Жаҳон | 21:23 / 25.06.2024
4371
3 дақиқада ўқилади

Украина ва Молдованинг Европа Иттифоқига қўшилиши бўйича музокаралар бошланди 

Дастлабки музокаралар номзодларни Европа Иттифоқи аъзолиги билан боғлиқ мажбуриятларни бажаришга тайёрлашга қаратилган. 

Фото: ZUMA Press

Люксембургда ҳукуматлараро конференция иш бошлади, унда Украинанинг Европа Иттифоқига қўшилиши бўйича дастлабки музокаралар ўтказилади. Бу ҳақда Deutsche Welle хабар берди. 

Анжуманда Киев ва Брюсселдан расмий делегациялар иштирок этмоқда. 13 кишидан иборат Украина делегациясига бош вазир ўринбосари Олга Стефанишина бошчилик қиляпти. Европа Иттифоқидан алянснинг барча 27 давлатидан вазирлар иштирок этмоқда, делегацияга Белгия ТИВ раҳбари Ҳажа Лабиб раҳбарлик қиляпти. 

«Бугун биз бошлаган музокаралар жиддий ва меҳнатталаб бўлади. Биз қатъият ва фидойилик билан уларни муваффақиятли якунлаш қобилиятингизга ишонамиз», деди у. 

Associated Press хабарига кўра, 25 июн куни Молдованинг Европа Иттифоқига қўшилиши бўйича ҳам расмий музокаралар бошланади. 

«Украина ва Молдова халқлари ушбу лойиҳанинг бир қисми бўлишга қатъий содиқлик ва қатъиятни намойиш этди. Уруш ва нотинч даврларда ҳам кенг кўламли ислоҳотларни бошлаб юбордилар. Улар йўл қаттиқ ва машаққатли бўлишини билишади. Музокаралар номзодларни Европа Иттифоқи аъзолиги билан боғлиқ мажбуриятларни бажаришга тайёрлашга қаратилган. Шу туфайли йўл қисқа бўлмайди», деди Европа Комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен. 

Конференциядан сўнг, тахминан июл ойида музокараларнинг асосий қисми – скрининг деб аталадиган тайёргарлик жараёни бошланади. У икки томонлама учрашувларни ифодалайди, унда Украина ва Молдова 35 музокаралар бўлими бўйича ўз қонунчилигини Европа Иттифоқи қонунчилигига яқинлаштириш даражасини тақдим этади. Жараённинг якунланиши Европа Комиссиясининг ҳисоботи бўлади. Бу жараён бир йил давом этиши кутилмоқда, бироқ Европа Иттифоқи расмийларидан бири Брюсселдаги брифингда таъкидлаганидек, Украина ва Молдова мисолида у эртароқ тугаши мумкин, чунки иккала давлатнинг тайёргарлик даражаси яхши. 

Украина Россия қўшинларининг кенг кўламли босқини бошланганидан сўнг дарҳол Европа Иттифоқига аъзо бўлиш учун ариза берди. Украина бош вазирининг Европа ва Евроатлантика интеграцияси бўйича ўринбосари Олга Стефанишина Украина ўз олдига 2030 йилгача Европа Иттифоқига аъзо бўлишни мақсад қилиб қўйганини айтди. 

Мавзуга оид