11:02 / 21.07.2023
3788

ЕИ кенгаши Молдова билан савдони либераллаштириш муддатини бир йилга узайтирди

ЕИ кенгаши Молдовадан мавжуд савдо оқимларини сақлаб қолиш мақсадида ЕИга келаётган Молдова маҳсулотларига импорт божларини яна бир йилга тўхтатиб туришни маъқуллади.

Фото: Eastfruit

Европа Иттифоқи кенгаши 20 июль, пайшанба куни бир йилга – 2024 йил 24 июлгача – Молдовадан Европа Иттифоқи бозорига божсиз киришни таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар муддатини узайтирди. Кенгаш Молдовадан етти тоифадаги товарларга: помидор, саримсоқ, узум, олма, олча, олхўри ва узум шарбатига нисбатан қўлланадиган барча божхона ва импорт божлари тўхтатилишини қўллаб-қувватлади. Молдова маҳсулотларининг аксарияти бирлашма келишувига биноан Европа Иттифоқи бозорига божсиз кириш ҳуқуқига эга ва энди кенгаш қолган маҳсулотлар импортини либераллаштириш муддатини узайтирди.

Қарор Европа Иттифоқининг расмий журналида чоп этилган кундан бошлаб кучга киради.

«Чораларни янгилаш ва кенгайтириш Молдова иқтисодиётини қўллаб-қувватлайдиган Молдовадан ЕИга бўлган мавжуд савдо оқимларини сақлаб қолиш учун зарур. Бу, айниқса, Украинада давом этаётган ҳарбий ҳаракатлар ва унинг Молдовага таъсири, шунингдек, Молдова ЕИга номзод мақомини олгани нуқтайи назаридан муҳимдир», - деди Испания саноат, савдо ва туризм вакили Эктор Гомес Эрнандес, унинг сўзлари Европа Иттифоқи кенгашининг пресс-релизида келтирилган.

2022 йилнинг ёзида Европа Иттифоқи билан савдони либераллаштириш чора-тадбирлари кучга киргандан сўнг, Молдова Европа Иттифоқига экспортни қайта йўналтиришга муваффақ бўлди: Брюссел маълумотларига кўра, Молдова экспортининг умумий ҳажми 2021 йилдаги 1,8 миллиард евродан 2022 йилда 2,6 миллиард еврогача ошган. 

2021 йилги статистик маълумотларга асосланган ҳисоб-китобларга кўра, Молдова учун импорт божлари тўлиқ бекор қилингани сабабли, Европа Иттифоқи учун божхона даромадлари йўқолиши йилига 0,3 миллион еврони ташкил қилади, «шунинг учун Европа Иттифоқининг ўз ресурсларига таъсири жуда чекланган бўлади», дейилади қонун лойиҳасида. Ўтган йилнинг июнь ойида ЕИ кенгаши Молдовага Европа Иттифоқи аъзолигига номзод мақомини берган эди. 

Top