Инсонлар руҳий бузилишлардан азият чекадиган бир даврда “Жон” халқи бир қултум сув ва бир бурда нонгагина муҳтож экани сизни ҳайрат остонасидан олиб ўтиши муқаррар. Инсоният пайдо бўлган дастлабки даврларда ҳам илк эҳтиёж бу овқат ёки унинг ўрнини боса оладиган бирор емиш эди. Кейингиси — айш. Андрей Платонов гарчи бир аср олдинги ҳаётини тасвирласа ҳам “Жон” қавмининг “яшаш” тарзини ўқиганингизда бугун депрессиядан, турли хил асаббузарликлар, тушкунликлардан тинка мадори қуриган одам авлодларининг аллақайси аждодининг бор-йўқ дарди фақат емиш бўлганини англайсиз.
Умуман қачон инсон “бошқача” қайғулар ҳақида, қайғуни ҳис қилиши мумкин бўлган қалб ҳақида, ботиний дунёси, руҳий олами ҳақида ўйлаши мумкин? Қачонки моддий оламини нисбатан тўла-тўкис бутлаганида, жисми талаб қилиши мумкин бўлган эҳтиёжларни қондира олганда. “Жон” халқи бўлса асар ниҳоясига борибгина ўзини “қорин” ғамидан нисбатан таъминлашни ўрганди. Асар қаҳрамонларидан бир Ойдинни бошқача оғриқлар исканжасига олди, халқ ҳайвон дарди билан яшашдан безди.
“Жон”ни ўқиш орқали англайсизки, биргина очлик — кишининг ичидаги кибрини ўлдириб қолмай, инсонларни ҳайвондан баттар яшаш тарзига олиб келиши мумкин. Жон ташвиши сизни жондан безишга, руҳ жонини ўлдиришга мажбур қилиши мумкин. Уйғоқликда туш кўрсатиши мумкин, фақат тундаги уйқуда ором бериши мумкин. Асар мутолааси ниҳоясининг энг ёқимли томони нима учун китобга бундай ном берилганини англаш бахти бўлса керак. Ахир сенга берилган жумбоққа жавоб топасан; “Жон”дагиларнинг жисмидаги уриб турадиган бир парча этидан бўлак ҳеч вақоси йўқ. Биргина топгани шу жон, қизиғи у ҳам омонат. Жон халқидан бўлган эрнинг хотинидан, аёлнинг эса эрдан бошқа бисоти йўқ. Кўзи юмуқ яшаган бандаларнинг юмуши ейиш бўлган кечмиши, яшамиши бунча оғир бўлмаса?
“Шўро ҳукумати серфарзанд бевага ўхшайди, ташландиқ ва кераксиз ҳамма есирларни этагига жамлаб юради — яна битта шўртумшуқни бағрига олиш чикора?” Совет ҳокимияти учун асли юз жон ҳам чиқмайдиган “Жон” элатини оталиққа олишдан нима фойда? Ҳоли забун, мумсик бу элатни маълум жиҳатлардан таъминлаш орқали бутун совет ҳокимияти остида бирлаштирилган халқ ва элатларга ўзининг нақадар “халқпарвар” эканини хўжакўрсинга исботлашни, Ўрта Осиёда юритган номақбул сиёсатини хаспўслашни истаган бўлса, эҳтимол. Битта қолмай қирилиб кетса ҳам майли, аммо советларга қарши бўлмаса бас.
Башарият XXI асрнинг бошидан бугунги кунга қадар жуда мислсиз ютуқларга эришди, дунё тезлашиб бораётган бундай пайтда “Жон” асари бироз тўхташга, бир асргина ортга қараб, бутун бошли ҳаракатлар нима асосга қурилганини кўришга ундайди. Яна шуни илғаш мумкинки, фақат қорни тўқ, ижтимоий муаммолардан холи бўлган инсонларгина жамият ҳақида, онг-шуур, фалсафа, сиёсат, умуман ўйлаш ҳақида ўйлаши мумкин. Йўқса унинг муаммоси нафсидан ортмайди.















