08:00 / 11.08.2023
2075

Ўзбекистон ва Ҳиндистон қўшма бизнес-форум ўтказишга тайёргарлик кўрмоқда

Ўзбекистон элчиси Дилшод Аҳадов Ҳиндистон Савдо-саноат палаталари федерацияси (FICCI) бош котиби Шалеш Патҳак билан учрашди, деб хабар қилмоқда «Дунё».

Мулоқот чоғида Ўзбекистонда хорижий давлатлар ишбилармон доиралари вакиллари билан ҳамкорлик қилиш, уларнинг инвестициявий фаолияти учун яратилган қулай шароитлар, тақдим этилаётган имтиёзлар ва преференциялар, мамлакатда қўшма лойиҳаларни амалга ошираётган Ҳиндистон компанияларининг муваффақиятли тажрибаси ҳақида батафсил маълумот тақдим этилди.

Икки мамлакатнинг инвестициявий, савдо-иқтисодий, илм-фан, таълим ва туризм соҳаларидаги алоқаларини янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Самарқанд шаҳрида жорий йил 7-8 сентябрь кунлари Ўзбекистон ва БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) томонидан ташкил этилаётган озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича юқори даражадаги халқаро конференция, 16-20 октябрь кунлари бўлиб ўтадиган БМТ Жаҳон туризм ташкилоти Бош ассамблеясининг 25-сессияси, йилнинг ушбу муҳим сайёҳлик анжумани доирасидаги Туризм инвестиция форуми каби халқаро тадбирларда фаол иштирок этишга чақирилди.

Шалеш Патҳак жорий йил 18-20 октябрь кунлари Тошкентда ўтказиладиган 7-тўқимачилик ва мода саноати халқаро кўргазмасида бир гуруҳ ҳиндистонлик тадбиркорларнинг иштирок этиши ҳамда 1 август куни элчихона, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва FICCI вакиллари ўртасида ўтказилган онлайн-мулоқотда эришилган келишувга биноан Ўзбекистон-Ҳиндистон бизнес-форумини уюштириш бўйича тайёргарлик кўрилаётганини маълум қилди.

Top