17:09 / 31.07.2023
19691

«Ўғлимнинг ўрнида фарзандингиз ҳам бўлиши мумкин эди» – Тошкентда ЙТҲ сабаб вафот этган ўсмирнинг отаси

Юнусобод тумани Боғишамол кўчасида Malibu-2 автомобили ҳайдовчиси пиёдалар ўтиш жойида ЙТҲ содир этиши оқибатида 17 ёшли ўсмир вафот этди. Kun.uz мухбири ҳодиса тафсилотларини ўрганиб, марҳумнинг яқинлари билан суҳбатлашди.

Жорий йилнинг 27 июль куни пойтахтнинг Боғишамол кўчасида Malibu-2 автомобили ҳайдовчиси инсон ўлими билан якунланган йўл-транспорт ҳодисаси содир этди. Ҳодиса соат 23:15 ларда 131-уй қаршисидаги пиёдалар ўтиш жойида содир бўлган. ЙТҲ оқибатида 17 ёшли Абдусамад Солибоев вафот этди. 

Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ахборот хизмати бошлиғи Қаҳрамон Худойбергановнинг маълум қилишича, ЙТҲ содир этган автомашина бошқарувида 2002 йилда туғилган фуқаро бўлган. Унга кўра, гувоҳлар ҳайдовчи белгиланган тезликка амал қилмай ҳаракат қилганини таъкидлаган.

Маълум бўлишича, марҳум мактабни шу йил тугатиб, олий таълим муассасалари имтиҳонларига тайёрланаётганди. Ўша куни у спорт машғулотидан уйига қайтаётган бўлган.

Фото: Kun.uz

Унинг онаси ўғли меҳрибон, дўстлари билан аҳил-иноқ бўлганини айтди.

«Имтиҳонларга тайёргарлик кўраётган эди. Она, бу ҳаракатларим сиз учун, дерди. Жуда меҳрибон эди, бирор марта гап қайтарганини эслолмайман. Дўстлари, таниш-билишлари билан ҳам аҳил эди. Қўшниларимиз ҳам кўзёш тўкяпти, чунки доим уларнинг ҳам ҳурматини қиларди. IT курсларига ҳам ўқиганди, шу соҳада кетмоқчи эди. 

Бизда пиёдаларга эътибор бермайди, машинага ўтириб олишса бўлди, йўл эгасиман деб ўйлашади. Бир неча сония кетади-ку шу одам ўтиб кетишига, тўхтаб туришса нима қиларкан...», дея кўзи ёшланди Дилноза Солибоеванинг.

Воқеа содир бўлган ҳудудда яшовчи Шоира Юнусова Kun.uz билан суҳбатда мазкур пиёдалар ўтиш жойида бахтсиз ҳодисалар мунтазам равишда содир бўлиши, фуқаролар ушбу кўчани кесиб ўтишга қўрқишини айтди.

«Кўчанинг ўша қисми светофор қўйилиб тартибга солинмаган. Машиналар тўхтаса ўтоласиз, бўлмаса, йўқ. Бундай воқеалар кўп бўлади, асосан, ҳайвонот боғи ёнида. Аксар ҳолатда ҳайдовчилар ёшлар бўлади. Ўзим билан ҳам хавфли ҳолатлар бир неча марта бўлган», дейди Юнусова.

Марҳумнинг отаси эса тез юраётганларга йўлда ўзининг ўғли билан ҳам шундай ҳодиса содир бўлиши мумкинлигини кўз олдига келтириб кўришларини сўради.

«Ҳамманинг ҳам фарзанди бор. Ўзининг фарзандини, яқинларини тасаввур қилишсин. 17 ёшли ўғлимни йўқотдим. Жуда яхши бола эди. Шу тез юраётганлар ўз фарзандини ҳам ўйласин. Ҳайдолмайдиган ҳолатда бўлса, рулга ўтирмасин. Инсоф берсин.

Японияларда пиёдалар ўтиш жойида темир қозиқлар кўтарилади. Бизда ҳам пиёдалар ўтиш жойларига эътибор беришлари керак. Машинага ўтирганлар, ақл-ҳушингизни йиғиб олинглар», дейди марҳумнинг отаси Муҳаммадали Солибоев.

Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ Тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Маълумот учун, аввалроқ Олмалиқ шаҳрида Дамас ҳайдовчиси пиёдалар учун ажратилган махсус йўлакдан ўтаётган ўқувчи қизларни уриб юбориши оқибатида улардан бири вафот этганди. Ҳайдовчи 6 йилга қамалди, 2 йилга транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинди. Тошкент шаҳрида эса Matiz ҳайдовчиси содир этган ЙТҲ оқибатида пиёдалар йўлагини кесиб ўтаётган 8 яшар қиз ҳалок бўлганди.

Top