09:45 / 11.07.2023
6091

Берлинда россиялик фаол одам ўлдиришга уринишда айбланмоқда

Берлин прокуратураси россиялик фаолни қотилликка уриниш ва РИА «Новости» идорасига ўт қўйишга уринишда айблади.

Фото: Christoph Soeder/AFP/Getty Images

Берлин Бош прокуратураси Германия пойтахтидаги РИА «Новости» биносига ўт қўймоқчи бўлган россиялик диссидентга айблов қўйди. Идоранинг 10 июль, душанба куни чоп этилган баёнотида айтилишича, 55 ёшли Россия фуқароси бошқа нарсалар қаторида қотилликка уриниш ва ўт қўйишга уринишда айбланмоқда

Прокуратура маълумотларига кўра, 2022 йил апрель ойи охирида айбланувчи Россия ахборот агентлиги ходимлари эгаллаб турган кўп қаватли уйнинг ертўласига қўлбола портловчи мосламани жойлаштирган. Тергов шуни кўрсатадики, унинг мақсади бинога ўт қўйиш бўлган. Номаълум сабабларга кўра қурилма ишламаган. Бир неча кундан кейин Берлин давлат жиноий ишлар бошқармаси мутахассислари уни топиб, зарарсизлантирди.

Қайд этилишича, судланувчи ўз айбини тан олмади ва «Россия махсус хизматлари интригаси қурбони» бўлганини таъкидламоқда. «Батафсил текширув бунинг ҳеч қандай далилини топмади», — дейилади баёнотда. Ўт қўйишга уриниш айбловларидан ташқари, россиялик COVID-19 пандемияси даврида давлат субсидиясини олишда ҳамда ижарага олган квартирасида газ ва электр энергияси билан фирибгарликда айбланмоқда.

Эркак 2022 йил 14 декабрда ҳибсга олинган, деб ёзади Бош прокуратура. Ҳибсга олинишидан олдин у Россия президенти Владимир Путин ва унинг режимига қарши оммавий ҳаракатлар, масалан, Берлиндаги Россия элчихонаси олдида норозилик лагери ташкиллаштирган. 

Немис ОАВнинг хабар беришича, айбланувчи - россиялик фаол, UnKremlin ҳаракати асосчиси ва Россиянинг Германиядаги элчихонаси яқинида намойишлар ташкилотчиси Дмитрий Б.дир. Унинг қўлга олингани ҳақидаги маълумот аввалроқ DW мухбирига фаолга яқин манба томонидан тасдиқланган. 

Top