняпти». Бу иккига бўлиниш 1917 йилдагидек инқилоб билан якунланиши мумкин, «аввал аскарлар, кейин эса уларнинг яқинлари қўзғалади», дея қўшимча қилди у.

ХҲК асосчиси Москва оғир урушга тайёргарлик кўриши кераклигини истисно этмади, чунки Украина Қуролли кучлари аннексия қилинган Қримга ҳужум қилади, Қрим кўпригини портлатиб юборишга уринади ва таъминот линияларини узиб қўяди. «Биз ҳозир Россияни бой бериб қўядиган ҳолатдамиз», - дея хулоса қилди у. 

2022 йил ноябрь ойининг охирида «Вагнер» ХҲК эгаси ХҲК логотипи ва «қон» излари бўлган босқон солинган скрипка қутисини намойиш этди. Босқон аслида Украина асирлигида бўлганидан кейин ёлланма аскарлардан бирининг ўлдирилиши акс этган видео пайдо бўлганидан сўнг гуруҳ рамзига айланди. 

2023 йил февраль ойи бошида «Медиазона», Британиянинг BBC медиа-компанияси ва кўнгиллилар жамоаси «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси томонидан ёлланган маҳбуслар орасида катта йўқотишлар ҳақида ёзган эди. Ҳар бир янги ҳисобот эълон қилиниши билан улар орасидаги йўқотишлар деярли икки баравар кўпайиб боряпти. 

Мавзуга оид