08:34 / 17.06.2023
7928

Мали БМТ тинчликпарвар кучларини мамлакатдан олиб чиқиб кетишни талаб қилди

Мали ташқи ишлар вазири БМТ Хавфсизлик кенгашидан халқаро тинчликпарвар контингентни мамлакатдан олиб чиқишни талаб қилди. Абдулайе Диопнинг таъкидлашича, БМТ тинчликпарвар кучлари мамлакатдаги вазиятни хавфсиз ҳолатга келтира олмаган ва аҳоли уларга ишонмайди.

Абдулайе Диоп / Фото: AP

Мали ташқи ишлар вазири Абдулайе Диоп 16 июн, жума куни БМТ Хавфсизлик кенгашидан БМТнинг Малидаги кўп ўлчовли интеграциялашган барқарорлаштириш миссияси тинчликпарвар кучларини “зудлик билан” мамлакатдан чақириб олишни талаб қилди. Диопнинг сўзларига кўра, БМТ тинчликпарвар миссияси мамлакатдаги вазиятни янада хавфсизроқ қила олмади ва бундан ташқари, ўз ҳаракатлари туфайли мамлакат аҳолисида “ишончсизлик ҳисси” пайдо бўлди.

“Барқарорлаштириш миссияси муаммонинг бир қисмига айланиб, жамиятдаги кескинликни кучайтириб, Малида тинчлик, ярашув ва миллий бирликка катта зарар етказяпти”, деди ташқи ишлар вазири Хавфсизлик кенгаши йиғилишида. Унинг айтишича, мамлакат ҳукумати БМТ билан музокаралар ўтказишга тайёр, бироқ ташкилот бош котиби Антониу Гутерришнинг миссия мандатини ўзгартириш бўйича барча таклифларини рад этган.

Барқарорлаштириш миссияси раҳбари Эл Гассим Ване, ўз навбатида, расмийлари рози бўлмаган мамлакатда миссияни давом эттириш "деярли имконсиз" эканлигини айтди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти вакиллари сўнгги пайтларда Малида хавфсизлик ва инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият ёмонлашганини қайта-қайта қайд этишган. Январ ойида БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича экспертлари "Вагнер" ХҲК ва Мали ҳукумати кучлари фаолиятини, жумладан, тинч аҳолини қирғин қилиш эҳтимолини мустақил текширишга чақирган эди. Баёнотда айтилишича, 2021 йилдан буён экспертлар Малидан қатл қилиш, қийноқлар, оммавий қабрлар, зўрлаш, ноқонуний ҳибсга олишлар ва зўрлик билан ғойиб бўлишлар ҳақида доимий равишда безовта қилувчи хабарлар олмоқда.

Top