Жаҳон | 08:42 / 28.06.2024
5383
2 дақиқада ўқилади

Брюссел: Гуржистонни ЕИга қабул қилиш жараёни амалда тўхтатилди

Европа Иттифоқи етакчилари Гуржистон ҳукуматини мамлакатнинг иттифоққа киришига таҳдид солаётган ҳаракат йўналишини ўзгартиришга чақирди.

Фото: AP

Европа Иттифоқи давлатлари раҳбарлари Гуржистоннинг ЕИга кириш жараёни мамлакатда қабул қилинган «чет эл агентлари» тўғрисидаги қонун туфайли амалда тўхтатилганини маълум қилди. 27 июн, пайшанба куни Брюсселда бўлиб ўтган саммит якунлари бўйича эълон қилинган баёнотга кўра, бу қонун Еврокомиссиянинг Гуржистонга ЕИга номзод мақомини бериш бўйича тавсияларидан четга чиқишдир

Ҳужжатда Гуржистон ҳукумати «Гуржистоннинг Европа Иттифоқига кириш йўлини хавф остига қўювчи ва амалда қўшилиш жараёнининг тўхтаб қолишига олиб келадиган ҳаракат йўналишини ўзгартиришга» чақирилади. 

Гуржистон 2023 йил декабрида Европа Иттифоқига кириш учун номзод давлат мақомини олди. Шу ҳафта бошида Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррел ЕИ мақомни бекор қилиш масаласини кўриб чиқиши мумкинлигини айтди. 

Гуржистонда «чет эл агентлари» тўғрисидаги қонун 

Гуржистон мухолифати Россиянинг «чет эл агентлари» ҳақидаги қонуни нусхаси деб атайдиган «Хорижий таъсирнинг шаффофлиги тўғрисида»ги қонун июн ойи бошида кучга кирди. Гуржистон парламенти раиси Шалва Папуашвили фуқаролар ва мухолифатнинг кенг кўламли норозиликлари, шунингдек, президент Саломе Зурабишвилининг вето қўйганига қарамай, 3 июн куни уни имзолади.

Қонун кучга киргандан сўнг, Гуржистон Адлия вазирлиги 60 кун ичида барча меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиши ва 20 фоиздан ортиқ маблағни хорижий манбалардан оладиган нодавлат нотижорат ташкилотлари электрон порталини яратиши шарт. Улар 2023 йил учун молиявий ҳисоботларини эълон қилади. 

Мавзуга оид