Жаҳон | 11:34 / 26.06.2023
22229
2 дақиқада ўқилади

Шойгуни исёндан бери илк марта кўрсатишди

Унинг иштирокидаги видео қачон олингани номаълум.

Фото: Россия Мудофаа вазирлиги

Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу мамлакатда «Вагнер» раҳбари Евгений Пригожин исён кўтарганидан кейин илк марта кўриниш берди. Россия мудофаа вазирлиги Шойгу «махсус ҳарбий амалиёт»да қатнашаётган ғарбий ҳарбий гуруҳлардан бирининг фаолияти билан танишгани айтилган пост эълон қилди ва унга Шойгунинг вертолётда юргани тасвирланган видеони илова қилди.

Шойгуга «Ғарб» округи командири Евгений Никифоров ҳисобот берган. Шойгу округ раҳбарияти иштирокида йиғилиш ҳам ўтказган.

Бу Шойгунинг Россияда 23-24 июн кунларидаги ҳарбий исёндан кейин илк марта кўриниш бериши бўлди. Евгений Пригожин бошчилигидаги вагнерчилар Ростов областидан ҳаракатланишни бошлаб деярли ҳеч қандай қаршиликсиз Москвага яқинлашганди. Пойтахтга киришга 200 км қолганида эса Пригожин Александр Лукашенко воситачилигида ўтказилган музокарадан кейин қўшинларини ортга қайтаришини эълон қилди.

Ҳарбий исёндан мақсад, унинг раҳбари Пригожиннинг сўзларига кўра, Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу ва штаб бошлиғи Валерий Герасимовни қўлга олиб, жазолаш бўлган.

Россияда Шойгу иштирокидаги видео эски бўлиши мумкинлиги ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Россияда машҳур бўлган «Рыбарь» ҳарбий Telegram-каналининг ёзишича, мудофаа вазирлиги Шойгунинг «Ғарб» округига ташрифи ҳақида тарқатган видео исёндан аввал ёзиб олинган бўлиши мумкин. Каналдаги постда ёзилишича, бир нечта манбадан шундай маълумот келган.

Шунингдек, Борис Рожин муаллифлигидаги Colonelcassad каналида эълон қилинган пост ҳам Шойгу видеодаги сафарини исёндан аввал амалга оширганига ишоралиги айтилган. 23 июн куни тушда эълон қилинган ўша постда Шойгу Белгород областига қўшинлар ва позицияларни текшириш учун боргани ёзилган.

Мавзуга оид