Жаҳон | 23:22 / 14.10.2024
7734
2 дақиқада ўқилади

Озарбойжон президенти Пашиняннинг тинчлик бўйича таклифини «ҳақиқатдан йироқ» деб атади

Озарбойжон президенти Илҳом Алиев Арманистон билан мунозарали масалаларни ҳал қилмасдан тинчлик битимларини имзолаш вариантини «мутлақо ҳақиқатдан йироқ» деб атади.

Фото: Коммерсантъ

Илҳом Алиевнинг баёноти Белгия элчиси Жюлен де Фрепо билан учрашувда янграган. «Давлат раҳбари тинчлик битимининг барча бандлари бир хил маънога эга, бирини бошқасидан ажратиб бўлмаслигини таъкидлади. Шу боисдан президент Илҳом Алиев Арманистон ҳукуматининг таклифини ғалати ва мутлақо ҳақиқатдан йироқ деб атади», — дейилади хабарда.

Элчи билан учрашувда Илҳом Алиев, шунингдек, Европа Иттифоқи Озарбойжон ва Арманистон ўртасидаги баҳсни тартибга солиш жараёнида нейтрал позицияни сақлаб қолиши кераклигини билдирган. Унинг қўшимча қилишича, чегарадаги «Европа кузатувчилари миссияси» мандатининг узайтирилиши Боку томонидан ишончсизликка сабаб бўлган.

10 сентябр куни Никол Пашинян Ереван Озарбойжон билан тинчлик ўрнатиш бўйича битимнинг 16 та бандидан 13 тасини «имкон қадар тезроқ» имзоланишига тайёр эканини маълум қилганди.

Озарбойжон тинчлик битими доирасида Арманистон ўз Конституциясига ўзгартиришлар киритишини талаб қилмоқда. Унда Арманистон Олий кенгаши 1990 йил 23 августда қабул қилган мамлакат мустақиллиги декларациясига ҳавола бор. Ушбу декларация бошида ўз навбатида, Арманистон ССР ва Тоғли Қорабоғнинг 1989 йилдаги «Бирлашув тўғрисида»ги қўшма резолюциясига ҳавола келтирилган. Ўз навбатида Арманистон Боку билан тинчликка эришиш учун Конституциясини ўзгартиришга тайёр.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид