Ўзбекистон | 18:40 / 04.07.2023
4431
1 дақиқада ўқилади

Садақайрағоч кесган фуқарога озодликни чеклаш жазоси тайинланди

4 туп қимматбаҳо дарахтни кесган фуқаро зарарни ҳам қоплайдиган бўлди. 

Фото: Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси

Жиноят ишлари бўйича Наманган туман судида 4 туп қимматбаҳо садақайрағоч дарахтини кесган фуқарога ҳукм ўқилди. Унга нисбатан 2 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси ва қарийб 327 млн сўм зарарни ундириш белгиланди.

Қайд қилинишича, 2023 йил 2 март куни Наманган тумани Экология бўлими инспекторлари томонидан ўтказилган рейдда B.M. томонидан ёши 100 йилга яқинлашган 4 туп қимматбаҳо садақайрағоч дарахти кесиб юборилгани ва ўсимлик дунёсига 326,8 млн сўм миқдорида зарар етказилгани аниқланган.

Туман прокуратураси ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 198-моддаси (Экинзор, ўрмон ёки бошқа дов-дарахтларга шикаст етказиш ёки уларни нобуд қилиш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатди.

Жиноят иши туман суди томонидан кўриб чиқилди ва B.M. айбдор деб топилиб, унга нисбатан 2 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Шунингдек, ўсимлик дунёсига етказилган зарарни ундириш белгиланди.

 

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид