Ўзбекистон | 18:58 / 05.08.2023
12458
3 дақиқада ўқилади

Ўқишни кўчириш учун аризалар қабули бугун якунланади

Ҳозирга қадар хориж ва нодавлат ОТМдан давлат ОТМга ҳамда давлат олий таълим муассасалариаро ўқишни кўчириш учун 72 мингдан ошиқ талабгор ариза топширди.

Ўқишни кўчириш бўйича аризалар қабули бугун, 5 август куни соат 23:59 да якунланади. 4 август ҳолатига кўра, хориж ва нодавлат ОТМдан давлат ОТМга ҳамда давлат олий таълим муассасалариаро ўқишни кўчириш учун 72 минг 183 нафар талабгор ариза топширган.

Талабгорлар аризасини қуйидаги 2 та платформа орқали топшириши мумкин:

  • transfer.edu.uz — давлат ОТМнинг биридан бошқасига;
  • my.uzbmb.uz — хорижий мамлакатларда ёки республикада фаолият юритаётган хорижий ва нодавлат ОТМдан давлат ОТМга.

Ўзбекистондаги бир давлат ОТМдан бошқасига кўчириш учун эса фақат 2 та тоифа талабаларга рухсат бор:

  • талаба турмушга чиқса, турмуш ўртоғининг яшаш жойидаги ОТМга;
  • давлат хизматчисининг иш жойи ўзгарганда фарзанди ёки турмуш ўртоғи тегишли раҳбар тавсияномаси билан ўқишини кўчириши мумкин.

Хорижий ва хусусий ОТМдан давлат ОТМга ўқишини кўчирмоқчи бўлган талабгорлар Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан ўтказиладиган тест синовларида (агар йўналишга ижодий имтиҳон олинса, ижодий имтиҳон) қатнашади. Белгиланган ўтиш баллини тўплай олган абитуриентларга ўқишини кўчиришга рухсат берилади. 

Ўтиш баллари

Бир давлат ОТМдан бошқасига кўчирмоқчи бўлган абитуриентларнинг ҳужжатлари эса кўриб чиқилиб, фақатгина юқорида белгиланган 2 тоифа талабаларга кўчиришга рухсат берилади. 

Ўқишни кўчириш учун талабгорнинг аризасига қуйидаги ҳолатлардан бири сабаб ҳам рад жавоби берилиши мумкин:

  • хорижий давлатларнинг аккредитацияга эга бўлмаган ОТМда ёки уларнинг филиалларида ўқиганларга;
  • республика ОТМдаги мавжуд таълим шаклидан ўзга (бошқа) таълим шаклида ўқиганларга;
  • ОТМнинг марказлари, бўлимлари, ўқув-маслаҳат пунктлари ва бошқаларда ўқиганларга;
  • 1-курснинг 1-семестрига 1-семестр тугалланмаган ҳолатда ўқишни кўчиришга (талабага касаллик туфайли академик таътил берилган ҳолатлар, ўқиган таълим йўналиши мавжуд бўлмаганда кўчириб тиклаш ҳолатлари бундан мустасно);
  • ОТМда мос (турдош) таълим йўналиши (мутахассислиги) ёки таълим шакли мавжуд бўлмаса;
  • намунавий ўқув режаларидаги умумкасбий ва ихтисослик (мутахассислик) фанлари бўйича фарқлар 4 тадан ошганда;
  • тўлов-контракт асосида ўқишга тавсия этилганлар тўловни белгиланган муддатда амалга оширмаганда;
  • талабанинг шахсий йиғма жилди (академик маълумотнома) белгиланган муддатларда берилмаганда;
  • давлат гранти асосида кўчириш ва қайта тиклаш давлат гранти асосида таълим олувчилар сони (қабул квоталари) доирасида бўш ўринлар мавжуд бўлмаса;
  • ОТМ моддий-техника базасининг имконияти чекланганда;
  • мақсадли қабул қилинганлар бошқа таълим йўналиши ёки таълим шаклига, бошқа ОТМга кўчириш ҳолатида ариза рад қилиниши мумкин. 
Зилола Ғайбуллаева
Тайёрлаган Зилола Ғайбуллаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид