Ўзбекистон | 07:20 / 10.08.2023
7188
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Озарбойжон билан биргаликда кема қуриш лойиҳаларида иштирок этиши мумкин

«Ўзбекистон Каспий денгизида ўз кемаларига эга бўлишдан манфаатдор», - деди Ўзбекистон Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Транспорт ва логистикани ривожлантириш муаммоларини ўрганиш маркази директори Бекзод Холматов, деб хабар бермоқда «Дунё» Озарбойжоннинг Report.az ахборот агентлиги манбасига таяниб.

Фото: Dunyo

Бекзод Холматов Каспий денгизида ўз кемаларининг мавжудлиги Транскаспий йўналиши бўйлаб юк ташиш ҳажмининг ошишига хизмат қилишини таъкидлади. «Ўзбекистон ҳам Озарбойжон билан биргаликда кема қуриш лойиҳаларида иштирок этишдан манфаатдор. – деди у. - Тошкент бу борада бошқа давлатлар билан ҳамкорлик қилишга тайёр».

Унинг сўзларига кўра, ҳозирги пайтда Ўзбекистон Боку портида ўз терминалини қуриш бўйича ишларни олиб бормоқда.

Ўзбекистон дунёда «икки карра қулфланган» (double locked countries) тоифасига кирувчи икки давлатдан биридир. Бу шуни англатадики, океанларга чиқиш учун камида иккита давлат чегарасини кесиб ўтиш керак.

Шу билан бирга, транспорт вазири ўринбосари Ўзбекистон импортчилари Боку порти билан ҳамкорлик қилишдан манфаатдор эканини ва минерал ўғитлар терминалини узоқ муддатга ижарага олишни ёки уни яратишга сармоя киритишни мақсад қилганини айтди. Ҳозир бу масала ўрганилмоқда, техник-иқтисодий асослаш ишлари олиб борилмоқда.

2022 йилда Ўзбекистондан Боку порти орқали экспорт-импорт юк ташиш ҳажми 904 минг тоннани ташкил этди, бу 2021 йилга нисбатан 65 фоизга кўпдир. Озиқ-овқат юкларини, жумладан, шакар хомашёси, минерал ўғитлар ва контейнерларни ташиш ҳажми сезиларли даражада ошди.

Мавзуга оид