Запорижжя вилояти Украина қарши ҳужумининг асосий йўналишига айланди – ОАВ
Украина Қуролли кучлари Мелитополни озод қилишга уринмоқда. Шунингдек, Қрим яриморолини артиллерия зарбаси масофасига яқинлаштиришга ҳаракат қилмоқда.
Украина армиясининг давом этаётган қарши ҳужуми доирасидаги асосий зарбаси мамлакат жануби-шарқида тўпланган. Бу ҳақда Пентагон расмийларига таяниб The New York Times хабар берди.
Амалиётда минглаб ҳарбий хизматчилар иштирок этмоқда, уларнинг аксарияти Ғарбда тайёргарликдан ўтган ва яқин кунларгача захирада бўлган.
NYT қайд этишича, манбалар сўзларини артиллерия жанглари кетаётган Запорижжя вилоятидаги фронт чизиғидан олинган хабарлар тасдиқлайди. Украина армиясининг хабар беришича, у жанубий фронтда рус қўшинларини кескин силжишларсиз бўлсада, аста-секин орқага сурмоқда. Ҳужумни миналаштирилган майдонлар, шунингдек, Россия артиллерияси ва самолётлари секинлаштирмоқда.
Украина расмийлари қўшинлар жанубга, Токмак шаҳрига, ундан кейин Мелитополга қараб ҳаракатланишга уринаётгани ҳақида Қўшма Штатларни огоҳлантирган. Ушбу операциядан мақсад Қрим ва Украина жанубидаги бошқа босиб олинган ҳудудлар ўртасидаги қуруқлик кўпригини йўқ қилиш ёки ҳеч бўлмаганда яриморолни Украина артиллериясининг зарба масофасига яқинлаштириш учун бу йўналишда етарлича олдинга силжишдир. Ушбу операция бир ҳафтадан уч ҳафтагача давом этиши мумкин.
Украина Қуролли кучларининг Запорижжя вилояти жануби-ғарбидаги ҳужуми Украина армияси Россиянинг мудофаа позицияларини ёриб ўтишга муваффақ бўлганидан далолат беради, деб ёзди Bloomberg. Агентликнинг таъкидлашича, Украина президенти Володимир Зеленский 27 июлдаги мурожаати чоғида қарши ҳужум бошлангани ҳақидаги хабарларни қўллаб-қувватлаган. «Бугун фронтдаги йигитларимиз жуда яхши натижаларга эришди. Ажойиб. Тафсилотлар кейинроқ», деди Зеленский.
Мавзуга оид
20:12 / 22.11.2024
«Афтидан қўрқинчли, аммо ҳеч нарсани ўзгартиролмайди» — «Орешник» қанақа ракета?
14:17 / 22.11.2024
Венгрия Украина билан чегарада ҲММ тизимларини ўрнатиш ниятида
09:12 / 22.11.2024
Британия Украинадаги вазият кескинлашганини маълум қилди
22:23 / 21.11.2024