Жаҳон | 11:12 / 08.08.2023
11880
2 дақиқада ўқилади

Оқ уй Конгрессга Украинага қўшимча пул ажратиш бўйича сўров тайёрлаяпти

АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти Украина учун қўшимча маблағ ажратиш бўйича сўров устида ишламоқда, бу сўров шу йилнинг кузида Конгресс томонидан кўриб чиқилиши мумкин, дея хабар берди CNN армиянинг харидлар бўлими бошлиғи Дуг Бушга таяниб.

Фото: Reuters

Унинг сўзларига кўра, сўровнинг тафсилотларини Оқ уйнинг бюджет бошқармаси томонидан ҳали аниқланиши керак. 

«Аммо мен ўйлайманки, бизда жуда кучли иш бўлади ва биз Конгрессдан кейинги молиялаштириш – хусусан, Украинани қўллаб-қувватлаш учун ўқ-дорилар ишлаб чиқариш ва харидини кўпайтириш учун ёрдам олишга умид қиламиз», деди Буш. 

Май ойида Politico нашри Конгресс томонидан Украинага ёрдам кўрсатиш учун маъқулланган 48 миллиард доллардан бор-йўғи 6 миллиард доллар қолганини маълум қилганди.

Кейинчалик Пентагон Украинани қуроллантириш учун сарфлаган маблағни қайта ҳисоблаб чиқди ва уни 6,2 миллиард долларга камайтирди, бу эса камомаднинг олдини олишга ёрдам берди, дея таъкидлайди CNN.

8 август, сешанба куни Америка Қўшма Штатлари Украинага 200 миллион доллар миқдорида ҳарбий ёрдам ажратилишини эълон қилади, деб хабар берди Reuters АҚШ расмийларига таяниб. 

Бу ҳарбий техника таннархини ҳисоблашда бухгалтерия ҳисобидаги хатолик натижасида олинган 6,2 миллиард долларлик биринчи траншдир. Май ойида Пентагон Киевга етказиб берилган қуроллар нархини ошириб кўрсатганини эълон қилган ва қайта санаш натижасида қўшимча етказиб бериш эҳтимоли ҳақида огоҳлантирганди.

Янги пакетга миналардан тозалаш ускуналари, Patriot зенит-ракета комплекслари ва Javelin танкка қарши тизимлари учун ўқ-дорилар, HIMARS ялпи ўт очиш реактив тизимлари учун GMLRS реактив снарядлари, шунингдек, бошқа жиҳозлар ва ўқ-дорилар киради.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид