Ўзбекистон | 16:51 / 13.06.2023
21396
5 дақиқада ўқилади

Ёзда катта шаҳарларни қандай қилиб салқин сақлаш мумкин?

Одам кўп яшайдиган катта шаҳарларда иссиқ кўпроқ билинади. Чунки шаҳарларда транспорт ҳаракати, улардан чиқадиган тутунлар, турли жамоат бинолари ва хонадонлар фойдаланадиган кондиционерлар шундоқ ҳам иссиқ ҳавони яна ҳам иситиб юборади. Бундай шароитда шаҳарларни салқинроқ сақлашнинг қандай йўллари бор ва улар чиндан ҳам иш берадими?

Фото: KUN.UZ

Глобал иқлим исиши борлигига шубҳа қилиб келган одамларнинг ҳам айни дамлардаги дунё манзарасини кўриб, гумонлари тарқаган бўлса керак. Афсуски, бу исиш Ўзбекистонни ҳам четлаб ўтмади. Ҳали ёз ойининг жазирамаси кириб келмай туриб, июн ойи бошида Ўзбекистоннинг кўп шаҳарларида +40 даража иссиқ кузатилди.

Шаҳарларни нима иситиб юборади?

Шаҳарни иситиб юборадиган омиллардан бири кўп қаватли иморатларда ишлатиладиган материллардир. Уларнинг аксари қуёшни яхши ўтказади ва уни ўзида узоқ вақт сақлаб туради. Бинолар, шунингдек, шамол тезлигини пасайтириб, термал нурланишни тўсиб қўяди. Бундан ташқари, автомобил двигателлари, кондиционерлар ва бошқа энергия истеъмолидан чиқадиган карбонат ангидрид ҳавонинг умумий ҳароратини оширади. Одатда тупроқда иссиқ ҳаво сўрилиб, буғланиш содир бўлгани учун ҳам иссиқ ҳарорат бироз пасаяди. Лекин шаҳарларда йўл, иморатлар ва турли боғлар ҳисобига тупроқли ерлар кам бўлади. Натижада тупроқ буғланиши ҳам кам бўлиб, иссиқлик шаҳар бўйлаб кезиб юради.

Тўғри, катта шаҳарларда индивидуал тарзда ҳамма ўзи учун салқин жойни яратиши мумкин. Масалан, кондиционер ўрнатиши, маълум ҳудудларга сув сепиб туриши мумкин. Лекин булар бутун бошли шаҳарда иссиқликни камайтиришга қанчалик ёрдам беради? Яъни сиз уйдан ташқарига, кечқурун боғ айлангани чиқсангиз, ўзингиз билан кондиционер олиб юролмайсиз ва сиз ҳақиқатдан салқин ҳавога эҳтиёж сезасиз.

Дарахтлар ва парклар

Нега фаоллар дарахт экиш керак, дарахтни кўпайтириш керак деб бонг уради биласизми? Дарахтлар баргидаги сув кун давомида буғланади. Ва бу буғланиш учун энергия керак. Айнан ўша иссиқ энергиянинг маълум бир қисми дарахтларнинг буғланишига сарфланади. Қарабсизки, дарахт экилган жойлар салқинроқ бўлади. Ҳатто кўпроқ баргли дарахтлар иссиқни 1-2 даража пасайтира олади. Шунинг учун шаҳарларда қанча кўп дарахт бўлса, шунча салқинлаша боради.

Оқ ёки ёрқин рангли томлар

Қора ранг қуёш энергиясини ўзига тортади, оқ эса уни қайтаради. Музликлар ҳам оқ бўлгани учун қуёшни яхши қайтаради ва сайёрани салқинлатиб туришга ёрдам беради. Одамлар ҳам ёзда кўпроқ оқ кийим кийишга ҳаракат қилишади. Худди шундай уй томларини ҳам оқ ёки шунга ўхшаш ёрқин рангга бўяш орқали иссиқликни қайтариш мумкин. Албатта, оқ томлар фақат ёзда самарали ҳисобланади. Чунки қишда иссиқни яхши тортгани учун тўқроқ ранглар электр энергиясини яхши тежайди.

Яшил томлар ва деворлар

Томлар тепасига экиб қўйиладиган яшил ўсимликлар ҳам атроф-муҳитни яхши салқинлатади. Бино деворларига чирмашиб ўсадиган ўсимликларни экиш ҳам фойда беради. Бу йўл орқали биноларни соя қилиш мумкин, баргларнинг буғланиши совитишга ёрдам беради. Лекин бир нарсани инобатга олиш керак, биноларда яшилликни жойлаштириш яхшигина маблағ, сув ва эътибор талаб қилади. Ва улар одатда оқ томларга қараганда камроқ самарали бўлади. 

Йўл қопламаларига сув сепиш

Ҳаддан ташқари иссиқлик тўлқини бошланишидан олдин бинолар ва йўл сиртларини намлаш орқали ҳам ҳароратни пасайтириш мумкин. Бу Японияда анъанавий амалиётдир. Лекин бу ерда ҳам бир жиҳатга эътибор қаратган маъқул. Ҳарорат ва намлик одамларда иссиқлик стрессини келтириб чиқариши мумкин. Шу учун йўл қопламаларини суғориш усулидан ҳаддан ошиқ бўлмаган ҳолатда ва иссиқлик стрессига сабаб бўлмасагина чора сифатида фойдаланиш мумкин.

Ўта зич қурилган уйлар

Бинолар бир-бирига қарама-қарши зич қурилган бўлса, иссиқлик массаларини кундузи тутиб туради ва кечқурун чиқаради. Яъни иссиқлик биноларда қолгани учун умумий шаҳар ҳавоси бироз салқин туриши мумкин. Қолаверса, баланд ва зич жойлар сояни ҳам яхши таъминлайди. Мутахассислар бунга Ҳонконгни мисол қилиб кўрсатишади. Ҳонконгда уйлар зич қурилганидан салқинлик ороли пайдо бўлган дейишади. Шунга ўхшаш сабабларга кўра, aнъанавий араб мамлакатларидаги шаҳарларнинг зич қурилган уйли кўчалари ҳам салқинроқ туради.

Кўчалар, йўлаклар ва турли иншоотларда соя берадиган соябонлар ўрнатиш ҳам мумкин. Соябонлар ранги оқ ёки бошқа ёрқин рангда бўлса, кўчаларга тўғридан тўғри келадиган иссиқликни тутиб қолиши мумкин. Бундай соябонлар ҳаво айланишини тўсиб қўймаслиги учун тўғри лойиҳалаштирилиши ва ўрнатилиши мақсадга мувофиқ.

Юқоридаги усулларнинг ҳаммаси ҳам ҳамма шаҳар ва шароитларга мос келади деб бўлмайди. Шаҳарни салқинлаштириш чораларини ҳудуд хусусияти ва инфратузилмасидан келиб чиқиб, ҳар бир шаҳар учун алоҳида тузиб чиқиш керак бўлади. Лекин дарахтларни кесмаслик ва уларни кўпайтириш воз кечиб ва инкор этиб бўлмайдиган чора экани аниқ. 

Мавзуга оид