Жаҳон | 11:25 / 13.07.2023
24130
5 дақиқада ўқилади

«Биз НАТОда бўламиз» — Зеленский Вилнюсдаги саммит якунлари ҳақида

Литвадаги йиғилишда Украинага алянсга кириш йўлида ёрдам ваъда қилинди.

Фото: Doug Mills / AFP / Scanpix / LETA

Вилнюсда НАТО саммити якунланди. Литва пойтахти 11–12 июл кунлари мезбонлик қилган йиғилишнинг асосий мавзуларидан бири Украинанинг алянсга қўшилиши масаласи бўлди, бу давлат ўзини имкон қадар тезроқ НАТО аъзоси сифатида қабул қилишларини сўрамоқда. Саммитнинг биринчи кунида НАТО аъзоси бўлган давлатлар Украинанинг аъзолик жараёнини соддалаштиришга розилик берди, аммо мамлакатни алянсга таклиф этиш бўйича қарор қабул қилинмади. Иттифоқчилар Украина алянсга блокнинг барча аъзолари рози бўлганида, расмий Киев эса айрим шартларни бажарганида (Украина президенти Володимир Зеленский айнан қайси шартлар ҳақида гап кетаётганидан хабардор эмаслигини айтган) қабул қилишларини билдирган. Саммит якунлари бўйича чиқарилган баёнотда Украина алянсга қачон таклиф қилиниши мумкинлиги борасида гап бормаган. Аввалроқ иттифоқчилар бу фақат уруш якунланганидан кейин рўй бериши мумкинлигини қайд этишганди.

Володимир Зеленский НАТО саммити доирасидаги 12 июл кунги йиғилишда иштирок этди. Украина президент Вилнюсга 11 июл куни учиб келганди, шу куни у Литва президени Гитанас Науседа билан митингда қатнашди, саммитда эса иккинчи куни кўриниш берди. Зеленский 1997 йилдан буён мавжуд бўлган Украина — НАТО комиссияси асосида ташкил этилган Украина — НАТО Кенгашининг илк йиғилишида қатнашди. Йиғилишда алянс мамлакатлари етакчилари, жумладан Украинанинг муҳим иттифоқчилари — АҚШ ва Буюк Британия раҳбарлари ҳам жам бўлишди. «Кенгаш ташкил этилиши бизда алянснинг бир қисми бўлиш ҳиссини уйғотади», деди Зеленский. Кун давомида Зеленский НАТО мамлакатлари етакчилари билан кўплаб учрашувлар ўтказди, жумладан АҚШ президенти Жо Байден билан ҳам.

«Катта еттилик» мамлакатлари Украина учун хавфсизлик кафолатлари ҳақидаги баёнотни қабул қилишди. G7 мамлакатлари Киевга ҳарбий ва молиявий ёрдам кўрсатишга, разведка маълумотлари алмашинувини давом эттиришга келишиб олишди, шунингдек Россия ҳозирги можаро якунланганидан кейин ҳам Украинага яна ҳужум қиладиган тақдирда, зарур чораларни қабул қилишга ваъда беришди. Шунингдек ушбу мамлакатлар Украина билан «ҳозирги вақтда Украинани ҳимоя қилишга ва келажакда Россия тажовузини тўхтатишга» қодир қўшин яратиш учун «икки томонлама, узоқ муддатли хавфсизлик бўйича аниқ мажбуриятлар ва келишувлар» устида ишлашга ваъда берган. «Бизнинг қўлловимиз узоқ келажакда ҳам сақланиб қолади. Бу бизнинг Украинага содиқлигимизни кўрсатувчи кучли баёнотдир», — деган Жо Байден Зеленский ва «Катта еттилик» етакчилари билан саҳнада турган ҳолда. Зеленский учрашув якунларини «сезиларли ютуқ» деб атади.

Вилнюсга келишидан олдин Зеленский НАТО мамлакатларини Украинани алянсга қабул қилишдаги ноаниқлик туфайли «заифлик»да айблаганди. Зеленский Украинани НАТОга таклиф этиш учун аниқ муддат йўқлиги фактини «бемисл ва абсурд» деб атаганди. Бунга жавобан Буюк Британия мудофаа вазири Бен Уоллес Украина баъзида ғарбнинг ёрдами учун фаоллик билан миннатдорчилик изҳор этиб туриши лозимлигини таъкидлаганди. Уоллес 2022 йилда Киевга бориш учун 11 соат сарфлагани, у ерда эса унга дарҳол зарур қуроллар рўйхатини тутқазишганини эслади. «Мен уларга айтдим: „Биласизми, биз Amazon эмасмиз“», — дея хотирлади вазир. Жо Байден билан учрашув якунларига кўра матбуот анжуманида қатнашган Зеленский эса Украина кўрсатилаётган ёрдам учун «ҳамиша миннатдор бўлгани»ни айтди. «Мен шунчаки биз яна қандай миннатдорчилик билдиришимиз кераклигини билмайман. Балки эрталаб уйғониб, вазирга раҳмат айтишимиз керакдир. Яхшиси унинг ўзи менга қандай раҳмат айтиш кераклиги ҳақида ёзиб юборсин ва мен шундай миннатдорчилик билдираман», — деди у.

Володимир Зеленский НАТОнинг Вилнюсдаги саммитидан сўнг Украина учрашувдан «катта позитив» олганини билдирди:

Биз чиндан ҳам бирлашишга эришдик ва етакчилар Украинани қўллаб-қувватладилар. Улар Украина НАТОда бўлишини якдиллик билан қўллашди. Бу қачон бўлишини айтадиган бўлсам, ишончим комилки, бундай қўллов ва Украина — НАТО Кенгаши йиғилишидаги ҳар бир етакчининг баёнотларига кўра, мен ҳисоблайманки, хавфсизлик соҳасидаги вазият барқарорлашиши билан биз НАТОда бўламиз.

Мавзуга оид