18:32 / 03.06.2023
16453

“Ер юзини забт этиш ҳали дунёни эгаллаш эмас” — кўнгил кирланишидан огоҳлантирувчи “Қора Клит”  ҳикояси ҳақида

Ҳикоя прозанинг энг кичик жанрларидан бири бўлса-да, баъзи катта романлар ҳам айта олмайдиган ҳақиқатларни ўзида қисқача, ихчам қилиб жойлаган бўлади. Хусусан, Шойим Бўтаевнинг “Қора Клит”и ҳам шундай ҳикоялардан.

Фото: Getty images

Aсар бир ўқишда оддий бир ҳукмдор ҳаётида содир бўлиб ўтган фожиавий тасвирдан ўзга эмасдек туюлади. Aммо унга яқинроқдан назар ташласак, ростдан ҳам шундаймикин? Ҳар бир инсон табиат гултожи-ю, ҳар бир шахс индивидуал олам экани тан олинаётган айни ХХI асрда юқори табақа вакили ҳақидаги асарнинг ўзбек ёзувчиси томонидан қайта ёзилишида қандай ҳикмат яширинган?

Дарҳақиқат, энди инсонлар ўз ҳақ-ҳуқуқини англай бошлади, ҳар бир инсон ўзига ҳукмдор, ҳар бир инсон янги Искандар! Aсар бошида Искандарнинг сифатлари жамики оқ бўёқларда кўрсатилади, худди инсон илк дунёга келгани каби. Унинг устози томонидан айтилган – “Ер юзини забт этиш ҳали дунёни эгаллаш эмас” сўзлари асар давомида турли жиҳатлар билан исбот этиб борилаверади.

Aсардаги характерли образларга тўхталсак: Искандар, Қора Клит, Доро ҳамда форс халқи. Қора Клит – Искандар билан ҳамфикр, қалбан яқин образ, бу ҳақида асар аввалида бот-бот келтирилади. Искандарнинг очиқкўнгиллигидан тўлқинланган Клит ҳам ўз мол-давлатини халққа тарқатиб беради. Шу ўринда асарни контекстуал таҳлил ёрдамида мушоҳада этсак: “Қора Клит: – Сенинг умидларингга мен ҳам шерикман, – деди.” Нега ўзининг янги умидларига эмас, Искандарнинг умидларига шерик бўлди у? Ҳа, Қора Клит Искандарнинг умидлари рамзи эди!

Душман ҳар томонлама устунлигини кўриб, билиб турган бўлса-да, уни муқаррар ҳалокатдан сақлаб қолган умиди эди. Қалби кирланиб, фақат ўзлигини ўйлайдиган бўлиб қолганда уни тарк этган ҳақиқатгўй умиди эди. Нега умид уни тарк этди? Нега Искандар ҳамма нарсасини халққа улашганда ўзида олиб қолган ягона хазинасини айнан ўзи йўқ қилди? Шу ўринда ёзувчи айтмоқчи бўлган фикр янада ойдинлашиб боради. Бундан неча юз йиллар муқаддам ҳам инсонни тўғри йўлдан оздирган, бугунги замон кишиси учун ҳам ўз долзарблигини сақлаб қолаётган иллатлар сабаб эди бунга!

Франц Кафканинг бир гапи бор: “Шундай инсонлар борки, ўлдиришинг мумкин, енга олмайсан!” Илло, шундай иллатлар борки, қўлингда тутишинг мумкин, бўйсундира олмайсан! Искандарнинг устози томонидан айтилган “Ер юзини забт этиш ҳали дунёни эгаллаш эмас” гаплари Доро ва форс халқи образида ўз аксини топади. Бутун инсониятдаги иллатлар рамзини ташувчи Доро образи Искандар томонидан мағлуб этилди. Aммо “…дунёни тасаввуримда жонлантирмоқдан кўра илкимда тутмоқликни афзал кўраман” дегувчи Искандар образимиз ўша иллатларни қўлда тутди-ю, бўйсундира олдими?

Доро ўлдирилди-ю унинг барча хусусиятларини ўзига мерос қилиб олган янги Доро пайдо бўлмадими? Форс халқи – айни ўша иллатлар манбаи эмасмиди?! Шундай гап бор эди: “Маддоҳлар диктатор яратиб қўйишлари мумкин”. Тўғри, бир одамнинг яхши хислатларини таъкидлаш уни яхши тарафга етаклайди. Лекин ҳадеб мақтайверсангиз, у одамда, “демак, мен хато қилмас эканман”, деган фикр пайдо бўлади. Aна шундай ҳукмдор бошқарадиган давлатда, кибр-у ҳавога берилган онг ҳукмрон бўлган инсон аталмиш салтанатда бора-бора рост билан ёлғоннинг, софлик билан разолатнинг, адолат билан адолатсизликнинг фарқига бориб бўлмай қолади. Бундай салтанатда эса умид аталмиш тириклик пойдевори, поклик рамзи Қора Клит яшай олмайди. Ўзлигини йўқотган, маданиятини топтаган, ўз умидига найза санчган шахслар зоҳиран шоҳлигича қолиши мумкиндир-у, ботинан “ичкари хобхонадан ожизона инграйди”ган гадодан ўзга эмас!

Ҳар бир инсон бир дунё. Ўша дунёга ўзи султондир. Султон ўз мулкини ғанимлардан қандай ҳимоя қилса, ҳар бир шахс ҳам кўнгил номли салтанатини чиркин иллатлардан, ёмон хулқлардан, ахлоқсиз амаллардан, қора ниятлардан ҳимоя қилиши лозим. Акс ҳолда, беғубор оламимиз кирланиши, залолатга юз тутиши ҳеч гап эмас…

Гуласал Қодирова, китобхон

Мавзу
Мутолаа завқи
Китоб мутолааси инсон руҳиятида ажиб ҳиссиёт, ўзгача қувват ва ички хотиржамлик беради. Бу саҳифадаги мақолалар сизни ана шундай мутолаа завқини ҳис қилишга ундайди.
Барчаси
Top