11:09 / 02.08.2023
4667

Европарламент Қорабоғдаги инқироз кучайиб бораётганидан хавотирда

Тоғли Қорабоғдаги ҳуманитар вазиятнинг кескин ёмонлашиши халқаро ҳамжамиятнинг шошилинч эътиборини талаб қилади, дея маълум қилди Европарламент. Боку Лочин йўлаги блокадасини тугатиши керак, деб ҳисоблаяпти Брюссел.

Фото: Karen Minasyan/AFP via Getty Images

Боку халқаро мажбуриятларни бузиши натижасида Тоғли Қорабоғдаги ҳуманитар вазият оғирлашмоқда, деб маълум қилди 1 август, сешанба куни Европарламент. «Биз Озарбойжон томонидан 2020 йил 9 ноябрдаги ўт очишни тўхтатиш бўйича мажбуриятларини ва БМТ Халқаро судининг қонуний кучга кирган қарорини бузган ҳолда, Лочин йўлагининг блокадаси давом этаётгани сабабли Тоғли Қорабоғдаги ҳуманитар вазият кескин ёмонлашаётганидан чуқур хавотирдамиз», — дейилади Европарламентнинг Жанубий Кавказ билан алоқалар бўйича делегацияси раҳбари Марина Кальюранд, Европарламентнинг Арманистон бўйича маърузачиси Андрей Ковачев ҳамда Озарбойжон бўйича маърузачи Желяня Зовконинг қўшма баёнотида.

Улар Бокуни блокадани зудлик билан тўхтатишга, «ҳуманитар фалокатнинг олдини олиш бўйича» халқаро келишув ва меъёрларга риоя қилишга чақирди. Европарламент депутатлари эслатишича, март ойида Европарламент Европа Иттифоқи кенгашини БМТ Халқаро судининг февралдаги қарори зудлик билан амалга оширилмаса, Озарбойжон давлат амалдорларига қарши мақсадли санкциялар жорий этишга чақирган. Июнь ойида эса Европарламент йиғилишида Европа Иттифоқининг ташқи ишлар бўйича олий вакили Жозеп Боррел ЕИ кенгашида бундай санкцияларни жорий этиш мавзусини кўтариш мажбуриятини олди. 

Маърузачилар фикрича, инқироз кучайиши халқаро ҳамжамиятнинг шошилинч эътиборини талаб қилади. «Деярли саккиз ойдан бери Тоғли Қорабоғ аҳолиси қамал оқибатларидан азият чекмоқда, фақат маҳаллий ишлаб чиқариш ва инсонпарварлик ёрдами, жумладан, Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси (ХҚХҚ) эвазига омон қолмоқда. Озарбойжон томонидан блокаданинг узайтирилиши сўнгги ҳафталарда инсонпарварлик ёрдами, асосий озиқ-овқат маҳсулотлари, ҳаётий тиббий буюмлар ва бошқа зарур товарлар танқислигига олиб келди», - деб ёзади европалик парламентарийлар. 

Озарбойжоннинг ўз ҳудудига Агдам йўли орқали ёрдам кўрсатиш таклифи унинг Лочин йўлаги бўйича мажбуриятлари билан боғлиқ эмас, дея таъкидлади Европарламент. Депутатлар қўшимча йўналишлар очиш алоҳида масала эканлигини, буни Боку ва Степанакерт ўртасидаги тўғридан тўғри музокараларда келишиб олиш кераклигини таъкидлади. «Минтақада ҳуманитар ёрдамга рухсат берилиши керак, ҳар қандай тўсиқлар халқаро ҳуманитар ҳуқуқнинг бузилишини англатади», деб хулоса қилди Кальюранд, Ковачев ва Зовко.

Top