19:01 / 03.07.2023
7114

Қирғизистонда паспортга она исмини ёзишга рухсат берилди

Конституция суди қарорига кўра, 18 ёшга тўлган қирғизистонликлар паспортга ота исми ўрнига онасининг исмини ёздириши мумкин.

Фото: «Liter.kz»

Қирғизистон Конституциявий суди мамлакат Вазирлар Маҳкамасига матроним институтини жорий қилиш бўйича қонунчиликка ўзгартириш киритиш мажбуриятини юклади. Унга кўра, 18 ёшга тўлган қирғизистонликлар ўз хоҳишига кўра, паспортга ота исми ўрнига онасининг исмини ёздириши мумкин бўлади.

Бу ҳақда ҳуқуқ фаоли Олтин Капалова ижтимоий тармоқдаги саҳифасида маълум қилди.

«Бу қарор вояга етган қирғизистонликларга отасининг исми (отчество) ўрнига онасининг исмини (матчество) олишга рухсат беради. Қарор якуний бўлиб, шикоятга ўрин йўқ», деди у.

Бироқ, Капалова сўзларига кўра, суд бола туғилганда унга матчество беришни тақиқлаб қўйган. Ҳуқуқ фаоли бу тақиққа қарши кураш олиб боришини маълум қилди.

«Қизим ва қиз жиянларим фарзандларига ўз исмини қўйиш ҳуқуқига эга бўлиши учун ҳамма нарсани қиламан», деди аёл.

2021 йилда Олтин Капалова уч нафар фарзандининг ота исми ўрнига она исмини ёздирган эди. Шундан сўнг, Давлат рўйхатга олиш хизмати унинг устидан судга мурожаат қилди. Ўша йилнинг август ойида Бишкек суди мансабдор шахсларнинг даъвосини қаноатлантириб, отасининг исмини ўзгартириш тўғрисидаги акт ёзувларини бекор қилди. Кейинчалик бу қарор барча инстанциялар, жумладан, Конституциявий суд томонидан ҳам қўллаб-қувватланган эди.

Top