Жаҳон | 19:06
8655
3 дақиқада ўқилади

Саҳройи Кабирда юк машина бузилиб қолиб, 50 га яқин киши ҳалок бўлди

Фақат икки киши бир неча ўн километр масофадаги аҳоли яшаш манзилига етиб бориб, воқеа ҳақида айтиб беришган. Воқеа жойига етиб борган қутқарувчилар ўнлаб жасадлар устидан чиққан. Қутқарувчилар жасадларни кўмиб, ортга қайтишда 60 киши билан кетаётган яна бир машина бузилиб, уч кундан буён саҳро ўртасида тургани устидан чиқишган.

Фото: Agadez governorate/Facebook

Саҳройи Кабир ичкарисида, Нигер шимолида камида 49 киши сувсизликдан ҳалок бўлди. Улар кетаётган юк машинаси энг яқин аҳоли яшаш манзили ва сув манбайидан ўнлаб километр масофада бузилиб қолган.

Ушбу фожиа рўй берган ҳудуд расмийлари маълум қилишича, бу одамлар Малидан Қурбон ҳайити байрамини нишонлаб қайтаётган бўлган.

Улар Нигер билан чегарадан 300 километр масофадаги Телхандек шаҳридан йўлга чиқишган, аммо саҳрода адашиб қолишган ҳамда ўз манзили – Нигер ва Жазоир чегараси яқинида жойлашган Ассамака водийсидан 80 километр масофада қолиб кетишган. Бу нуқтадан ўнлаб километр радиусда бирорта аҳоли яшаш манзили йўқ эди.

Ҳайдовчи ва йўловчилар юк машинасини тузатишга уринишган, аммо бунинг уддасидан чиқа олишмаган.

Фақат икки киши омон қолиб, Ассамакага етиб кела олган ва воқеа ҳақида маҳаллий расмийларга хабар беришган.

«Сувсиз қолган, машинани таъмирлай олмаган одамлар тирик қола олмади [...] Ҳаракатсиз юк машинаси остида ва унинг атрофида ўнлаб жонсиз жасадлар топилди», – дейилади воқеа рўй берган Агадез провинцияси губернатори баёнотида.

Қутқарувчилар марҳумларни умумий қабрга кўмишган. Уларнинг барчаси Нигер фуқаролари эди.

Қутқарувчилар ҳалок бўлганларни ўша жойнинг ўзида дафн этишган.
Фото: Agadez governorate/Facebook

«Биз йиллар давомида бу билан курашиб келамиз. Ҳайдовчилар, саёҳатчилар ва иммиграция билан боғлиқ барчага чўлни кесиб ўтишда қандай хавфлар борлигини тушунтирамиз. Бу ҳеч қандай янгилик эмас. Бундай ҳолатлар Ливия ёки Жазоирга кетишда бўлиб туради», – деган BBC мухбирига маҳаллий жамоат ташкилотларидан бирининг вакили Шехуо Азизу.

Қарийб 50 киши ҳалок бўлган жойдан қайтишда қутқарувчилар яна бир бузилиб қолган юк машинаси устидан чиқишган. Унда ҳам Малидан 60 дан ортиқ киши Нигерга қайтаётганди. Улар уч кун саҳрода қолиб кетишган, аммо уларнинг барчаси ҳали тирик бўлган.

Губернаторнинг навбатдаги баёнотида айтилишича, қутқарувчилар уларга сув беришган ва юк машинасини тузатишган.

Нигер шимолда Жазоир ва Ливия билан чегарадош бўлиб, Ғарбий Африка мамлакатларидан Ўрта Ер денгизи соҳиллари ва уёғига Европага боришни мақсад қилган меҳнат муҳожирларининг маршрути мамлакатнинг саҳродан иборат бўлган шимолий қисми орқали ўтади.

Агадеза провинцияси губернатори ўз баёнотида ушбу сўнгги фожиа минглаб километрга чўзилган саҳрони тўғри ташкиллаштирилмаган ҳолда кесиб ўтишга уринишлар қанчалик хавфли бўлиши мумкинлигини эслатишини қайд этган.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид