Ўзбекистон | 20:02 / 29.07.2023
9947
3 дақиқада ўқилади

Тоғли ҳудудларда тавсия этиладиган эҳтиёт чоралари ҳақида маълумот берилди

Тоғли ҳудудларда ёлғиз сайр қилманг. Қўшимча кийим-бош, озиқ-овқат захирасини олинг. Борадиган йўл ва манзил ҳақида яқинларингизни олдиндан огоҳлантиринг. Йўлбошловчи хизматидан фойдаланинг.

Фото: Kun.uz

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тоғли ҳудудларга борганда амал қилиш тавсия этилган эҳтиёт чоралари ҳақида маълумот берди.

Ҳеч қачон тоғли ҳудудларга бир ўзингиз чиқманг, бу хавфли бўлиши мумкин, дейилади хабарда. Агар сиз билан бирга жойни ва тоғда ўзини қандай тутишни яхши биладиган малакали саёҳатчи бўлмаса, унда тажрибали йўлбошчини ёлланг.

Агарда тоғга бир кунга чиқмоқчи бўлсангиз ҳам, қўшимча кийимларни олиш мақсадга мувофиқ. Тоғли ҳудудларда ҳаво ҳамиша ўзгарувчан бўлади, айниқса 1600 метрдан баландликда.

Агар паст жойларда иссиқ бўлса-да, тоғнинг чўққисида ёмғир ёғиши ва туман тушиши мумкин. Агар буларга шамол ҳам қўшилса, хавф икки баробар ошади.

Баландлик ҳар 100 метрга ошган сари, ҳарорат 1 даражага пасайиб боради. Мумкин қадар оёқ кийим қалин пошнали ва нам ўтказмайдиган бўлиши керак. Шиппак ва кроссовкалар кийиш тавсия этилмайди. 1 кунлик сайр учун озгина овқат, сув учун пластик идиш, нам ўтказмайдиган куртка ва бош кийим бўлиши мақсадга мувофиқ.

Агар бир неча кунга тоғга чиқишни истасангиз, ёнингизда албатта қўшимча шим, кўйлак, нам ўтказмайдиган куртка, бош ва оёқ кийим, палатка, қоп кўрпа, қозонча, карта, компас ва бир неча кунга етадиган озиқ-овқат захираси бўлишига аҳамият беринг.

Шу билан бирга, кийим-кечак ва овқатнинг оғирлигини ҳисобга олиш лозим. Чунки 2 км масофа босиб ўтилганидан кейин, тайёргарлиги йўқ одам оғир юкни кўтара олмайди.

Туман тушганида кўриш масофаси 10 метрни ташкил этиши инобатга олинса, бундай вазиятда йўқолиб қолиш жуда осон. Шунинг учун доимо ҳамроҳлар билан бирга ёнма-ён юриш керак.

Тоғга сайрга чиқишда борадиган йўл ва манзил ҳақида яқин одамларга олдиндан хабар бериш лозим.

Йўл ва манзил ҳақида жойлардаги ФВВ идоралари билан маслаҳатлашиб олиш тавсия эталади, чунки танланган йўл хавфли бўлиши мумкин.

Ўзбекистоннинг тоғли ҳудудларида йиртқич ҳайвонлар борлигини эсда тутиш лозим: айиқ, бўри ва ҳоказолар.

Нотаниш жойда биринчи навбатда режага асосан ҳаракатланинг. Агар сизлар бир неча киши бўлсангиз, доимо биргаликда ҳаракат қилинг. Тоғда ҳар қандай ҳодиса бўлиши мумкин, ҳаттоки адашиб қолиш ҳам. Тоғда кутилмаган жойларда жарликлар бўлиши мумкин.

Уяли алоқа воситаларини имкон қадар ёнингизда олиб юриш тавсия этилади. Қиш фаслида қор кўчкиси ҳолатлари кўп учрайди. Агар сиз биринчи маротаба тоғга чиққан бўлсангиз, узоқ масофага сайр қилманг.

Тоғда хавфсиз сайр қилиш учун йўлбошловчи хизматидан фойдаланинг.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид