Жаҳон | 09:55 / 24.06.2023
14057
2 дақиқада ўқилади

Қашшоқ давлатларга қўшимча 200 млрд доллар йўналтирилади

Париждаги молиявий саммитда қашшоқ мамлакатларга тараққиёт банклари ва саноати ривожланган давлатлар томонидан кўпроқ ёрдам ваъда қилинди. Кредитлар ҳажми қарийб 200 миллиард долларга ошиши тахмин қилинмоқда.

Фото: Getty Images

Қашшоқ ва қарздор давлатлар келгуси ўн йил ичида тараққиёт банкларидан сезиларли даражада кўпроқ кредит олади. Кредитлар тахминан 200 миллиард долларга ошиши кутилмоқда, деб хабар берди Reuters 23 июн, жума куни янги глобал молиявий пакт бўйича Париж саммитининг якуний баёнотига таяниб.

Бундан ташқари, ривожланаётган мамлакатларга ҳам бой давлатлар ҳар йили 100 миллиард доллар ажратиши ваъда қилинган. Халқаро валюта жамғармаси раҳбари Кристалина Георгиеванинг сўзларига кўра, бу миқдорни қашшоқ мамлакатларда иқлимни ҳимоя қилиш учун 2021 йилда ваъда қилинган махсус қарз олиш ҳуқуқи (Special Drawing Rights, SDR) шаклида бериш бўйича келишувга эришилган. Шу билан бирга, AFP агентлигининг хабар беришича, саммит янги қўшма мажбуриятларсиз якунланган.

Франция президенти Эммануэл Макроннинг айтишича, йиғилишда иштирок этаётган 40 дан ортиқ мамлакат давлат ва ҳукумат раҳбарлари халқаро молия архитектурасини ислоҳ қилиш зарурати тўғрисида ҳамфикрдирлар. "Молия тизими янада самарали ва адолатли бўлиши керак", - дея унинг сўзларини келтиради AFP.

Макрон имкон қадар кўпроқ мамлакатлар молиявий операциялар, ҳаво қатнови ва денгиз транспортига солиқ жорий этиши кераклиги айтди. "Алоҳида мамлакатларда халқаро солиқлар етарли эмас", деди у энг кўп зарар кўрган мамлакатларда иқлимни муҳофаза қилиш чораларини молиялаштиришнинг янги усуллари муҳокама этилган йиғилишда.

Германия канцлери Олаф Шолц иқлим ўзгаришига қарши курашда халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга чақирди. “Гап энг кўп қийинчиликка дучор бўлганлар улар билан ёлғиз ўзи курашмаслигига ишонч ҳосил қилиши ҳақида кетяпти”, деди у саммит якунланишидан бироз олдин.

Барбадос бош вазири Миа Моттли халқаро молиявий архитектурани тубдан қайта кўриб чиқиш ва табиий офатлардан азият чекаётган мамлакатларга қарз тўлашни тўхтатиб туришга рухсат беришга чақирди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид