Инсоният икки йирик урушни бошдан кечирди. Биринчи ва Иккинчи жаҳон уруши кулфатларидан азоб чекмаган халқ қолмади. Барча халқлар адабиёти ва тарихида ўзининг лаънатли изини қолдирган бу урушлар ўзбек адабиётида ҳам етарлича ёритилган. Кўплаб асарларда инсониятга уруш келтирган психологик, иқтисодий, сиёсий, ижтимоий, маиший зарарлар батафсил қаламга олинган.

Шундай асарларнинг бири Назар Эшонқулнинг “Уруш одамлари” қиссаси бўлиб, унда урушнинг аянчли оқибатлари бир оила мисолида кўрсатиб берилган. Аммо бундай оилалар қанчани ташкил этишини тасаввур қилиш қийин.

Сюжет:

Оила раҳбари Нормат – полвон барваста, ориятли, ҳалол йигит. Унинг Анзират исмли кўркам аёли ва икки – Холмат ва Хожар – фарзанди бор. Нима бўлади-ю, шу уруш бошланиб қолади ва Нормат полвонни ҳам хизмат сафига қўшиб қўяди. У бир неча йил қон кечади ва ниҳоят жони омон ҳолатда уйига қайтади. Аммо бир оёғини урушда қолдириб келади. Норматнинг оёғидаги жароҳат унинг руҳидаги жароҳат олдида ҳеч нарса эмасди. Уруш асорати унинг паҳлавон келбатини нимжонгина жуссага; йигит ҳолини кексайган башарага алмаштириб қўйганди.

Қишлоғига қайтгач бир муддат гарангсиб юргач унинг руҳида бирмунча яхши ўзгаришлар содир бўла бошлайди. Яшашга, меҳнат қилишга иштиёқ уйғонади. Урушда тўккан қонларини энди меҳнати билан тозалашга, ювишга аҳд қилади. Аммо тез орада урушнинг яна бир зарбаси уни эсанкиратиб қўяди. Хотини Анзиратнинг ҳомиладорлиги, яъни Нормат урушдалигида эрига хиёнат қилганлиги аён бўлади.

Нормат бутун қишлоқ олдида хотинини ўласи қилиб дўппослайди, осмоқчи бўлади, ўзи эса телба ҳолатига бориб етади. Оқибатда Анзиратнинг ҳомиласи нобуд бўлади, ўзи эса кўп қон йўқотиши натижасида анча вақтгача ҳолсиз ётиб қолади.

Аслида воқеа шундай бўлганди: Нормат урушга кетгач, маълум муддатдан сўнг ундан қорахат келади. Анзират эрини севарди. Кўп қайғурди. Лекин энди унинг гарданида икки болани боқиш, ҳам оталик, ҳам оналик қилиш масъулияти турарди. Уруш оқибатида қишлоқларда йўқчилик, танқислик ва очлик ҳукм сурарди. Куни бўйи меҳнат қилган халқ кечалари оч ётишга мажбур бўларди. Анзиратнинг ҳолатини айтмаса ҳам бўлади.

Бир куни Хожар қаттиқ бетоб бўлиб қолади. Иситмалаб ҳуш-беҳуш алахсий бошлайди. Табиб унга товуқ шўрва ичириш кераклигини айтади. Аммо Анзиратга товуқ топиш катта муаммо эди. Уларга унда-бунда меҳрибонлик қилиб юрган, ўзининг узоқ қариндошлик мақомини қойиллатиб бажараётган қишлоқ раиси Мирзақулдан ёрдам сўраб боради. Мирзақул дарров битта товуқ топтириб келади ва эртасига Ҳалил отбоқарнинг уйига борса, яна битта товуқ беришини айтади.