Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
iPhone'ни излаб: турклар нега телефон олиш учун қўшни давлатларга йўл олади?
7 июл куни Туркиянинг Гуржистон, Греция ва Болгария билан чегарасида узун навбатлар пайдо бўлди. Туркияликлар кун охирига қадар телефон сотиб олиб, уйга қайтиб қурилмани рўйхатдан ўтказишга шошилишди. Чунки 8 июлдан мамлакатда телефонни рўйхатдан ўтказиш учун тарифлар кескин қимматлади.
Рўйхатдан ўтиш учун бир кун муддат
Туркияда дунёдаги кам сонли давлатлар қаторида телефон мамлакат ҳудудида ишлаши учун уни IMEI код орқали рўйхатдан ўтказиш талаб қилинади. Яъни Туркияга хориждан олиб кирилган телефонга маҳаллий симкарта қўйилганидан бошлаб 120 кун ичида қурилма IMEI код олиб рўйхатдан ўтмаса, блокланади. Бундай код олиш нархи ҳам арзон эмас – 235 АҚШ доллари. Мана шу тариф 8 июлдан бошлаб бирданига 220 фоизга ошиб, 20 минг лира, яъни 767 долларга етди. Қизиғи, бу ҳақда 6 июл куни чиқарилган қарор ОАВда 7 июл куни эълон қилинди. Туркияликларга хориждан сотиб олинган телефонни IMEI орқали рўйхатдан ўтказиш учун бир кундан камроқ вақт берилди.
Нега қўшни давлатларга боришди?
7 июл куни туркияликлар қўшни Гуржистон, Болгария ва Греция чегарасини ёппасига кесиб ўтаётгани, чегара пунктларида узундан узун навбатлар пайдо бўлаётгани акс этган видеолар тарқалди. Гап шундаки, охирги йилларда лира курси мўътадил эмаслиги, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш ва контрабанданинг олдини олишни кўзлаб жорий қилинган турли қўшимча тўловлар сабаб Туркияда мамлакатда ишлаб чиқарилмаган смартфонлар нархи жуда қиммат.
Турли манбаларга кўра, дунёдаги энг қиммат iPhone 14 Pro смартфони айнан Туркияда сотилади. 128 GB хотирага эга бундай гаджетни Туркияда 2200 долларгача сотишган. iPhone нархи бўйича узоқ вақт дунёда энг қимматчи давлат бўлган Бразилияда эса бундай смартфон 1850 доллар атрофида сотилган. Таққослаш учун, АҚШда iPhone 14 Pro нархи 999 доллардан бошланган ва ҳозирда янада арзон. iPhone 14 смартфонининг АҚШда 829 доллар турган оддий маркаси Туркияда 1700 долларгача пулланган. Кейинчалик нарх 1500 долларгача тушиб борган, аммо ўшанда ҳам Туркиядаги iPhone дунёда энг қиммати бўлиб қолаверган.

От билан iPhone олиш томон
Қўшни давлатларда, масалан, Гуржистонда iPhone'ни Туркиядагидан икки баравар арзонга сотиб олиш мумкин. Гуржистонга яқин шаҳарлардаги турклар шу сабаб 7 июл куни ўз машинасида қўшни давлатга ўтиб смартфон сотиб олишга шошилди, айниқса iPhone. Чунки бир кун кеч қолишса, улар смартфонни рўйхатдан ўтказиш учун қўшимча 500 доллар тўлаши керак бўларди.
7 июл куни Батумидаги телефон сотадиган дўконлар туркиялик харидорлар сони кўпайгани сабаб бир ойлик савдосини қилиб олгани ҳақида хабар берган. Туркияликлар чегарани ёппасига машинада кесиб ўта бошлагач, постларда бир неча км навбатлар юзага келди. Тирбандликдан қочиш мақсадида одамлар Гуржистон чегарасини пиёда, велосипедда ва ҳатто отда кесиб ўтишган.
Нега Туркияда телефон қиммат?
Ражаб Тоййиб Эрдўған олиб бораётган иқтисодиётдаги қўл бошқаруви сиёсати мамлакатда инфляция 20 йилда илк марта 80 фоизга етишига олиб келди. Оқибатда ҳамма нарсанинг нархи кўтарилди, айниқса четдан олиб келинган маҳсулотларнинг. Туркиянинг ўзида смартфон ишлаб чиқарилишига қарамай, мамлакатда iPhone'га бўлган талаб ошгандан ошиб борди.
Лира курси ўйнайвергани сабаб 2021 йил Apple бир муддат Туркияда ўз смартфонлари савдосини тўхтатганди. Ўшанда лира курси бир неча соат ичида долларга нисбатан 15 фоизга қадрсизланган, савдолар тикланиши билан Apple ўз маҳсулотлари нархини 25 фоизга оширишга мажбур бўлганди. AppStore учун тўлов нархлари ҳам курс сабаб ошиб кетади.
2022 йил декабр ойида ҳам Туркиядан Гуржистонга жуда кўпчилик iPhone сотиб олиш учун ўтган. Гуржистон ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, ўтган йил декабр ойининг ўзида мамлакатга 220 минг туркиялик келган. Бу 2021 йил декабр ойи билан таққослаганда 468 фоизга кўп дегани. Уларнинг аксари эса iPhone сотиб олиш учун қўшни мамлакатга ўтган. Ўша ойда Гуржистонга энг кўп фуқаролари бориши бўйича рўйхатда айнан Туркия етакчи бўлган.
Туркиядаги сайёҳлик ширкатлари эса имкониятдан фойдаланиб Гуржистонга бир кунлик «телефон турлар» ташкил қилишган. Гуржи сотувчилар эса турк меҳмонларнинг вақтини тежаш мақсадида шундоққина чегара яқинида телефон дўконлар очиб савдо қилишган.
Туркия нега бундай қилади?
Анқара телефонни рўйхатга ўтказишга қўйилган бундай юқори тарифлар орқали ноқонуний миргацияни жиловлашни мақсад қилган. Гап шундаки, Туркияда бўлиб турган хорижликлар маҳаллий симкарта олиб ишлата бошласа, 120 кун ичида IMEI код олмаса, телефон блокланади.
Хорижликлар турк симкартаси олмай, масалан, 4G интернет модем орқали смартфонини ишлатиб юрса, муаммо йўқ. Аммо қўнғироқларни амалга ошириш учун улар албатта турк симкартаси қўйиб, IMEI код олиши шарт. Роуминг орқали қўнғироқларни амалга ошириш эса қимматга тушиб кетади. Симкартасиз телефонда яна бошқа муаммолар пайдо бўлади. Масалан, Viber орқали кимгадир телефон қилиш учун сиз мобил интернетда фойдаланишингиз керак, буни Wi-Fi орқали қилиб бўлмайди. Телефонни IMEI орқали рўйхатдан ўтказиш учун эса яшаш рухсатномаси керак. Бундай рухсатномани олган мигрант қайсидир маънода назорат остида бўлади.
Шунингдек, бундай тўловлардан давлат ғазнасига яхшигина пул тушади. Сайлов олдидан Эрдўған мамлакатда бюджет харажатларини оширган, йил бошидаги зилзила оқибатларини бартараф этиш ишлари кетаётган вақтда эса ортиқча пул зарар қилмайди. Шунингдек, Туркия бу қарори орқали маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватламоқчи бўлади. Чунки маҳаллий телефонларни рўйхатдан ўтказишда бошқача турдаги тарифлар амал қилади ва улар одатда сотиб олинган телефон нархига қўшиб юборилган бўлади.
Туркияда июл ойида фақат телефонларни рўйхатдан ўтказиш эмас, бошқа тўловлар ҳам оширилмоқда. ОАВ паспорт, виза олиш учун ҳам тўловлар 50 фоизга оширилиши ҳақида ёзган. Меҳмонхона ва ресторанлар учун эса қўшилган қиймат солиғи 8 фоиздан 10 фоизга ошиши мумкин.
Мавзуга оид
08:21 / 07.03.2026
ЕИ гуржистонлик дипломатлар учун визасиз режимни тўхтатди
11:17 / 10.02.2026
ЕИ илк бор учинчи давлатлар портларига санкция қўллашни кўриб чиқмоқда
16:15 / 01.02.2026
Туркияда автобус ағдарилиши оқибатида 8 киши ҳалок бўлди
09:03 / 31.01.2026