14:01 / 06.06.2023
66987

Каховка ГЭС портлатилди. Асосий маълумотлар

Днипро дарёсининг қуйи оқимида сув сатҳи кўтарилмоқда. Херсон областида эвакуация эълон қилинган.

Херсон областининг россияликлар томонидан аннексия қилинган қисмида жойлашган Каховка ГЭС тўғони вайрон бўлди. 6 июн тонгида ижтимоий тармоқларда гидроэлектр станциянинг юқори дамбасининг вайрон бўлган қисмидан катта миқдорда сув оқиб чиқаётгани акс этган видео тарқала бошлади. Украина ҳарбийлари, Херсон области расмийлари ва Украина раҳбарияти Россияни ГЭСни портлатишда айблади.

Нова Каховканинг Россия томонидан тайинланган «мэри» Владимир Леонтев аввалига портлаш тўғрисидаги маълумотни рад этди. «Бу сафсата! Барчаси нормал ҳолатда, ҳаммаёқда барчаси нормал, мен ҳозиргина рация орқали гаплашдим. Шаҳарда ҳаммаёқ тинч ва осойишта», — деди Леонтев.

Кейинроқ унинг «маъмурияти» тунда Украина томонидан йўлланган зарбалар оқибатида станциянинг юқори қисми вайрон бўлгани, шу билан бирга тўғоннинг ўзи бутун тургани ҳақида хабар берди. Леонтев эса Киевни «терроризм»да айблади. ТАСС маълумотларига кўра, Каховка ГЭСда 28 та пролётдан (икки устун ёки тирагичлар оралиғи) 11 таси вайрон бўлган. Нова Каховка «мэри» ГЭСни таъмирлаб бўлмаслиги ва станцияни қайтадан қуришга тўғри келишини айтган. «Укргидроэнерго»да ҳам станция тиклаб бўлмас даражада вайрон бўлганини маълум қилган.

Каховка сув омборидан Днипронинг қуйи оқимига катта миқдорда сув назоратсиз қуйилмоқда. Леонтевнинг сўзларига кўра, Каховка ГЭС тўғони вайрон бўлгач, қуйи оқимда сув сатҳи 2,5 метрга кўтарилган. Херсон области ҳарбий маъмурияти раҳбари Олександр Прокудин (областнинг қонуний раҳбари) сув беш соат ўтиб критик даражага етишини (маҳаллий вақт билан соат 12:00 атрофида) қайд этди. Херсон областининг Россия таъсиридаги «маъмурияти» Днипронинг соҳил бўйидаги ҳудудларда вазият назорат остида эканини маълум қилди. «Ягона таҳдид шундаки, биз энди Қримга сув етказиб беришда муаммоларга дуч келамиз», — деган Леонтев. Кейинроқ, РБК нашрига берган изоҳида у Шимолий Қрим канали сувсиз қолмаслигини айтиб, «қримликларни хавотирланмаслик»ка чақирди.

Днипропетровск областининг Кривой Рог шаҳрида аҳоли ва саноат учун сув истеъмоли чекланган. «Саноат корхоналарига сув сарфини чеклаяпмиз, кечаси эса соат 22:00 дан 5:00 гача аҳоли учун қувурлардаги босимни пасайтирамиз. Сув фақат циркуляция бўйича ишлайди ва кўпи билан 1-2 қаватлар учун етади. Аммо бу фақат тунги вақт учун, кундузи сув берамиз», — деган шаҳар мэри Олександр Вилкул. Унинг сўзларига кўра, Кривой Рогга сувнинг 70 фоизи Каховка сув омборидан келади. Украин телеграм-каналларида шаҳар аҳолиси дўконларда ичимлик сувларини ёппасига сотиб олаётгани акс этган фотосуратларни тарқатмоқда.

Ўнлаб аҳоли яшаш манзиллари сув босиш хавфи остида қолган. Россия фавқулодда хизматларидаги манба ТАСС агентлигига айтишича, гап 80 та аҳоли яшаш манзиллари сув остида қолиши ҳақида бориши мумкин. Херсон областининг хавфли ҳудудларидан аҳолини эвакуация қилиш ишлари бошланган. Миллий полиция ва Украина ФВДХ бўлинмалари Днипро дарёсининг ўнг соҳилида сув босиши мумкин бўлган ҳудудлар аҳолисини огоҳлантириш ва эвакуацияга тайёрлашга юборилган. Гап Миколайивка, Олговка, Лево, Тягинка, Понятовка, Ивановка, Токаревка, Понятовка, Приднипров ва Херсоннинг бир қисми (Корабел ороли) ҳақида бормоқда. Маҳаллий расмийларга кўра, Днипронинг ўнг соҳилида (бу ҳудуд Украина назоратида) 16 мингга яқин киши хавф остида қолган.

Днипро дарёсининг Россия кучлари эгаллаб турган чап соҳилида Нова Каховка ва қуйи оқим бўйидаги қатор аҳоли яшаш манзиллари сув остида қола бошлаган. Ижтимоий тармоқларда Нова Каховкада сув тошқини юзага келаётгани акс этган кадрлар тарқалган. Херсон областининг аннексия қилинган қисми «ҳукумати» дарё соҳилига яқин жойлашган пунктлар аҳолиси вазиятга қараб эвакуацияга тайёр туриши кераклигини маълум қилган. Областнинг Россия таъсиридаги расмийларига кўра, жами 22 минг киши яшайдиган 14 та аҳоли яшаш пункти сув босиш хавфи мавжуд бўлган ҳудудда жойлашган.

Украина томони ҳодисани экоцид деб атади. Мамлакат президенти офисидагилар ГЭС вайрон бўлиши Қрим ва Запорижжя АЭСга таҳдид қолиши ҳақида айтишмоқда. Хусусан, бу ҳақда Украина президенти офиси раҳбари Андрей Ермак ҳам айтиб ўтган. «Россияликлар Херсон жанубида ва Қримда одамлар ичимлик сувидан маҳрум бўлиши, аҳоли яшаш пунктлари ва биосферанинг эҳтимолий вайрон бўлиши учун жавобгар. <…> Шунингдек, Каховка ГЭС россияликлар томонидан вайрон қилиниши — глобал озиқ-овқат хавфсизлигига зарбадир. Чунки бу фалокат Украина жанубидаги суғориш тизимига таъсир кўрсатади», — деган у ўз телеграм-каналида.

Украинанинг «Энергоатом»ида маълум қилишларича, Каховка сув омборидаги сув сатҳи кескин пасайиши Запорижжя АЭС учун қўшимча хавф туғдиради, чунки совутиш тизимлари ишлаши ва станция хавфсизлиги таъминланиши учун сув ўта зарур. Шу билан бирга, компания станцияни совутиш учун фойдаланиладиган ҳовузда сув сатҳи 16,6 метрни ташкил этаётгани ва бу АЭС хавфсизлигини таъминлаш учун етарли эканини таъкидлаган.

Ўз навбатида, Халқаро атом энергияси агентлиги (МАГАТЭ) Запорижжя АЭСда бўлиб турган экспертлар вазиятни синчковлик билан кузатиб бораётганини маълум қилган. Ҳозирча станциянинг ядровий хавфсизлигига бевосита хавф йўқлиги айтилган.

Украина прокуратураси экоцид ҳамда уруш қонунлари ва урф-одатлари бузилиши юзасидан жиноий иш қўзғатган.

Кремлдагилар Каховка ГЭСдаги вайронгарчилик юзасидан ҳозирча изоҳ бермади. Президент Володимир Зеленский Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгашининг шошилинч йиғилишини чақирган. «Россиялик террорчилар Каховка ГЭС дамбасини вайрон қилиш орқали бутун дунёга уларни Украина заминининг ҳар бир бурчагидан ҳайдаб чиқариш кераклигини тасдиқламоқда. Уларга бир метр ҳам жой қолдирилмаслиги керак, чунки улар ҳар метрдан террор учун фойдаланади. Фақатгина Украинанинг ғалабаси хавфсизликни қайтаради. Ва бу ғалаба муқаррар. На сув, на ракета ва на террорчиларнинг бошқа ҳаракатлари Украинани тўхтата олади», — дея вазиятга муносабат билдирган украинлар президенти.

Зеленский сув омбори тўғонининг портлатилиши юзасидан Украина миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгашининг шошилинч йиғилишини чақирган.

Володимир Зеленский шошилинч йиғилиш чақирди. Фото: Украина президенти матбуот хизмати

Украина президенти офиси маслаҳатчиси Даря Заривна «россияликларнинг Каховка ГЭСини портлатиш»дан мақсади – Украина мудофаа кучларининг қарши ҳужумини тўхтатиш эканини айтди. «Шунингдек, Каховка ГЭС портлатилиши Қрим сувсиз қолишини англатади», дея ёзган у. Аннексия қилинган Севастопол раҳбари Михаил Развожаев эса ГЭСнинг шикастланиши шаҳар сув таъминотига таъсир кўрсатмаслигига ишонтирган.

Украина ва ҳарбий экспертлар Россия Каховка ГЭС тўғонини портлатиб юборишга тайёрланаётгани ҳақида бир неча бор огоҳлантирганди. Москва бунга жавобан Киевни станция тўғонига ракета зарбаси беришга тайёрланишда айблаганди. 2022 йил октябрида эса Украина президенти «Каховка ГЭС блоклари ва тўғони россиялик террорчилар томонидан миналаштирилгани»ни айтганди. У жаҳон ҳамжамиятини эҳтимолий терактга профилактик реакция қилишга ва гидроэлектрстанцияга халқаро кузатувчилар миссияси юборишга чақирганди. Тахминан ўша вақтда Америкадаги Урушларни ўрганиш институти ўз таҳлилида Россия катта эҳтимол билан Херсон областидаги Каховка ГЭС тўғонига зарар етказишга ва бунда жавобгарликни Украина зиммасига юклашга тайёрланаётгани айтилганди. Ўз навбатида, РФ қуролли кучларининг Украинадаги гуруҳи қўмондони генерал Сергея Суровикин Киевни Каховка ГЭСга ёппасига ракета зарбалари беришга тайёрланишда айблаганди.

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top