Спорт | 15:00 / 14.06.2023
31314
8 дақиқада ўқилади

Фаворитлар муваффақиятсизлиги, Исроил сенсацияси, Уругвай ғалабаси. Ёшлар ўртасидаги мундиал якунлари

Турнир қатор ёш юлдузларни кашф қилди.

Фото: Reuters

Аргентинадаги ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати Италия ва Уругвай ўртасидаги триллер ўйин билан якунланди. Бир ой давомида мухлислар қатор қизиқарли жамоалар ва футболчилар билан танишишди. Қуйида бу турнирда иштирок этганлардан кимлар яқин келажакда топ даражага чиқиши мумкинлиги ҳақида.

Аргентина ва Бразилиянинг кутилмаган муваффақиятсизлиги

Жанубий Америкадаги бу икки жамоа учун финалга чиқмасдан турнирни тарк этиш катта муваффақиятсизлик саналади. Турнир аввалида улар инглизлар билан биргаликда ғолиблик учун асосий даъвогарлар сифатида кўрилаётганди.

Аргентиналиклар гуруҳ босқичини кучли ўтказиб, уч ўйинда уч ғалабага эришди (тўплар нисбати 10:1). Аммо плей-оффнинг биринчи босқичида Нигерияга рўбарў келишди ва африкалик ёшлар катталар жамоасининг 2014 ва 2018 йиллардаги жаҳон чемпионатларидаги мағлубияти учун ўч олиб беришди. Финал ҳуштаги чалинганидан кейин африкалик футболчилар томоққа тиғ тортишни ифодаловчи жестни намойиш этган ҳолда ғалабани жўшқинлик билан нишонлашди. Параллел тарзда бразиллар Африканинг бошқа бир жамоаси — Тунисни турнирдан чиқариб юборди, аммо чоракфиналда икки бор ҳисобда олдинда боришганига қарамай, исроилликларга мағлуб бўлишди.

Фиаскодан кейин мураббийлар ҳақли равишда танқидга учради: уларни жамоаларнинг тактик тайёргарлигини етарли даражага етказмаганликда айблашди. Айниқса Маскерано қаттиқ дашном эшитди: у саралаш турниридан ўта олмаган ва унинг жамоаси турнирда қатнашмаслиги керак эди, аммо апрел ойида ФИФА турнирни Индонезиядан Аргентинага кўчирди ва жамоа мезбон сифатида ЖЧда иштирок этадиган бўлди.

Кўнгилсиз натижадан сўнг ОАВ Хавиер истеъфога чиқарилишини кутганди, аммо Аргентина футбол федерацияси бунинг ўрнига у билан шартномани 2026 йилга қадар узайтирди. Маҳаллий мухлисларнинг нафратига учраганига қарамай, Маскерано олимпия жамоасини ҳам 2024 йилги турнирга тайёрлайди.

Италия ёшлар жамоаси футболчилари. Фото: Reuters

Италия ютқазган яна бир финал

Май ойи бошидаёқ Фабио Капелло ва бошқалар кальчо қайтгани ҳақида эълон қилишган, итальянларни яна қудратли рақиб сифатида қабул қила бошлашганди. Аммо ҳозирга келиб итальянларга якунланган мавсум учун баҳо бериш қийин. Бир томондан Италия жамоалари учта еврокубок финалида иштирок этишди. Бошқа томондан — барча финалларда мағлуб бўлишди.

Бунга ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида Уругвайдан учралган мағлубият ҳам қўшилди. Турнир давомида Италия Англия, Бразилия ва Жанубий Корея (амалдаги вице-чемпион) каби фаворитларни мағлуб этишди. Аммо сўнгги ўйинда муваффақиятни такрорлай олишмади.

Анча қизиқ ҳолат: финалда Италия сафида форвард Франческо Пио Эспозито ўйнади, шу куни унинг акалари Салваторе ва Себастян А серия йўлланмаси учун курашишди. Салваторе — «Специя» сафида «Верона»га қарши ўтиш ўйинида майдонга тушди, Себастян — «Бари» сафида B сериядан юқори дивизионга ўтиш учун «Каляри»га қарши ўйнади. Якунда уларнинг барчаси ютқазди.

Шунга қарамай, италянларда индивидуал маҳорати юксак бўлган футболчилардан иборат жуда кучли авлод етишиб чиқмоқда. Яримҳимоячи Чезаре Касадеи турнирнинг энг яхши футболчиси ва энг яхши тўпурари бўлди (етти ўйинда 7+1), Себастяно Депланш — энг яхши дарвозабон деб топилди. Шунингдек, Томмазо Балданци, Жакомо Фатиканти ва бошқа юлдузларни ҳам унутмаслик керак.

Исроил ёшлар жамоаси футболчилари. Фото: Reuters

Сенсация кўтарган Исроил

Турнирдаги қора тойчоқ ролини Исроил жамоаси бажарди. Улар плей-оффнинг биринчи ўйинида Ўзбекистонга қарши ўйиннинг 90+7-дақиқасида ғалаба голини уришди, чоракфиналда бразилларни мағлуб этишди (3:2), лекин яримфинал ўйинида Уругвайга ютқазишди (0:1), учинчи ўрин учун кечган баҳсда Жанубий Кореяни енгиб (3:1), бронза медалларга эга бўлишди. Бу Исроил спорти тарихидаги энг юқори натижалардан бирига айланди.

Ҳолбуки Исроил бу турнирда қатнашмаслиги ҳам мумкин эди. Чемпионат Индонезияда ўтказилиши белгиланганди, бу давлат эса Исроил билан расмий дипломатик алоқаларга эга эмас. Март ойида мамлакатда исроилликлар жамоасини турнирга қўймасликка чақирилган намойишлар ҳам бўлиб ўтди. Якунда ФИФА турнирни Аргентинага кўчиришга қарор қилганди.

Кейин эса футболчилар ўзларига муаммо яратишди — дастлабки икки турда атиги бир очко жамғарилди ва плей-оффдан умид йўқ  эди. Аммо 3-турда Японияга қарши ўйинда ҳисобда ортда бораётиб бир киши кам бўлиб қолишди, аммо қолган вақт давомида ирода кўрсатиб, 91-дақиқада урилган гол эвазига ғалабага эришди (2:1). Шундан кейин футболчилар ватандошлари қалбини забт эта бошлади. Уругвай билан яримфинал ўйини 23 фоиз даражасида телевизион рейтинг йиғди ва шу кечанинг энг кўп одам томоша қилган дастурига айланди.

Лусиано Родригеснинг Италия дарвозасига урган «олтин» голи. Фото: Reuters

Уругвайлар триумфи

Уругвайнинг ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатидаги ғалабасини бутун Жанубий Америка футболи ғалабаси сифатида қабул қилишди. Килиан Мбаппега унинг бир йил олдин Европадан ташқарида футбол ривожланмагани тўғрисида айтган гапларини эслатиб қўйишди. Ўтган вақт ичида Аргентина катталар ўртасидаги жаҳон чемпионатида, Уругвай — ёшлар ўртасидаги, Бразилия — ўсмирлар ўртасидаги мундиалларда ғолиб бўлди.

Энди уругвайлик ёшлар асосий жамоада дебют қилишга тайёрланиши мумкин. Яқинда бош жамоага тайинланган Марсело Биелса ёшларни ва уларнинг устозини мақтади: «Уругвай ва бошқалар ўртасидаги асосий фарқ жамоавий изчилликда эди. Уларнинг барчасини юқори даражада ривожланган жамоавий ғоя бирлаштирган. Уругвай нима учун ўйнашини жуда яхши биларди».

Шу билан бирга, уругвайликлар кутилмаган жароҳатлар, асосий футболчилар йўқлиги (масалан, «Реал» ёш ҳужумчиси Алваро Родригесни қўйиб юбормади) ва дисквалификациядан азият чекди. Шу туфайли кўплаб футболчилар ўзига таниш бўлмаган позицияларда ўйнашига тўғри келди (турнирнинг иккинчи энг яхши футболчиси сифатида тақдирланган Алан Маттурро марказий ҳимоячи бўлатуриб, чап қанот ҳимоясида ўйнади), аммо Уругвайнинг жамоавий руҳи устун келди. Ҳатто жароҳатланган ва заявкага киритилмаган футболчилар ҳам мураббий истаги билан захира ўриндиғида ўтиришди — бир жамоа эканликларини кўрсатиш учун.

Италия ёшлар жамоаси яримҳимоячиси Чезаре Казадеи энг яхши тўпурар (7) ва турнирнинг энг яхши футболчиси бўлди. Энг яхши футболчилар учлигини уругвайлик Алан Маттуро ва жанубий кореялик Ли Син Вон тўлдиришди. Фото: AFP

Уругвай бутун турнир мобайнида фақат бир жамоадан — Англиядан гол ўтказиб юборди (2:1). Саккиз ўйиндан еттитасида Рэндалл Родригес қўриқлаган дарвоза дахлсиз қолди, аммо у «Олтин қўлқоп»га эга чиқа олмади. Уругвайликлар бу адолатсизликдан ранжишгани йўқ.

Италиялик Себастиано Деспланш турнирнинг энг яхши дарвозабони сифатида тақдирланди. Фото: AFP

«Қувончим кўксимга сиғмаяпти. Мен бу қувончни бутун Уругвай билан бўлишишни истайман. Ўйлайманки, қандайдир гўзаллик туғилди, биз бутун энергияни ўшандан оляпмиз. Бу барчага тегишли», — деган жамоа бош мураббийи Марсело Броли.

Мавзуга оид