Ўзбекистон | 14:34 / 10.06.2023
10598
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Қирғизистондан гўшт ва сут импортини соддалаштирмоқчи

Йил бошидан буён икки давлат чорвачилик маҳсулотлари учун чегараларни очиш бўйича музокаралар олиб бормоқда.

Фото: Tazabek

Ўзбекистон Қирғизистондан чорвачилик маҳсулотлари етказиб берувчиларни импорт қилувчилар реестрига киритишга тайёр, деб ёзади Tazabek Қирғизистон ТИВга таяниб.

Бу - Қирғизистоннинг Тошкентдаги элчиси Муса Жаманбоевнинг Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Ветеринария давлат қўмитаси раҳбари Баҳром Норқобилов билан учрашувида асосий масалалардан бирига айланди. Томонлар қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари импорт-экспортини ривожлантириш масалаларини муҳокама қилдилар. 

Хусусан, сут, гўшт ва балиқни қайта ишлаш бўйича Қирғизистон фирмаларини Ўзбекистон импортёрлари реестрига киритиш масалалари кўриб чиқилди. Норқобилов ушбу тезкор жараённи йўлга қўйишга тайёрлигини билдирди. 

Шунингдек, дипломат ва Ветеринария қўмитаси раҳбари илгари эришилган бошқа режа ва келишувларни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилди. Жумладан, тез бузиладиган маҳсулотлар учун божхона «яшил йўлаклари» яратиш масаласи кўтарилди. 

Йил бошида Ўзбекистон ва Қирғизистон қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорлик бўйича йўл харитасини имзолади. У ўзаро озиқ-овқат, жумладан, гўшт ва сут маҳсулотларини етказиб бериш бўйича жами 373 миллион долларлик учта шартномани ўз ичига олади. 

Қирғизистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги раҳбари ўринбосари Нурдин Алишеров қўшни давлат билан сут ва гўшт маҳсулотлари экспорти учун чегараларни очиш бўйича музокаралар олиб борилаётганини маълум қилди. Ўзбекистон бозори ички талабнинг ортиши туфайли маҳаллий етказиб берувчиларни қизиқтирмоқда, деди у. 

Мавзуга оид