Ўзбекистон | 16:17 / 29.05.2023
13338
7 дақиқада ўқилади

Иброҳим Абдураҳмоновдан кейин: Илмий лойиҳалар қўл учида кўриляптими?

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига илмий лойиҳа топширган олимлар Ҳайъат қарорларидан норози бўлмоқда. Биолог олим Эркин Курганов лойиҳалар тақдирини соҳани яхши тушунмайдиган мутахассислар ҳал қилаётгани ва лойиҳаларни кўриб чиқишда аниқ тизим йўқлигидан норози эканини билдирди. 

Фото: KUN.UZ

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг илм-фан ва инновациялар кенгаши турли илмий лойиҳаларни кўриб чиқиб, уларга пул ажратиш ёки рад қилиш учун қарор қабул қилади. 2021 йил октябр ойида биолог олим Эркин Курганов ҳамраҳбарлигида топширилган лойиҳа орадан 1,5 йил ўтиб рад қилинган. Олим Kun.uz’га мурожаат қилиб, вазирлик кенгаши лойиҳаларни кўриб чиқишда сусткашлик қилаётганидан норози эканини билдирди.

Рад қилинган лойиҳа

Эркин Курганов ҳамраҳбарлигидаги лойиҳа “Қандли диабетда ва токсик гепатитда ҳужайра биоэнергетикаси ҳамда ҳажм бошқарилиши бузилишларининг биофизик механизмлари ҳамда уларнинг фармакологик коррекцияси” деб номланади.

Олимнинг тушунтиришича, лойиҳа қандли диабетга қарши, замонавий ва ножўя таъсири кам ёки йўқ бўлган дори воситаларини топиш учун асос бўлиши мумкин.

“Бунинг учун касалликнинг патогенез механизмларини аниқлаш, моддаларни организмдаги ҳужайра ҳажм бошқарилиши ва митохондриядаги ўзгаришларга таъсирини энг аввало молекуляр даражада ўрганиш керак бўлади. Бу ишларни фундаментал тадқиқотлар доирасида амалга ошириш лозим”, — дейди биолог.

Ҳужайра ҳажм бошқарилишини академик Равшан Собиров йўлга қўйган. Таъкидланишича, лойиҳа ҳам ҳужайра ҳажм бошқарилишининг касалликларда роли борми, агар бўлса, кейинчалик шу орқали бу касалликларни даволаса бўладими, деган мақсадда топширилган.

Маълумотларга кўра, қандли диабет билан дунёда 573 миллион, Ўзбекистонда эса 250 мингга яқин одамлар касалланган. Жигар касалликлари (гепатит ҳам шунга киради) билан эса дунёда йилига 355 миллион одам хасталанади.

Лойиҳа нега рад этилди?

Олимларнинг бу лойиҳаси 2021 йил 15 октябрда Инновацион ривожланиш вазирлигига (ҳозир бу вазирлик Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги таркибида агентлик сифатида фаолият юритяпти) топширилган. Илмий техник кенгашда 2022 йил 2 апрелда, Ҳайъатда эса 2023 йилнинг 10 майида кўриб чиқилган. Эркин Курганов жараённинг айнан шу жойидан норозилиги, яъни лойиҳаларни кўриб чиқиш учун аниқ дедлайн йўқлиги, бўлса ҳам унга риоя қилишмаётгани олимлар ишини орқага тортаётганини айтди.

Лойиҳани узоқ вақт кўриб чиқишганига ҳам чидадик, лекин энг ёмони, Ҳайъатгача келган лойиҳани Ҳайъатнинг ўзида ҳимоя қилишга йўл беришмади. Олдин Ҳайъат раиси Иброҳим Абдураҳмоновнинг ўзи эди ва у лойиҳаларнинг жуда яхши фарқига борар ва ичига кирарди. Паст балл олган лойиҳаларни ҳам яхши бўлса, Ҳайъатда ҳимоя қилишга рухсат бериб, исботлай олса молиялаштиришга имкон берарди”, – дейди у.

Лойиҳа ҳамраҳбарининг айтишича, Ҳайъат раиси Шаҳло Турдиқулова лойиҳа номини ўқиб, лойиҳа ҳақида савол бермай, уни рад этган. Бунга лойиҳа раҳбарининг иш жойи ўзгаргани ва лойиҳа амалий бўлган деган важлар кўрсатилган.

2022 йил декабргача Япониядаги Киото технология институтида ассистант профессор бўлиб ишлаганман. Ҳозир Америкада МИТ ва Ҳарвард университети қошидаги Броад деган илмий-текшириш институтида илмий тадқиқотчи бўлиб ишлаяпман. Иш жойим ўзгарганини баҳона қилиб лойиҳани рад этишди. Улар буни фундаментал эмас, амалий лойиҳа деган важ билан ҳам қайтаришяпти. Лекин биологияда бирор касаллик бўлса, унинг механизмини ўрганиш фундаментал лойиҳа ҳисобланади. Агар бирор модда бўлса-ю уни текшириб кўришга тўғри келса, бу амалий лойиҳа бўлади”, – дейди Курганов.

Шу ерда лойиҳа бюджети муаммо бўлмадими, деган савол туғилади. Кургановнинг айтишича, агар бюджет муаммо бўлганда молиявий экспертиза лойиҳани ўтказмаслиги керак эди.

Тақдири номаълум яна бир лойиҳа

Юқоридаги лойиҳадан ташқари микробиолог олим Бахтиёр Расуловнинг лойиҳаси тақдири ҳам номаълумлигича қолмоқда. У 2021 йил октябрда вазирликка “Кумуш кремний нанозарраларини ризобактерия экзополиса харидларида барқарорлаштириш механизмлари тадқиқи ва қишлоқ хўжалиги экинларининг стрессга қарши чидамлилигини оширишда қўллаш” мавзусидаги фундаментал тадқиқот лойиҳасини юборган.

“Лойиҳа аввал институт илмий кенгашида кўриб чиқилган, лекин уни Ҳайъатда кенгаш йиғилишида кўриб чиқиш пайсалга солиняпти”, – дейди Расулов.

Илмий лойиҳалар қандай кўрилиши керак?

Курганов Япониянинг бир нечта институтлари ва АҚШда тадқиқот қилаётган олим сифатида АҚШда илмий лойиҳалар қандай кўриб чиқилиши ҳақида маълумот берди. Илмий лойиҳаларни АҚШдаги тиббиётга оид лойиҳалар учун грант ажратадиган институт фаолияти орқали шундай тушунтиради.

Америкадаги соғлиқни сақлаш соҳасига оид лойиҳалар битта институтга топширилади. Институтнинг илмий тадқиқот маркази лойиҳаларни олади ва йўналишига мослаб ҳар хил институтларга тақризга юборади ва шу билан бирга ўзининг ҳам тақриз гуруҳи бор. Яъни лойиҳа 2 жойда кўриб чиқилади. Кейин гуруҳлар лойиҳалар аҳамиятини баҳолайди. Шундан кейин лойиҳалар айнан ўша соҳага ихтисослашган мутахассислардан тузилган маслаҳат кенгашига топширилади. Баҳолаш ва кенгаш орасидаги вақт 2-3 ой деб белгиланган. Маслаҳат кенгаши буни обдан кўриб чиқади ва уни молиялаштириш учун ўзидан юқори ўша институт директорига тавсия қилади. Маслаҳат кенгаши мутахассислари лойиҳани институт директори олдида ҳимоя қилади. Нега айнан шу лойиҳани молиялаштириш кераклигини асослаб бериши керак? Дейлик лойиҳа майда топширилган бўлса, ўша йилнинг охирига бориб, лойиҳа эгалари молиялаштириш маблағларини олишади”, – дейди у.

Эркин Курганов бу жараённи Ўзбекистон билан таққослайди. Унинг айтишича, тадқиқотчи ғоясини вазирликка топширади ёки вазирликнинг ўзи мавзулар рўйхатини эълон қилади. Вазирлик лойиҳани олгандан кейин 2 ёки 3 нафар тақризчига юборади. Тақризчини вазирликнинг ўзи топади. Кейин уларнинг тақризи илмий техник кенгашга юборилади. Улар эса лойиҳа раҳбарини институтга чақиради ва доклад қилдиради. Ўша ердаги экспертлар лойиҳани кўриб чиқади ва маъқул деб топса, Ҳайъатга юборади. Ҳайъат турли соҳа вакилларидан иборат 11 кишилик экспертлар гуруҳидан ўтади.

Энг ёмон томони шу илмий техник кенгашнинг раиси тадқиқотчи лойиҳасини Ҳайъатда ҳимоя қилиши керак. Яъни раис зоолог бўлса, у микробиология бўйича тадқиқотни ҳимоя қилиб бериши қийин. Чунки бу унинг соҳаси эмас, унга қўшимча иш бўлади. Америкада ўша соҳанинг кучли олимлари ҳимоя қилса, бизда буни кенгаш раисига юклаб қўйишган. Шу қисмида бизда биринчи бузилиш бор. Иккинчи хатолик эса лойиҳа техник кенгашда қанча, Ҳайъатда қанча вақтда кўрилиши муддати номаълумлигича қолмоқда”, – дейди биолог олим.

Таҳририят олимлар мурожаати юзасидан вазирликка сўров юборган. Kun.uz воқеалар ривожини кузатиб боради.

Мавзуга оид