09:37 / 19.07.2023
4691

ДХХ ҳудудларда гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйди

Давлат хавфсизлик хизмати томонидан қатор ҳудудларда гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди.

Видеодан кадр

Давлат хавфсизлик хизматининг Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ҳамкорликда Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманида жойлашган “Чинор” ЙПХ масканида тезкор тадбир ўтказилган.

Унда, Фарғона вилояти томон ҳаракатланаётган “Жентра” русумли автомашина тўхтатилиб, кўздан кечирилди. Унда йўловчи сифатида кетаётган Фарғона туманида яшовчи, муқаддам судланган фуқаронинг қўл сумкасида 981 гр “гашиш” моддаси борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.

Бошқа ҳолатда эса Қўқон шаҳрида яшовчи, муқаддам судланган фуқаро Тошкент шаҳрининг Бектемир туманида ушланиб, ундан 1 кг 76 гр “гашиш” моддаси процессуал тартибда расмийлаштириб олинди. Аниқланишича, мазкур шахс тожикистонлик наркокурьерлар томонидан контрабанда йўли билан Тошкент вилояти ҳудудига ўтказилиб, хуфия жойга яшириб кетилган ушбу моддани Тошкент шаҳрига олиб кетаётган бўлган.

Давлат хавфсизлик хизматининг Фарғона вилояти бўйича бошқармаси ва вилоят божхона бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган.

Унда, Фарғона туманида яшовчи фуқаро 495 гр “гашиш” моддасини 5 минг АҚШ долларига сотаётган вақтида ушланди. Тезкор суриштирув ҳаракатлари давомида, Қирғизистондан контрабанда йўли билан келтирилган мазкур наркотикнинг ҳақиқий эгаси – Фарғона туманида яшовчи бошқа шахс эканлиги аниқланиб, у ҳам қўлга олинди. 

Давлат хавфсизлик хизматининг Наманган вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ҳамкорликда Чуст туманида тезкор тадбир ўтказилган.

Унда, Наманган шаҳрида яшовчи фуқаро бошқарувидаги “Жигули” русумли автомашина тўхтатилиб, кўздан кечирилди. Автомашина салонида бўлган Фарғона вилояти Риштон туманида яшовчи, муқаддам судланган аёлнинг қўл сумкасида 305 гр “гашиш” моддаси борлиги аниқланиб, ўрнатилган тартибда расмийлаштириб олинди. Автомашинада Наманган шаҳрида яшовчи, муқаддам судланган фуқаро ҳам борлиги маълум бўлди. Терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида, ушбу 3 нафар фуқаро Тожикистондан келтирилган наркотик моддани Қўқон шаҳридан Наманган шаҳрига олиб кетаётгани аниқланди.

Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жинояти ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Top