Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
ЕИ гуржистонлик дипломатлар учун визасиз режимни тўхтатди
Гуржистоннинг дипломатик, хизмат ва расмий паспорт эгалари учун визасиз режим тўхтатилишига мамлакатнинг демократия ва инсон ҳуқуқлари соҳасидаги мажбуриятларни бузгани сабаб бўлган, деб маълум қилди Брюссел.
Фото: GIORGI ARJEVANIDZE/AFP
Европа Иттифоқи Гуржистоннинг дипломатик, шунингдек хизмат ва расмий паспорт эгалари учун визасиз режимни тўхтатди. Энди улар Шенген ҳудудига расмий мақсадларда кириш учун визага эга бўлиши керак. Бу ҳақда 6 март, жума куни эълон қилинган Европа комиссияси матбуот баёнотида айтилган.
Европа комиссиясига кўра, бу чора Гуржистон томонидан “демократия ва асосий инсон ҳуқуқлари соҳаларида визасиз режим доирасида олинган мажбуриятларни қасддан ва тизимли равишда бузилиши” муносабати билан қабул қилинган. Ҳужжатда шундай дейилади: “Гуржистон ҳукуматининг 2024 йил октябридан бери амалга ошираётган ҳаракатлари, жумладан норозилик намойишларини, мухолифатчи сиёсатчиларни ва мустақил оммавий ахборот воситаларини бостириши мамлакатдаги вазиятга салбий таъсир кўрсатди ҳамда бир қатор асосий ҳуқуқлар ва халқаро ҳуқуқий нормаларнинг бузилишига олиб келди. Гуржистон, шунингдек, Европа Иттифоқининг виза сиёсатига мос келмади, ҳолбуки бу визасиз режимни сақлаб қолишнинг зарур шарти ҳисобланади”.
“Агар ҳукумат ўз халқига қарши чиқса, журналистларнинг овозини ўчирса ва эркинликни чекласа, бунинг оқибатлари бўлади. Европа Иттифоқи Гуржистон демократик тамойиллардан чекингани учун унга ажратилган молиялаштиришни аллақачон тўхтатган. Бугун Европа ҳукуматга алоқадор шахсларнинг, жумладан дипломатларнинг Европа Иттифоқига киришини чекламоқда. Гуржистон халқи бизнинг тўлиқ қўллаб-қувватлашимиздан фойдаланади, аммо бизнинг иттифоқимизда зўравонлик ва репрессияларни ифодаловчиларга ўрин йўқ”, — дея изоҳ берди Европа Иттифоқи ташқи сиёсат раҳбари Кая Каллас.
Визасиз режимнинг вақтинчалик тўхтатилиши 12 ой, яъни 2027 йил 6 мартгача давом этади. Агар Гуржистон ҳукумати бошқарув ва қонун устуворлиги соҳасидаги муаммоларни бартараф этмаса, Европа комиссияси бу чорани яна 24 ойга узайтириши, шунингдек, чекловни Гуржистоннинг барча фуқароларига ҳам татбиқ этиши мумкин, дейилади Европа комиссияси баёнотида.
Гуржистон 2022 йил март ойида Украина ва Молдова ортидан Европа Иттифоқига аъзо бўлиш учун ариза топширган ва 2023 йил декабрида номзод мақомини олган эди. 2024 йил декабрида эса расмий Тбилиси мамлакатнинг Европа Иттифоқига қўшилиш жараёнини 2028 йилгача тўхтатиб туришини эълон қилди. Ноябр ойида эълон қилинган Европа комиссиясининг кенгайиш бўйича ҳисоботида айтилишича, Гуржистон кейинги вақтларда Европа комиссияси тавсияларини бажаришдан “сезиларли даражада чекинган”.
Ҳужжатда шундай дейилади: “Ҳокимиятнинг тизимли ва мунтазам репрессив ҳаракатлари, жумладан фуқаролик маконини, асосий ҳуқуқларни ва мустақил оммавий ахборот воситаларининг фаолиятини чекловчи қонунчилик, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан кучнинг ҳаддан ташқари ва жазосиз қўлланиши, шунингдек Европа Иттифоқига қарши душман риторика — буларнинг барчаси Европа Иттифоқи қадриятлари ва аъзоликка номзод мамлакатдан кутиладиган ҳаракатларга кескин зиддир.”
“Ҳозирги босқичда, агар шароит тубдан ўзгармаса, Гуржистоннинг Европа Иттифоқига олиб борувчи ҳақиқий йўли йўқ. Айни пайтда у фақат номигагина номзод мамлакат ҳисобланади”, — деди Кая Каллас.
Бироқ Гуржистон президенти Михаил Кавелашвили декабр ойида DW'га берган интервюсида, мамлакат 2030 йилга бориб Европа Иттифоқига киришга тайёр бўлишига ишонч билдирган.
Мавзуга оид
14:52 / 28.02.2026
Немцовнинг ўлдирилганига 11 йил: ЕИ жиноят ҳақида эслатди
12:20 / 28.02.2026
“Дружба” атрофидаги баҳс: Зеленский Фицони Киевга таклиф қилди
11:21 / 28.02.2026
Еврокомиссия ЕИ—Меркосур келишувини вақтинча қўллайди
21:53 / 26.02.2026