Ўзбекистон | 20:06 / 28.06.2023
16286
2 дақиқада ўқилади

Чирчиқ дарёсидан ноқонуний қум ва шағал қазиб олинишига чек қўйилди

Корхона Чирчиқ дарёсидан ноқонуний равишда 7600 метр кубдан ортиқ қум-шағал аралашмаси қазиб олиб, давлатга қарийб 226 миллион сўмлик зарар етказган.

Фото: Бош прокуратура матбуот хизмати

Тошкент табиатни муҳофаза қилиш прокуратураси ва Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги мутахассислари ҳамкорликда Қибрай туманидан оқиб ўтувчи Чирчиқ дарёсининг қирғоқ бўйи муҳофаза зонаси ўрганилганида, бир қатор қонунбузилиши аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар бермоқда.

Хусусан, «Б.А» МЧЖ раҳбари С.А.нинг топшириғига кўра, дарёнинг ўнг қирғоғидан жамият ишчилари томонидан 7 683,18 м куб қум-шағал аралашмаси ноқонуний қазиб олиниб, давлат ва жамият манфаатларига 225,6 млн. сўм зарар етказилгани аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 192-11-моддаси  (нодавлат тижорат ташкилотида ёки бошқа нодавлат ташкилотида мансабдор шахслар томонидан ўз ваколатларини суиистеъмол қилиш) ва 229-моддаси (ўзбошимчалик) билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

«Бугунги кунда қум-шағал материалларининг рухсатсиз қазиб чиқарилиши аксарият ҳолларда ер усти ва ер ости сувлари камайиб кетиши, сувни муҳофаза қилиш зоналари ботқоқлашиши ва ифлосланиши, уларнинг қирғоқлари, суғориш тизимлари, транспорт ва гидротехника инфратузилма объектларининг бузилишига, шунингдек, фавқулодда ҳолатларнинг олдини олиш бўйича тадбирлар самарадорлигининг пасайишига олиб келмоқда», дея қайд этилган Бош прокуратура хабарида.

Мавзуга оид