Жаҳон | 16:30 / 31.07.2023
19108
2 дақиқада ўқилади

Кривий Риҳда турар жой биносига ракета келиб тушди, қурбонлар бор

Кривий Риҳ ўққа тутилиши оқибатида кўп қаватли бинода бир неча квартира вайрон бўлган, ҳужум оқибатида тўрт киши ўлими тасдиқланган.

Фото: MINISTRY OF INTERNAL AFFAIRS OF UKRAINE

31 июл тонгида Кривий Риҳ (русча Кривой Рог) Россия томонидан ўққа тутилди. Украина расмий шахсларига кўра, ракеталардан бири кўп қаватли турар жой биносига, бошқаси — университетнинг тўрт қаватли биносига келиб урилган.

«Ракета турар жой биносининг 4 қаватидан 9 қаватигача бўлган қисмини вайрон қилди. Ёнғин чиққан», — дея хабар қилган Украина ИИВ раҳбари Игор Клименко.

Тўрт киши ҳалок бўлгани ва 53 киши яралангани, улар орасида болалар ҳам борлиги хабар қилинмоқда.

Днипропетровск области маъмурияти раҳбари Сергей Лисакнинг айтишича, жабрланганлар шифокорларга «ёрилган ва кесилган яралар, синиш ва мина портлашидан олинган жароҳатлар» билан келмоқда.

«Уларнинг кўпчилигининг ҳолати — қониқарли. Икки нафари оғир яраланган», — деган Лисак.

Университетнинг зарбага учраган биноси. Фото: Украина ИИВ

Фавқулодда хизматлар ёнғинни ўчирмоқда ва харобаларни тозаламоқда. Расмий шахсларнинг баҳоларига кўра, харобалар остида яна камида саккиз киши қолиб кетган бўлиши мумкин.

Россия томони ҳозирча Кривий Риҳ ўққа тутилиши юзасидан ҳеч қандай баёнот бермаган.

Душанба куни Херсон шаҳрига ҳам зарба йўлланган. Украина прокурори офиси хабарига кўра, шаҳар ўққа тутилиши чоғида шаҳар коммунал корхонасининг 60 ёшли ишчиси ҳалок бўлиб, яна икки киши жароҳат олган.

Украина президенти Володимир Зеленский Кривий Риҳ ва Херсонга қилинган сўнгги ҳужумлар юзасидан муносабат билдирди. «Сўнгги кунларда душман ўжарлик билан шаҳарларга, шаҳарлар марказларига зарба бермоқда. Фуқаролик объектлари ва уй-жойларни ўққа тутмоқда. Аммо бу террор бизни қўрқитмайди ва синдирмайди. Биз ишлаймиз ва халқимизни қутқарамиз», — дея ёзган у.

Университетнинг зарбага учраган биноси. Фото: Украина ИИВ

Мавзуга оид