Иқтисодиёт | 18:44 / 03.07.2023
25613
3 дақиқада ўқилади

Расмий инфляция 2016 йил августидан буён илк марта 9 фоизга тушди

Истеъмол нархлари индексига кўра, охирги бир йилда озиқ-овқат маҳсулотлари ўртача 10,5 фоизга қимматлашган. Палов индекси эса бир йил ичида 1 порция ош нархи айрим ҳудудларда ўртача 34 фоизгача кўтарилганини кўрсатмоқда.

Очиқ манбалардан олинган сурат

Статистика агентлиги 2023 йил июн ойида Ўзбекистонда 0,3 фоизлик дефляция кузатилганини қайд этди.

Агентликка кўра, истеъмол нархлари индексининг тушиши озиқ-овқат маҳсулотлари билан боғлиқ – ўтган ойда улар ўртача 1,1 фоизга арзонлашган. Айни пайтда, ноозиқ-овқат маҳсулотлари 0,4 фоизга, хизматлар эса 0,2 фоизга қимматлашган.

Шу тариқа, йилнинг биринчи ярмидаги расмий инфляция кўрсаткичи 3,45 фоизгача пасайди. Йиллик инфляция эса 9,03 фоизга тушди, бу – 2016 йил август ойидан (8,6 фоиз) кейинги даврдаги энг паст инфляция бўлди.

Йиллик ҳисобда озиқ-овқат маҳсулотлари ўртача 10,5 фоизга, ноозиқ-овқат товарлар 7,9 фоизга, хизматлар эса 8 фоизга қимматлашган.

Июн ойида озиқ-овқатлардан гуруч ва гуруч оқшоғи 2,8 фоизга (йиллик 51,4%), суякли мол гўшти 1,2 фоизга (13,8%), қўй гўшти 1,1 фоизга (13,4%), сут 0,4 фоизга (18,3%) қимматлашган.

Ой давомида ун 2 фоизга арзонлашиб, йиллик 2,8 фоизлик дефляцияни қайд этган. Тухум 3,7 фоизга арзонлашган, бу маҳсулотнинг йиллик қимматлашуви эса 11 фоизни ташкил этган. Ўсимлик ёғи ўртача нархлари 3 фоизга пасайиб, йиллик нарх тушиши 14,7 фоизга етган. Шакар июн ойида 1,8 фоизга арзонлашгани, йиллик нисбатда эса шакар нархи 13,4 фоизга ошгани қайд этилган.

Ўтган ойда мавсумийлик омили сабаб энг кўп арзонлашган мева-сабзавотлар қаторида булғор қалампири (-47,3%), бақлажон (-46,3%), помидор (-42,3%) ва бодрингни (-39,2%) кўриш мумкин. Бироқ йиллик нисбатда олганда помидор 49,6 фоизга, пиёз 34,1 фоизга, сабзи 20,9 фоизга қимматлашган. Июн ойида энг кўп қимматлашган сабзавот лимон бўлган, унинг ўртача нархи 23,5 фоизга ошган.

Инфляция сўнгги 7 йилликдаги энг паст кўрсаткичга тушгани хабар қилинган бўлса-да, Палов индекси кўтарилишда давом этмоқда. Статистика агентлиги юритадиган индексга кўра, озиқ-овқат маҳсулотлари 1,1 фоизга арзонлагани айтилган июн ойида бир порция палов нархлари 14 та ҳудуддан 8 таси қимматлашган, 7 тасида ўзгаришсиз қолган.

Хусусан, ой давомида Сурхондарё вилоятида ўртача палов нархи 4,2 фоизга, Тошкент шаҳрида 3,9 фоизга кўтарилган.

9 фоизлик инфляция қайд этилган йиллик нисбатда эса паловнинг ўртача нархлари Сирдарёда 34 фоизга, Наманганда 32 фоизга, Сурхондарёда 27 фоизга ошган.

Таъкидлаш лозим, юқорида охирги бир йил ичида помидор 49,6 фоизга, пиёз 34,1 фоизга, сабзи 20,9 фоизга қимматлашгани таъкидланган эди.

Мавзуга оид