Тошкентда кибержиноятлар сони 2 йил ичида 40 баробарга ошди
2021-2023 йиллар оралиғида Тошкент шаҳрида кибержиноятлар сони икки баробарга ошган. TAD Industries техник директори Эркин Норматовга кўра, кибержиноятларнинг ярмидан кўпи банк карталаридан пул ўғирлашга оид.
21-22 июн кунлари Тошкент шаҳрида “Финтех, банклар ва ритейл” ПЛАС-форуми бўлиб ўтди. Унда иштирок этган TAD Industries (инсон юзини таниш тизимлари оператори) техник директори Эркин Норматовнинг сўзларига кўра, Тошкент шаҳрида кибержиноятлар 2 йил ичида 40 баробарга ошган.
“Шаҳарда 2021 йилда 106 та кибержиноят қайд этилган бўлса, 2022 йилда бундай жиноятлар 2081 тага, 2023 йилда эса 4332 тага кўпайган. Шу тариқа, Тошкент шаҳрида кўрсатилган даврда кибержиноятларнинг ўсиши 4087 фоизни ташкил этди. Кибержиноятларнинг асосий қисмини банк карталаридан пул ўғирлаш жиноятлари ташкил этади – 2023 йилда 2747 та ҳолат”, – деди у.
Кибержиноятлар бўйича аввалроқ очиқланган рақамлар
Ички ишлар вазирлиги 2022 йил бошида Ўзбекистонда сўнгги уч йилда кибержиноятлар 8,3 бараварга кўпайиб, умумий жиноятчиликнинг қарийб 5 фоизига етганини маълум қилганди.
Бу жиноятлар қаторида ноқонуний банк-молия операциялари орқали ўзгаларнинг пластик картадаги маблағларини ўзлаштириш, зарарли вируслар тарқатиш, қимор ва таваккалчиликка асосланган онлайн ўйинлар, диний ақидапарастликка қаратилган ахборот хуружлари, онлайн савдо майдонидаги фирибгарлик жиноятлари саналган.
Ўзбекистон Киберхавфсизлик марказининг 2022 йилдаги ҳисоботида айтилишича, миллий кибермаконда зарарли тармоқ фаолияти билан боғлиқ 65 миллион ҳодиса аниқланган.
Интернет тармоғининг миллий сегментида жойлашган давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг расмий веб-сайтларида 855 та ҳодиса аниқланган бўлиб, бунинг натижасида давлат идораларининг веб-сайтлари умумий ҳисобда 1 570 659 дақиқа давомида ишдан чиқишига олиб келган.
Фирибгарлар кибермаконда қандай усуллардан фойдаланяпти?
Ички ишлар вазирлиги Киберхавфсизлик маркази масъул ходими Саидкамол Содиқовга кўра, ҳозирда қуйидаги усуллардан фойдаланиб, кибержиноят содир этиляпти:
- моддий ёрдам, онлайн кредит, ютуқли ўйин ғолиби каби алдовлар билан юборилган сохта ҳавола орқали банк карта махфий кодни қўлга киритиш йўли билан (34 фоизи),
- олдиндан тўловларни амалга оширишга эришиб, пулларни қайтармасдан ва келишувни бажармасдан жабрланувчи маблағини қўлга киритиш йўли билан (22 фоизи),
- телефон қўнғироқлари давомида ўзини тўлов компанияси (Click ва бошқалар) ёки банк хавфсизлик хизмати ходими деб таништириб, карта рақами ва махфий кодини қўлга киритиш орқали (17 фоизи),
- онлайн савдо платформалари орқали карта рақами ва кодининг ошкорлаштирилиши натижасида (14 фоизи),
- сохта онлайн молиявий биржалар орқали (Binance ва бошқалар) содир этилгани аниқланган (9 фоизи).
Мавзуга оид
07:46 / 07.11.2024
ИИББ интернетда фирибгарликнинг янги кўриниши авж олгани ҳақида огоҳлантирди
19:06 / 01.11.2024
Киберхавфсизлик маркази Telegram орқали тарқалаётган вируслардан огоҳлантирди
21:14 / 22.10.2024
Kun.uz огоҳлантирган Whats платформаси молиявий пирамида эканлиги тасдиқланди: ИИВ жиноят иши қўзғаган
20:34 / 08.10.2024