Жаҳон | 21:26 / 29.06.2023
31180
8 дақиқада ўқилади

Суровикин қаерда? Унинг ғойиб бўлиши турли тахминларни келтириб чиқармоқда

Financial Times ҳам генерал Суровикин қўлга олингани ҳақида хабар тарқатди. Bloomberg маълумотига кўра, уни Пригожин билан алоқалари туфайли бир неча кун сўроқ қилишган. 

Фото: Sputnik / AFP / Scanpix / LETA

Украинадаги Россия қўшинлари қўшма гуруҳи қўмондони ўринбосари генерал Сергей Суровикин «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси асосчиси Евгений Пригожин тарафдорларини «тозалаш» иши доирасида қўлга олингани ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Суровикин исёнга алоқадорликда айбланганми ёки сўроқ учун ҳибсга олинганми, ҳозирча аниқ эмас. 

Россия президенти Владимир Путин исёндан кейин тартиб ва хавфсизлик хизматлари устидан назоратни тиклашга интилмоқда – моҳиятан, Россияда сўнгги 30 йил ичида биринчи марта давлат тўнтаришига уриниш бўлди, деб ёзди Financial Times. Суровикиннинг «йўқолиб қолгани» айнан шу билан боғланмоқда. 24 июн куни эрталаб у «вагнерчилар»ни тўхташ ва исёнда иштирок этмасликка чақириб, видеомурожаат қилган эди, шундан кейин уни ҳеч ким кўрмаган. 

Суровикиннинг «ғойиб бўлиши»га бошқа оммавий ахборот воситалари ва Россиянинг «ҳарбий мухбирлари» ҳам эътибор қаратди. Хусусан, россиялик ҳарбийларни қўллаб-қувватловчи «Рыбарь» телеграм-канали генерал «шанба кунидан бери кўринмагани»ни таъкидлади. «Генерал Армагеддон қаерда экани номаълум, у сўроқ қилинмоқда, деган версия бор», деб ёзди канал муаллифи. 

Ҳарбий мухбир Владимир Романовнинг айтишича, Суровикин «Лефортовога олиб кетилган» (тергов изолятори). Бу гўё 25 июнда, исённинг эртасига содир бўлган. 28 июн оқшомида генералнинг ҳибсга олингани ҳақида Россия мудофаа вазирлигига яқин манбаларга таянган ҳолда The Moscow Times нашри ҳам хабар берди. «Афтидан, у [Суровикин] [исён пайтида Пригожин тарафини] танлаган ва улар уни ёқасидан олишган», деди нашр суҳбатдошларидан бири. 

Ўз навбатида, «Эхо Москвы» радиоси собиқ бош муҳаррири Алексей Венедиктовнинг таъкидлашича, Суровикин «Лефортовода эмас», лекин уч кундан бери генерал ва унинг қўриқчилари алоқага чиқмаяпти. Шу билан бирга, Суровикиннинг ўринбосари, генерал-полковник Андрей Юдин ишдан бўшатилган. Юдиннинг ўзи таътилда, уйда эканини айтган. 

28 июн куни кечқурун «МИГ России» телеграм-канали Суровикин ҳақидаги миш-мишларга изоҳ бериб, шундай ёзди: «Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Улар шунингдек, профилактика чораларини ҳам ўз ичига олади. Турли чораларни». Эртаси куни канал муаллифлари Суровикин «Ростовдаги йиғилишда бўлгани»ни хабар қилишди. Журналист Дмитрий Колезевнинг манбалари бу маълумотни тасдиқламади. «Бу қўшинлардаги норозиликни бостириш учун тарқатилган маълумот бўлиши мумкин. Қўмондонлар ўз командири қаерда экани ҳақида савол бермоқда», деб ёзди Колезев. 

Журналистнинг манбасига кўра (Колезев бу қандай манба эканини айтмаган), Россия мудофаа вазири (Сергей Шойгу) гўёки «Суровикиннинг қайтишидан қўрқади». 

«У Путин олдида ўзини оқлаб, Суровикинни хиёнатда айблади. Аммо улар Суровикинни ҳибсга олишдан қўрқади, чунки офицерлар уни қўллаб-қувватлаяпти», деган журналистнинг суҳбатдоши. 

Телеграмдаги «ВЧК-ОГПУ» канали Суровикин атрофидаги одамлар «алоқага чиқишини бошлагани»ни даъво қилмоқда. «Тегишли идоралар томонидан профилактика чоралари кўрилганини тушуниш мумкин. Аммо, афтидан ҳибслар бўлмайди», деган канал манбаси. 

Федерал хавфсизлик хизмати (ФХХ) ва бош штабга яқин икки манба Суровикин сўроқ қилингани, бироқ кейин қўйиб юборилгани ҳақида «Важные история»га маълум қилди. Bloomberg ҳам сўроқ бўлгани ҳақида ёзди. Жумладан, ҳарбий прокуратура генерални Пригожин билан алоқалари ҳақида бир неча кун сўроқ қилган. Суровикиннинг ҳаракатлари чекланган, аммо у ҳибсга олинмаган. 

«База» телеграм-канали Суровикиннинг қизи Вероника билан суҳбатлашди. У отасига «ҳеч нарса бўлмагани» ва у ишда эканини айтди. У генерал ҳеч қачон «ҳар куни оммавий ахборот воситаларида чиқмаган ва баёнот бермагани»ни қўшимча қилган. 

«Военкор» Борис Рожин, шунингдек, Суровикин Украинадаги «махсус ҳарбий операция» (МҲО) вазифаларини бажаришда давом этаётганини айтди. Унинг таъкидлашича, генералнинг ҳибсга олингани ҳақидаги баёнотлар «Россия қуролли кучлари ҳақидаги сохта маълумотлар ва МҲО аъзоларини обрўсизлантириш тўғрисидаги қонун»га тўғри келади. 

Аввалроқ, Америка нашрлари Ғарб разведка хизматлари маълумотларига таяниб, Суровикин Пригожиннинг исён уюштириш режалари ҳақида билганини хабар қилган эди. The Wall Street Journal нашри ёзишича, «Вагнер» асосчиси бўлажак исён ҳақида армиянинг юқори мартабали ходимларига, жумладан, Суровикинга гапириб берган. Генерал бу маълумотларни ФХХга етказдими, буниси аниқ эмас. 

The New York Times манбалари ҳам АҚШ разведка хизматларига кўра, Суровикин исён ҳақида олдиндан билгани, бошқа генераллар эса Пригожиннинг ҳаракатларини қўллаб-қувватлаган бўлиши мумкинлигини ёзган. Газета суҳбатдошлари Пригожин ва Суровикиннинг иттифоқи «Вагнер» асосчиси нима учун ҳали ҳам тириклигини тушунтириб бериши мумкинлигини айтган. Уларнинг фикрига кўра, генерал исённи тайёрлашда иштирок этганига оид кучли далиллар мавжуд бўлса, лавозимидан четлатилиши мумкин. 

Financial Times нашри ёзишича, Россия расмийлари Суровикинга унинг «Вагнер» исёнига алоқадорлиги гумони учун эмас, балки Пригожин билан дўстона муносабатлари туфайли босим ўтказмоқда. Нашр генерални Россия мудофаа вазирлиги ва ёлланма аскарлари Украина шарқида жанг қилган Пригожин ўртасида «боғловчи занжир» деб атади. Ўз навбатида, «Вагнер» асосчиси Россия армияси раҳбариятини танқид қилиб, Суровикин билан яхши муносабатларни сақлаб қолди, деб ёзди газета.

Суровикин ва Михаил Мизинцев каби «Вагнер»га дўстона бошқа генераллар «[Пригожинни] тўхташга ундаб, аҳмоқлар каби югуриб елди. Энди уларга хоинлардек муносабатда бўлишади», деди манбалардан бири. Шу билан бирга, АҚШ расмийлари унинг исённи қўллаб-қувватлаш учун бирор нарса қилганига ишончи комил эмас. 

Сиёсатшунос Татяна Становая фикрича, Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу вазиятдан ғолиб сифатида чиқди. У афтидан, Путинни хусусий ҳарбий компанияларни мудофаа вазирлиги назорати остига ўтказишга ишонтиришга муваффақ бўлган. «Суровикиннинг ҳақиқий роли қандай бўлишидан қатъи назар, Шойгу уни фитначи сифатида кўрсатишдан манфаатдор бўлиши мумкин. Хайрихоҳларни фитначига айлантириш жуда осон», деди Становая. 

Кремль Суровикиннинг ҳибсга олиниши ҳақидаги хабарларни «спекуляция» ва «ғийбат» деб атади. 29 июн куни Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков журналистларнинг генерал тақдири ҳақидаги саволларини мудофаа вазирлигига йўллашни тавсия қилди. Ўз навбатида, мудофаа вазирлиги Суровикиннинг ғойиб бўлгани, унинг ушлангани ёки ҳибсга олингани ҳақидаги хабарларга изоҳ бермади.

Мавзуга оид