Жаҳон | 14:39
7181
3 дақиқада ўқилади

Украина Таганрог портида танкер, икки самолёт ва «Искандер» тизимини йўқ қилди

Украина дронлари 30 майга ўтар кечаси Ростов областидаги Таганрог шаҳрига, Краснодар ўлкасидаги Армавирга ҳамда аннексия қилинган Қримдаги Феодосияга ҳужум қилди.

Таганрог портидаги нефт танкерига зарба

Ростов области губернатори Юрий Слюсар Таганрог портида танкер ва ёқилғи сақланувчи резервуарлар, шунингдек, маъмурий бино ёниб кетганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, жабрланганлар йўқ.

Шаҳар мэри Светлана Камбулова хабар беришича, портда «причалдаги юклаш инфратузилмаси» ҳам шикастланган, шаҳарда эса бир неча биноларнинг, жумладан, болалар боғчаси деразалари тўкилган. Унинг маълумотларига кўра, икки киши дронлар парчаси қулаши оқибатида яраланган. Ҳужумдан кейин шаҳар расмийлари дронлар ҳужуми туфайли 27 куни жорий этилган «фавқулодда ҳолат режими чегаралари»ни кенгайтиришга қарор қилган.

Мэрнинг ҳисобот беришича, портдаги ёнғин бартараф этилган, нефт сизиб чиқиши рўй бермаган.

Украина қуролли кучлари Пилотсиз тизимлар кучлари қўмондони Роберт Бровди («Мажор» чақирув белгисига эга) Таганрог портида «яширин флот»га мансуб танкер ҳамда «Курганнефтепродукт» нефт базасига зарба берилганини маълум қилган.

Бундан ташқари, унинг сўзларига кўра, Таганрогдаги ҳарбий аэродромда Ту-142 русумли иккита самолёт ва «Искандер» ракета комплекси йўқ қилинган. Бровди аэродром ва танкерга берилган зарбалар акс этган видеоларни эълон қилган.

Зарба вақтида Таганрогдаги ҳарбий аэродромда турган Ту-142 самолётлари.
Дрон орқали олинган видеодан скриншот

Шунингдек, дронлар аннексия қилинган Қрим ҳудудидаги Феодосия шаҳридаги нефт базага ҳам ҳужум қилган. Гувоҳлар томонидан олинган кадрларда ҳужумдан кейин базада ёнғин чиққани акс этган.

Феодосиядаги нефт базасига ҳужумдан кейин чиққан ёнғин
Феодосиядаги денгиз нефт терминалига ҳужум вақти олинган видеодан скриншот

Қримда Украина дронлари Р-280 «Новороссия» федерал трассасини (яриморолни Ростов области билан боғлайди) миналаштириши оқибатида бензин тақчиллиги бошланган. Ёнилғи қуйиш шохобчаларида бензин талон билан сотилмоқда – бир киши бир кунда 20 литрдан ортиқ ёқилғи харид қила олмайди. Шу билан бирга, кўплаб заправкаларда ёқилғи шунчаки қолмаган. Ҳудуд раҳбари Сергей Аксенов вазият яқин 30 кун ичида нормаллашишини ваъда қилмоқда.

Украина президенти Володимир Зеленский Армавирдаги нефт базасига ҳужумни алоҳида қайд этган. «Бизнинг навбатдаги узоқ масофали тадбиримиз. Бу давлат чегарамиздан 500 километр масофадаги нишон бўлди», – дея ёзган Зеленский телеграм-каналида.

«Урушни келиб чиққан жойига қайтараётганимиз жуда адолатли. Россия ўз тажовузини аллақачон тугатиши мумкин эди, аммо унинг ўзи чўзишни ва давом эттиришни танлади», – дея қўшимча қилган у.

Азиз Қаршиев
Муаллиф Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид