07:40 / 26.04.2024
3530

Қорабоғ собиқ «бош вазири» Варданян тергов изоляторидаги очликни тўхтатди

Тан олинмаган Қорабоғ Республикаси собиқ «бош вазири» Рубен Варданян уч ҳафта олдин Озарбойжон тергов изоляторида бошлаган очликни тўхтатди. Миллиардер 2023 йил сентябридан бери Бокуда ҳибсда сақланмоқда.

Фото: REUTERS

Ўзини мустақил деб эълон қилган Қорабоғ Республикаси собиқ «ҳукумат раҳбари», тадбиркор Рубен Варданян Озарбойжон тергов изоляторида деярли уч ҳафта давом этган очликни тўхтатди. Бу ҳақда унинг оиласи Варданяннинг Telegram-каналида 25 апрел, пайшанба куни кечқурун чоп этган баёнотда айтилади

«Рубен Варданяннинг оиласи ниҳоят уни очликни тўхтатишга кўндира олди, чунки унинг соғлиғи ва қамоқда сақлаш шароити ёмонлашаётгани сабабли, оила аъзолари турли мамлакатларда Озарбойжонга нисбатан босим кучайиб бораётгани ҳақида хабар берди. Рубен Варданян оила аъзоларининг шошилинч илтимосига кўнди ва ўз яқинлари тинчлиги учун очликни тўхтатишга рози бўлди», — дейилади баёнотда. 

Варданяннинг қўлга олиниши

«Тройка Диалог» сармоявий компаниясининг собиқ раҳбари ва асосий ҳамкори миллиардер Рубен Варданян 2023 йил 27 сентябр куни Қорабоғдан Арманистонга чиқиб кетмоқчи бўлган вақтда Озарбойжон чегара постида ушланган эди. Эртаси куни у ҳибсга олинди. Варданянга бир қанча моддалар, жумладан, терроризмни молиялаштириш, ноқонуний қуролли гуруҳлар тузиш ва фаолиятида иштирок этиш бўйича айблов қўйилган. Унга 14 йилгача қамоқ жазоси берилиши мумкин. 

19 апрел куни Варданяннинг оиласи у Озарбойжон тергов изоляторида очлик эълон қилганини билдирди, бу «Варданян ва унинг адвокатининг халқаро ҳуқуқ меъёрларига мувофиқ суд жараёнини ўз вақтида, адолатли ва ошкора ўтказиш бўйича қайта-қайта сўровларидан кейин» 5 апрел куни бошланган.

Top