Ўзбекистон | 11:41 / 14.07.2023
10459
2 дақиқада ўқилади

Дам олиш кунлари ҳаво ҳарорати пасаяди

Ўзбекистон ҳудудига Эроннинг тропик ҳавоси кириб келиши натижасида ушбу ҳафта давомида республика бўйича жуда иссиқ об-ҳаво кузатилди.

Фото: Kun.uz

“Ўзгидромет” хабарига кўра, 11 июлда Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида, 12-13 июль кунлари қолган ҳудудларда ҳаво ҳарорати +40...+42 даражагача, шимолда, жанубда ва чўл ҳудудларда баъзи жойларда +43...+45 даражагача, Қизилқум чўлининг ғарбида баъзи жойларда +46 даражагача кўтарилди.

Бироқ кучли иссиқ давр узоқ давом этмади. 13 июль кунидан бошлаб республиканинг шимолий-ғарбий ҳудудларига Кавказ ҳудудларидан нисбатан салқин ҳаво кириб келишни бошлади ва ушбу ҳудуд бўйича ҳарорат +5...+7 даражага пасайди.

Маълум қилинишича, бугун Кавказдан кириб келаётган ҳаво республика ҳудуди бўйича ҳаракатини давом эттиради ва барча жойларда иссиқ заифлаша бошлайди. Бугун кундузи ҳаво ҳарорати +35...+39 даражани ташкил этади, энг чекка жанубда +41...+44 даражагача бўлади. Дам олиш кунлари республика ҳудудининг катта қисмида ҳарорат +33...+38 даража атрофида бўлади, фақат баъзи жойларда +39...+40 даражага етади.

14-16 июль кунлари республиканинг барча ҳудудлари бўйича асосан қуруқ ва кам булутли об-ҳаво бўлиши кутилмоқда. Баъзи жойларда шамол тезлиги 15-20 м/с гача етиши, айрим жойларда чанг-тўзон билан кузатилиши мумкин.

Пойтахтда 14-16 июль кунлари асосан кам булутли об-ҳаво бўлади, ёғингарчилик кутилмайди. Шарқий шамол йўналишини ўзгартириб, ғарбдан 3-8 м/с тезликда эсади, 14 июль кечга томон ва 15 июлда 12-15 м/с гача кучайиши, айрим жойларда чанг-тўзон билан кузатилиши мумкин. Бугун кундуз куни ҳарорат +37...+39 даража, дам олиш кунлари +35...+38 даража бўлади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид